Ҳар гектаридан – 50 центнер!

×

 2021-09-21 06:03:17    456

PDF юклаш
Чоп этиш


Риштон туманининг Қайрағоч қишлоғида уста пахтакор, асл деҳқонлар кўп. Меҳнат Қаҳрамони Ортиқбой Боййигитов, Ҳасанбой Боййигитов ҳамда Йўлчибой Ҳолиқовлар ана шулар жумласидан. От изини той босар деганларидек, бундан уч йил аввал нафақага чиққан Йўлчибой “Меҳнатобод” МТПга ҳудудидаги “Холиқов Йўлчибой” фермер хўжалигини қизи Гулираънога топширди. Боиси, Гулираъно болалигидан отасининг ёнида юриб, деҳқончиликда кўзи пишган, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг агрономия йўналишида таълим олаётган эди.

– Аслида далада туғилганман, десам адашмайман, – дейди Гулираъно юзида ним табассум билан. – Чунки ҳовлимиз даланинг бошида. Уйдан кўчага чиқсам йўлнинг нариги томони дала. Пахтачилик бўйича амалиётни шу кенг далаларда ўтганман. Устозим – дадам. Билмаганимни сўрасам ўргатишдан чарчамайдилар. Гарчи олий маълумотли мутахассис-агроном бўлсам-да, дадамнинг тажрибасига муҳтожлик сезаман. Бу йил ўқишни битириб институтга агрономия йўналиши бўйича давлат гранти асосида магистратурага қабул қилиндим. Уч йил аввал дадам бошлиқ фермер хўжалиги туманда биринчилардан бўлиб пахта тайёрлаш шартномавий режасини бажаргани учун кластер раҳбарияти томонидан “Дамас” енгил автомашинаси берилди. Ўшанда дадамнинг хурсандчилигини кўриб, рости, кўзларимдан ёш чиқиб кетган.

Фермер хўжалиги бу йил ҳам “Ruso,zbekteks” кластери билан шартнома имзолаб, 31 гектар майдоннинг гектаридан 45 центнерлик маррани кўзлаган. Пахта йиғим-терими бошланганига 7 кун бўлди. Ҳар куни йиллик режага нисбатан 10-12 фоиздан ошириб пахта териб топшириляпти.

Фермер хўжалиги аъзоларини ҳам, қишлоқдаги ҳиммати баланд уюшмаган аҳоли вакилларини ҳам бугун шу ердан топасиз. Кечагина 6 гектарли ердаги пахта териб олинди. Натижаси эса жуда қувонарли. Ҳар гектаридан биринчи теримдаёқ ҳосилдорлик 43 центнерданни ташкил этди.

Бугун терилган пахта заводга топширилса шу заҳоти пули бериляпти. Теримчилар эрталаб пайкалга кириши олдидан кечаги терган пахтаси учун ҳақ оляпти. Турдихон Ҳасанова, Мавжудахон Ҳошимова сингари теримчилар кунига 200 килограммга етказиб пахта теришяпти.

Зайлобиддин

ЙИГИТАЛИЕВ.

Суратда: (ўртада) фермер Гулираъно Холиқова теримчилар билан.

Суратни муаллиф олган.

 



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 15 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб