Maxsus imkoniyatlar

Ekran o'lchami

50 %

Shrift o'lchami

50 %

Google tarjimon:

Saytni baholash
145
25
Sayt test rejimida ishlamoqda...

52025-12-12 17:05

Судьялар тайёргарлигида янги босқич: касбий қайта тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда

Судья — адолат ва қонун устуворлигининг тимсоли. Мамлакатда судьялар корпусини юксак профессионал ва ахлоқий талаблар асосида шакллантириш, уларни танлаш ва тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьяликка номзодларни тайёрлашнинг янгича касбий қайта тайёрлаш тизими жорий этилади.
Бу тизимда адолатли танлов, амалиёт билан боғланган таълим, замонавий ўқув услублари ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш каби муҳим ёндашувлар белгилаб берилган.
Судьяликка йўл — давлат гранти асосида қайта тайёрлов курсларидан бошланади.
Эндиликда судьялик лавозимига номзодлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Судьялар олий мактабида ташкил этиладиган олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларини давлат гранти асосида ўқиши мумкин бўлади. Ушбу курслар:
Суд ихтисосликлари бўйича;
Илмий-назарий ва амалиётга асосланган;
Давлат бюджети ҳисобидан ташкил этилади.
Қайд этиш жоизки, тингловчилар ўзининг асосий иш жойидан лавозимидан озод қилинади, аммо уларнинг иш ўрни сақланади. Яъни, ўқиш даврида улар маошсиз қолмайдилар, балки судья ёрдамчисининг бир ойлик иш ҳақи миқдорида стипендия олади.
Танлов – албатта шаффоф ва кескин рақобатли тарзда ўтади.
Курсларга қабул қилиниш учун номзодлар бир нечта босқичдан иборат танлов жараёнидан ўтадилар, бунда:
Судьялар олий кенгаши томонидан номзоднинг шаффофлиги, ҳалоллиги ва касбий қобилияти бўйича шахсий ўрганиш;
Психология, чет тили ва суд ихтисослиги бўйича тест синовлари (билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги орқали);
Ёзма имтиҳон ва якка тартибда суҳбат – Судьялар олий кенгаши қошидаги идоралараро комиссия томонидан.
Бу орқали фақат билимли, сидқидилдан ишлашга тайёр ва адолат мезонларига садоқатли номзодлар танлаб олинади.
Касбий қайта тайёрлаш курслари қонунчиликни қўллаш кўникмасининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда “Назария — амалиёт — имитация” дуал таълим шаклида ташкил этилади ва суд мажлисларини реал вақт режимида кузатиш ва судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини берувчи “виртуал суд” машғулотлари жорий этилади.
Янги тизимда ўқув жараёни замонавий методология асосида ташкил этилади. Жумладан:
Дуал таълим шакли жорий этилади — назарий билимлар билан бирга амалиёт устувор аҳамият касб этади;
Деонтологик услубдаги амалий машғулотлар — суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура ва бошқа соҳаларда амалий иштирок этиш;
“Виртуал суд” машғулотлари — реал вақтда суд мажлисларини кузатиш, судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш;
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича махсус дарслар орқали тингловчиларнинг касбий билим ва кўникмалари бойитилади.
Бундай ёндашув судьялик масъулиятини фақат назарий эмас, балки ҳаётий мисоллар ва воқеий жараёнлар орқали тингловчига ўргатади.
Курслар якунида ҳар бир тингловчи:
Судьялар олий кенгаши раҳбарлигидаги идоралараро комиссия олдида якуний аттестация имтиҳони топширади ва муваффақиятли топширганларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.
Сертификатга эга бўлганлар бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу тариқа, касбий қайта тайёрлаш — судья лавозимига қадам қўйишнинг асосий ва шаффоф йўлига айланади.
Шу ўринда тингловчилардан масъулият ва интизом талаб қилинади, самарасиз битирувчилар учун талаб қатъий қўйилади.
Сифатли кадрлар тайёрлашни таъминлаш учун тизимда масъулиятли ёндашув ҳам жорий қилинган. Агар:
Тингловчи курс дастурини ўзлаштирмаса, якуний аттестациядан ўтолмаса, 3 йил давомида ариза топширмаса ёки таклиф қилинган лавозимни рад этса — унда улар стипендия маблағини Давлат бюджетига тўлиқ қоплаб беришлари шарт бўлади.
Бу эса тизимнинг самарадорлиги, маблағ сарфининг мақсадлилиги ва кадрлар танловида интизомни таъминлайди.
Судьялик — нафақат билим, балки юксак инсонийлик, ватанпарварлик, ҳалоллик ва масъулият талаб этадиган касб. Президент Фармони билан жорий этилган янги касбий қайта тайёрлаш тизими, айнан шундай касбий ва маънавий жиҳатдан етук кадрлар корпусини шакллантиришни мақсад қилган.
Бу ислоҳот орқали фақатгина судья эмас — ҳақиқий адолат ва қонун устуворлигининг таъминловчиси бўла оладиган шахслар тайёрланади.

А.Абдуллаев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Риштон туманлараро судининг
судьяси

Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!

Tavsiya etamiz