РИШТОНДА ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР ҲУНАРМАНДЧИЛИГИ ФОРУМИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

×

 2023-05-13 14:25:29    247

PDF юклаш
Чоп этиш


Риштондаги “Халқаро кулолчилик маркази”да анъанавий “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” мавзусидаги Халқаро Форум ўз ишини бошлади.
Республикамиз барча ҳудудларидан, Марказий Осиё давлатларидан, Туркия ва Озарбайжондан, шунингдек, Франция, Исроил, Чехия ва бошқа давлатлардан келган моҳир уста кулоллар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар иштирокида ўтказилаётган Форумни вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов очиб берди. Очилиш тадбирида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ҳам сўз олди.
Тадбирда Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда қадимий ва бой анъаналарга эга ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида кўп асрлик тарихга ва анъаналарга эга Риштон кулолчилиги ҳам замон талаблари асосида жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди. Сўнгги йилларда Риштон кулолчилиги саноат даражасига чиқиб, хорижга экспорт кўлами ҳамда географияси кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Риштон тумани кулолчиликда халқаро алоқаларни ҳам йил сайин ривожлантириб бораётгани, ноёб сополлари ва кошинлик санъати билан дунёга машҳур Италиянинг Дерута шаҳри, Япониянинг кулолчилик маркази Масико шаҳарчаси, Туркиянинг чинничилик ҳамда кулолчилик анъаналари билан машҳур Изник тумани билан ҳамкорлик ўрнатилганига эътибор қаратилди.
Форум очилиш тадбирида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида нашр этилган “Анъанавий Риштон кулолчилиги” китоб-альбоми тақдимоти ҳам ўтказилди. Китоб-альбомнинг биринчи нусхаси муаллифлар ва китоб-альбомга киритилган Риштоннинг халқ усталари дасхатлари билан Фарғона вилояти ҳокимлигига топширилди.
Форум ўз ишини “Риштон кулолчилиги: Кеча, бугун, эртага” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция билан давом эттиради.


<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 107 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб