МАҲАЛЛА “БЕШЛИГИ”НИНГ ТИҒИЗ ИШ КУНЛАРИ

×

 2022-08-13 06:03:09    296

PDF юклаш
Чоп этиш


“Дашт Пандигон” маҳалласи туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашган. Маҳаллада 542 та хонадон бўлиб, уларда 2963 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 1 та умумтаълим мактаби, спорт майдончаси, чойхона, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳоли хизматида.

Маҳаллада ўнлаб тадбиркорлар ҳам борки, улар янги иш ўринлари яратиш баробарида аҳоли, шу жумладан, ёшларнинг ишбилармонлик кўникмалари шаклланишига ҳам кўмаклашиб келмоқда. Бугунги кунда мазкур маҳаллада фаолият юритаётган “бешлик” – МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори ҳамжиҳатликда, бамаслаҳат иш олиб бормоқда.

РАИСЛИК КАТТА МАСЪУЛИЯТ

“Дашт Пандигон” маҳалла фуқаролар йиғини биносига кириб борганимизда мазкур маҳаллада фаолият юритаётган “бешлик” бизни самимият билан кутиб олди.

- Маҳалла раиси бўлиш бу - жуда катта масъулият, - деди МФЙ раиси А.Ҳусанов. - Ислоҳотларни ҳар бир хонадонга кириб боришида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори билан бир қатор қатор мен ҳам жавобгарман. Ана шуларни ўйлаган ҳолда ушбу “бешлик” бир ёқадан бош чиқариб ишлаб келяпмиз. Бизга яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланишимиз лозим. МФЙ раисининг ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари жойлашган бино тўлиқ таъмирдан чиқарилди. МФЙ раисининг ҳар бир куни тиғиз десак муболаға бўлмайди.

ТИНИБ-ТИНЧИМАС “ЁРДАМЧИ”

Туман ҳокимининг маҳаллалардаги ёрдамчилари бугунги кунда аҳолининг чинакам кўмакчисига айланиб бормоқда. Хусусан, 3-секторга қарашли “Дашт Пандигон” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жўрабек Ҳамралиев фаолиятидан маҳалла аҳли мамнун. Уни маҳаллада тиниб-тинчимас “ёрдамчи” деб аташади.

Жўрабек шу кунга қадар ушбу маҳалладаги 230 нафар фуқарони иш билан таъминлади. Жумладан, Нигорахон Умаровага тикувчилик цехи очиши учун 28 миллион сўм имтиëзли кредит ажратиб берилишида ҳоким ёрдамчисининг ҳиссаси катта бўлди. Натижада маҳалладаги янги чевархонада 6 та  янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчисининг ташаббуси билан Ниëзбек Камолдинов кулолчилик цехи очди ва 4 нафар қишлоқ ëшларини доимий иш билан таъминлади.

- Айни пайтда маҳалламиз аҳли ва ишсиз ёшларга Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан хурсандман, - деди Назокатхон Эгамова. – Яратиб берилаётган шундай шароит ва имкониятларга жавобан астойдил ишлаб, эл-юртга фойдам тегишини хоҳлайман,

ЁШЛАРНИНГ БОШИНИ ҚОВУШТИРИБ

Ўзбекистон - ёшлар мамлакати. Шу боис, юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси ва камолотига алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқининг муносиб турмуш шароитида яшаши ва халқаро майдондаги мавқеининг мустаҳкамланиши ёшлар таълим-тарбияси ҳамда келажагига қаратилаётгани билан бевосита чамбарчас боғлиқ. Шу боис мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси фаолият юритиб келмоқда.

Маҳалла ватан ичра кичик ватан ҳисобланади. Демак, маҳалладаги ёшларни рози қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга барча бирдек масъул. Зотан, ёшлар етакчиси маҳалладаги ёшларнинг энг яқин суянчиғи, ишончли ҳамкори, самимий маслаҳатгўйи, чин дўстига айланмоғи керак.

Айнан шу ақидага амал қилиб фаолиятини бошлаган “Дашт Пандигон” МФЙ ёшлар етакчиси Баҳромжон Тожибоев бугунги кунда ёшларнинг суянчиғига айланган. Маълум бўлишича, ушбу маҳаллада 14-30 ёш тоифадаги 630 нафар ёшлар мавжуд бўлиб, хатлов натижаларига кўра 36 нафар ишсиз ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди.

Ушбу китобга киритилиб, имтиёздан фойдаланиб, даромад манбаига эга бўлган ёшлардан бири Наврўзбек Абдураимовдир. Наврўзбек авваллари Россия федерациясига ишлаш учун борар эди. Энди унга субсидия асосида пайвандлаш аппарати берилди. Ҳозирги кунда у доимий даромадга эга бўлди. “Ёшлар дафтари”га киритилган Камронбек Муқимовнинг ўқиш учун эса тўлов шартномасининг 50 фоизи тўлаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, маҳалладаги ёшлар етакчиси исми-жисмига мос равишда фаолият олиб бормоқда.

АЁЛЛАР МАСЛАКДОШИ

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, барқарор ривожланиш барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. “Дашт Пандигон” маҳалласида фаолият юритаётган хотин-қизлар фаоли Минаввархон Юнусова бугун аёлларнинг чин маънодаги маслакдоши, кўмакчисига айланган.

Шу ўринда айтиш жоизки, йил бошида маҳаллада 230 нафар ишсизлар борлиги қайд этилган бўлса, шундан 51 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Йиғинда кўрилган зарур чора-тадбирлар туфайли 10 нафар аёллар ишли бўлишди.

Масалан, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва субсидия асосида тикув машинасига эга бўлган Гулираъно Жалолова ўзи даромад манбаига эга бўлишдан ташқари, устоз-шогирд анъанаси тамойили остида 3 нафар аёлнинг бандлигини таъминлади. Хотин-қизлар фаоли шунингдек, оилалардаги ажримларни камайтириш мақсадида фаоллар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.

ЖИНОЯТЧИЛИК ЖИЛОВЛАНГАН МАҲАЛЛА

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жиноятчиликка қарши кураш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Ана шу маънода бугунги кунда ўзига юклатилган вазифаларни самарали бажаришда, ҳудудда криминоген вазиятни ўрганиб, таҳлил қилиб боришда профилактика инспектори зиммасига катта масъулиятлар юкланган.

“Дашт Пандигон” маҳалласида фаолият юритаётган профилактика инспектори лейтенант А. Расулов ўз ишини пухта бажараётгани ва профилактик ишларни тўғри йўлга қўяётгани туфайли “Дашт Пандигон” МФЙ жиноятчилик жиловланган маҳаллалар қаторига кирди. Бу борада “бешлик”нинг ҳамкорликда иш олиб бориши самара бермоқда.

Хулоса шуки, “Дашт Пандигон” маҳалласида яшовчи аҳоли ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнунлик билан Мустақиллик байрамини қаршиламоқдалар. 

Аброр ДЕҲҚОНОВ,

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ.

 



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 15 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб