Муаллим фидойи ва ташаббускор бўлиши керак

×

 2022-09-28 05:55:40    400

PDF юклаш
Чоп этиш


Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва ибратли ишлари билан қадр топади. Орамизда яна шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, бутун меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.Туманимиздаги 26-умумий ўрта таълим мактаби Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шаҳодатхон Миразизова ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади. Ўз касбининг етук билимдони, ёшларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун сидқидилдан меҳнат қилаётган Ш. Миразизованинг олиб бораётган ибратли фаолияти алоҳида эътирофга сазовор.1988 йилда Хўжанд давлат педагогика  институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини 11-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. Мана 34 йилдирки, у касбининг етук мутахассиси сифатида самарали меҳнат қилиб, ўқувчиларга таълим ва тарбиядан сабоқ бериб келмоқда. Ўтган шу давр мобайнида минглаб ўқувчиларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматлари катта бўлди.Эътироф этиш керакки, Шаҳодат опа  меҳнат фаолияти давомида доим изланди, ўз устида ишлади, ўқиди, ўрганди. Иш жараёнида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий тавсияномалар ишлаб чиқди.  Бугун Ш. Миразизова касбининг етук мутахассиси, моҳир ва фидойи ўқитувчи, 3 нафар фарзандни камолга етказаётган ибратли оила бекаси сифатида, қолаверса, ташаббускор, интилувчан ва ташкилотчилиги билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик орасида ҳурмат-эътибор топди.Фидойи, тиниб-тинчимас устоз ўқувчиларга пухта билим бериш билан бирга уларни миллий қадриятларимиз, истиқлол ғояларига, қадим тарихимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратади. – Билимли, юксак салоҳиятли ва баркамол авлодни тарбиялаш биз педагогларнинг зиммасидаги энг муҳим вазифа, – дейди Ш. Миразизова. – Ана шу вазифани бекаму кўст адо этиш учун муаллим фидойи ва ташаббускор бўлиши керак.Дарҳақиқат, ҳар бир касб, айниқса таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Кимки ўз ишига меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, эл-юрт орасида қадр топади, шогирдларининг ҳурмат-эътирофига сазовор бўлади. Ш. Миразизова ана шундай қадр ва эътироф топа олган фидойи замондошларимиздан биридир.

Махпиратхон ИСМАТОВА,
Маҳбубахон  МАХСУДОВА.


<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 8 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб