РИШТОНЛИК УСТОЗЛАР КАСАБА УЮШМАСИ КУБОГИ СОҲИБИ БЎЛДИ
2023-03-17 05:46:43 358
Кеча вилоятимиздаги “Само” спорт мажмуасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ижроия қўмитаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган Касаба уюшмаси кубоги спорт мусобақаларининг вилоят босқичи кўтаринки кайфиятда ўтказилди.
Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев, вилоят халқ таълим бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимовлар иштирок этдилар.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақа якунига кўра стол тенниси баҳсида эркаклар ўртасида 1-ўрин Учкўприк тумани 56-мактаб ўқитувчиси Диёрбек Миролимовга, аёллар ўртасида Фарғона шаҳар 21-мактаб ўқитувчиси Нилуфар Сулаймоновага омад кулиб боқди.
Шашка мусобақасида ғолиблик эркаклар ўртасида 1-ўрин Олтиариқ тумани 42-мактаб ўқитувчиси Шерзод Турдибоевга, аёллар ўртасида эса Фарғона тумани 58-мактаб ўқитувчиси Маҳлиё Тошпўлатовага насиб этди
Миллионлар ўйини бўлган футбол мусобақасида Фарғона шаҳар жамоаси барча рақибларини енгиб ғолибликни қўлга киритди.
Ақл гимнастикаси ҳисобланган шахмат мусобақасида эркаклар ўртасида 1-ўрин Қува туман 2-мактаб ўқитувчиси Умиджон Сотволдиевга, аёллар ўртасида бахсда шу туманнинг 64-мактаб ўқитувчиси Гулхумор Абдураимовага ғолиблик насиб этди.
Волейбол мусобақасида Риштон туманидан ташриф буюрган аёллар жамоаси финалда ғалаба қучиб, мусобақа ғолибига айланди.
Касаба уюшмаси кубоги эса энг юқори кўрсаткични қўлга киритган Риштон тумани устозларига насиб этди. Шунингдек уларга 30 миллион сўм пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси