КОРРУПЦИЯ КЕЛАЖАККА ТАҲДИД!!!
2022-09-19 15:05:11 437
Маълум бир давлатда келажакка бўлган ишончи ушбу давлат ривожланишига ва халқининг ҳаёт даражаси ўсишига таъсир этувчи омиллардан бири сифатида мазкур мамлакатда коррупция бўлмиш иллатга нисбатан қарши курашиш қай даражада ташкил этилганлиги билан баҳоланади.
Хусусан, давлатда порлоқ келажак яратишда ушбу давлат халқида коррупциянинг маъноси, унинг турлари ҳақида, коррупцияга дуч келинган вазиятда қандай ҳаракатлар қилиниши лозимлиги ҳақида етарлича билимлар борлиги муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, давлатнинг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини ташкил этиши борасидаги вазифаси мамлакатда коррупцияга қарши курашиш чораларини ўз норматив ҳуқуқий ҳужжатларида акс этилиши ва ушбу соҳада тегишли давлат идораларининг фаолиятини ташкил этилиши билан ифодаланади.
Хўш, давлат ва жамият ривожига, унинг келажагига таҳдид соладиган коррупция ўзи нима? У қондай ҳолатларда намоён бўлади? - деган саволлар ва уларга жавобларни қуйида ёритиб ўтамиз.
Коррупция – лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузиш”, “сотиб олиш”, “порага сотилиш” маъноларини англатади.
Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишда намоён бўлади.
Коррупция ўз ўрнида манфаатлар тўқнашуви натижасига юзага келади.
Манфаатлар тўқнашуви эса — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият ҳисобланади.
Коррупция ҳал этилиши лозим бўлган дунё миқёсидаги глобал муаммолардан биридир. Коррупция натижасида ҳар қандай давлат ва жамият ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланишига путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига асос бўлади.
Коррупцияга қарши курашиш дунё миқёсида муҳим аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган бўлиб, бу борада кўплаб халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Ушбу ҳужжатлардан бири сифатида Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 2003 йил 31 октябрда қабул қилган “Коррупцияга қарши конвенцияси”ни келтириш мумкин. Ушбу конвенцияни ишлаб чиқишда 130 дан ортиқ давлат жалб этилган. Ўзбекистон Республикаси томонидан ушбу конвенция 2008 йил 7 июлда ратификация қилинган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида мамлакатнинг ривожланиш сари келажагига таҳдид бўлган коррупцияни олдини олиш, коррупция билан муросасиз курашиш борасида кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, махсус ваколатли давлат идоралари ташкил этилган. Хусусан, Президентимизнинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган. Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, давлат ва жамият келажагига бўлган таҳдид коррупцияни олдини олиш, коррупция билан муросасиз курашиш нафақат давлат идоралари ва ташкилотлари билан чекланиб қолмаслиги, балки жамиятдаги ҳар бир инсоннинг ва жамоат ташкилотларининг ҳаракатлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, фуқароларнинг ўз салоҳиятлари устиларида ишлашлари, ўзларининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрганишлари ва уларни рўёбга чиқаришда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳаракат қилишлари, давлат ва жамият ҳаётидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ўзларининг таклифларини беришлари ва ташаббус билан чиқишлари, ушбу таклиф ва ташаббусларини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширишлари орқали коррупцияга қарши курашишда ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Зеро, тараққиёт кушандаси бўлмиш коррупцияга қарши курашиш орқали ҳар бир фуқаро Ўзбекистоннинг порлоқ келажагига, унинг ривожига ва катта ҳисса қўшган бўлади.
Умиджон Эргашев,
Риштон туманлараро иқтисодий суди раиси
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси