Ўзбекистон фермерлари кенгашининг мамлакатимиз фермер ва деҳқонларига МУРОЖААТИ

Ҳурматли ва азиз фермерлар!
Бугунги глобал иқтисодий ва экологиявий шароитда дунёда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келиш хавфи ортаётган бир пайтда, қишлоқ хўжалигида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, юқори ҳосил олиш ва озиқ-овқат экинларини кўпайтириш муҳим вазифага айланмоқда. Шу мураккаб шароитда деҳқон ва фермерларимиз барчадан кўра масъулиятли ва фидокорона меҳнат қилмоқда.
Азалдан халқимиз нонни улуғ неъмат сифатида қадрлаб келган. Етиштирилган ҳосилнинг ҳар донасини нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш деҳқон меҳнатининг бир қисми ҳисобланади. Энди эса асосий вазифа — ғалладан бўшаган 900 минг гектар ерларга такрорий экинларни ўз вақтида экиш, юқори ҳосилдорликка эришиш ва аҳоли дастурхонини тўкин қилишдир.
Сўнгги йилларда фермер ва деҳқонларимизнинг самарали меҳнати, илмий асосланган агротехнологиялардан фойдаланиш, бозор механизмларининг кенг жорий қилиниши эвазига соҳадаги иш самарадорлиги ва даромаддорлик ортиб бормоқда. Илгари фойдаланилмаган ерлар ўзлаштирилмоқда, кластерлар билан ҳамкорлик кенгаймоқда.
Фермер ва деҳқонларимиз мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга катта ҳисса қўшмоқда. Ёшларга ер ажратиш бўйича Президентимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаш натижасида қарийб 60 минг гектар ер ажратилиб, тажрибали фермерлар томонидан ёшларга кўмак кўрсатилмоқда.
Бундай ерларда деҳқончилик қилаётган шижоатли, ғайратли ёшларимиз бугун биринчи ҳосилни йиғиштириб олишаяпти ва иккинчи экинни экишни бошлаб юборишди.
Натижада, 200 мингдан ортиқ ёшлар мавсум давомида 10–15 миллион сўм миқдорида даромад олиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Ҳурматли фермерлар!
Бошоқли дон ҳосилини йиғиштириш, ғалладан бўшаган ерлардан самарали фойдаланиш, экспортбоп сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда масъулиятингизни янада ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишингизни сўраймиз:
Биринчидан, етиштирилган бошоқли донни қисқа муддатда, йўқотишларсиз йиғиштириб олиш учун зарур ташкилий ва моддий-техникавий чораларни кўринг;
Иккинчидан,ғалладан бўшаган ерларни сомондан тезкорлик билан тозалаш, шудгорлаш ва экишга тайёрлашни ташкил этинг;
Учинчидан, уруғлик ва кўчат ва шудгорлаш ишларини амалга ошириш учун Фермерлар кенгаши ҳузуридаги Жамғармадан 18 ойга кам фоизли кредит олинг;
Тўртинчидан,ерларни биринчи навбатда ишсизлар, эҳтиёжмандлар, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтаридаги фуқаролар ҳамда самарали томорқачиларга ўртача 20 сотихдан мавсумий ижара асосида беғараз ажратинг ва экиш ишларида амалий ёрдам кўрсатинг;
Бешинчидан,ажратилган ерларда такрорий экинларни тўлиқ экиб, экспортбоп маҳсулот етиштиринг, шу орқали ўзингиз ҳамда мамлакатимиз аҳолисининг даромадини оширишга ҳисса қўшинг.
Бу каби саховатли ва фидокорона ишларингиз Президентимиз томонидан қатор Фармон ва қарорлари билан қўллаб-қувватланиб, солиқ имтиёзлари берилаётганини алоҳида таъкидлаймиз. Шунингдек, туман сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, Фермерлар кенгаши, кластерлар ва экспортёр корхоналар томонидан Сизга зарур ёрдам кўрсатилади.
Айниқса, 15–20 сотих ерда деҳқончилик билан шуғулланаётган фуқаролар ўртача 8–10 миллион сўм даромад олишлари мумкин. Бу орқали сизлар ёшлар, аёллар ҳамда хориждан қайтган фуқароларни иш билан таъминлашда муҳим рол ўйнайсиз.
Азиз ва қадрли фермерлар!
Халқимиз сизларни "ризқ-рўзимиз бунёдкорлари" сифатида ардоқлайди. Сизнинг шижоат ва меҳнатингиз туфайли дастурхонимиз тўкин, бозорларимиз арзон ва турмушимиз фаровон бўлади.
Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фермер ва деҳқонларнинг ўрни беқиёсдир. Биз барчангизни Юртбошимиз ишончини оқлаш, юртимиз равнақи ва халқ фаровонлиги учун ҳалол, сидқидилдан меҳнат қилишга чақирамиз.
Сизларга сиҳат-саломатлик, эзгу ишларингизга қут-барака тилаймиз. Бу йилги мавсумда ҳам улкан хирмонлар барпо этиб,халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши ҳаммамизга насиб этсин!
Ўзбекистон фермерлари кенгаши
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!
Tavsiya etamiz
Tavsiya etamiz

RISHTONDA TURKIYALIK TADBIRKORLAR BILAN HAMKORLIK YO‘LGA QO‘YILMOQDA

Rishton tumani hokimi ishtirokida fuqarolar murojaati tinglandi

Rishtonda xalqaro hamkorlik doirasida yangi loyihalar muhokama qilindi

RISHTON VA JAHON: XITOYLIK INVESTORLAR TUMANIMIZDA

Rishtonlik hojilar “haj” ziyoratidan qaytdilar

Риштонда “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди