БИТИМЛАР ТУШУНЧАСИ

 2020-02-04 17:30:34    3752

PDF yuklash
Chop etish


Маълумки, битимлар шахслар ўртасидаги фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган ҳаракатлар натижасида юзага келади. Битимларнинг ҳуқуқий мақоми фуқаролик ҳуқуқи, қолаверса, хусусий ҳуқуқнинг асосий институтларидан бири ҳисобланади. Бу тасодиф эмас, зотан аксарият фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг пайдо бўлишида ушбу институтнинг ўрни беқиёс. Ҳар қандай битим шахсларнинг эрки-иродаси билан боғлиқ бўлиб, маълум бир ҳуқуқий оқибат туғдиришга қаратилади ва муайян шаклда изҳор этилади. Битимларни тузувчилар фуқаролик ҳуқуқининг субъекти бўлиб, уларда ушбу битимни тузиш эркининг мавжудлиги ва бу эрк ҳуқуқий оқибатлар туғдиришга қаратилганлиги ҳамда маълум шаклда изҳор қилинганлиги мазкур тушунчани битим деб баҳолашга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (ФК) 101-моддасига кўра, битимлар деб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган ҳаракатларга айтилади.

Битим ва шартнома ўртасида муайян бир фарқлар мавжуд. Битим тўғрисида ФКнинг 101-моддасида берилган таърифда у битим тузувчиларнинг ҳаракатларидан иборат эканлиги белгиланган. Шартнома эса ФКнинг 353-моддасига асосан икки ёки бир неча шахснинг келишуви натижасида юзага келади. Демак, шартнома ва битим ўртасидаги фарқлардан бири шундаки, битим ҳаракатдан келиб чиқса, шартномада ушбу ҳаракатнинг ўзи кифоя бўлмай, икки ёки ундан ортиқ шахснинг келишуви ҳам талаб этилади.

Битим муайян бир ҳуқуқий оқибат туғдириши, унинг воситасида ҳуқуқий натижага эришилиши билан бошқа юридик фактлардан фарқланади ва шу сабабдан битимни «эрк баённомаси», деб ҳам аташ мумкин. Тўғри, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам муайян ҳуқуқий оқибат, натижа келтирувчи ҳужжатлар қабул қилади, лекин уларда айнан эрк мухторияти - иштирок этувчиларнинг умумий хоҳиш-иродаси мавжуд эмас ва уларга нисбатан битимлар тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилмайди.

М.В.Кротовнинг фикрича, битимнинг мазмунини қуйидаги белгилар ташкил этади:

1. Битим — эрк-иродани ифодаловчи ҳужжат;

2. Битим ҳақиқий ҳаракат натижасида юзага келади;

3. Битим фуқаролик — ҳуқуқий муносабатни вужудга келтириш, ўзгартириш ва бекор қилишга махсус йўналтирилган бўлади;

4. Битим фуқаролик қонунчилиги

билан тартибга солинувчи ҳуқуқий муносабатни юзага келтиради.

Битимлар фуқаролик ҳуқуқи фанида маълум бир белгилари бўйича туркумланади. Масалан, эркнинг ифодаланишига қараб бир, икки ёки кўп томонлама битимларга бўлинса, муқобил ижронинг бўлиш-бўлмаслигига қараб, ҳақ бараварига ва текинга тузиладиган битимларга, қай пайтдан эътиборан тузилган, деб ҳисобланишига қараб эса консенсуал ва реал битимларга бўлинади. Биз учун энг муҳими, битимларнинг эркнинг ифодаланишига қараб туркумланиши бўлиб, бунда битим ва шартноманинг муайян даражада фарқлари кўринади. Бу ерда фарқ умумий маънода эмас, аксинча, шартнома ҳам битимнинг бир тури, лекин мазкур туркумлаш орқали бошқа битим турларидан шартноманинг ажралиб турувчи хусусиятлари яққол намоён бўлади.

Битимлар бўлиши учун мезон эрк-ироданинг ифодаланишидир, шартномаларда эса ҳуқуқ ва мажбуриятлар ифодаланади. Битим фақат бир томоннинг эрки билан вужудга келиши мумкин, шартномада эса бир томоннинг эрки кифоя қилмайди, бу ерда албатта келишув бўлиши талаб этилади.

Илмий-техника тараққиёти ҳам шартномавий муносабатларнинг янгидан-янги турларини вужудга келтирмоқда. Масалан, амалдаги ФКдан ташқари, бошқа қонунларда концессия, маҳсулот тақсимотига оид битим каби янги шартномалар назарда тутилди. Электрон воситалар орқали, биржаларда шартномалар тузиш бўйича янгидан-янги нормалар вужудга келди. Лекин, шунга қарамай, мамлакатимизда ҳозирда мавжуд бўлган барча фуқаролик қонун ҳужжатлари шартномаларнинг ҳамма турларини қамраб олган, деб бўлмайди. Масалан, нотижорат ҳамкорлик, биргаликдаги фаолият бўйича, дистрибьютерлик шартномалари, айрим турдаги лицензия шартномалари, толлинг, консигнация, логистика, фьючерс битимларининг ҳуқуқий асослари мамлакатимиз қонунчилигида анчайин заиф ёхуд деярли ишлаб чиқилмаган. Бироқ, бизда бундай шартномалар тузилиши, ижро этилишига ҳеч қандай монелик йўқ. Мамлакатимиз қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномалар бўйича ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб тарафлар судларга мурожаат қилишга ҳақлидирлар. Бунда вужудга келадиган низолар умумий тартибда ҳал этилади. Айни вақтда шуни ҳам унутмаслик лозимки, қонунда назарда тутилмаган шартномаларни тузиш ҳуқуқи мутлақо чегарасиз эмас, у муайян доирага эга.

Шартномаларга ҳам ФКнинг 9-бобида назарда тутилган икки ва кўп тарафлама битимлар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади (ФК 353-моддасининг иккинчи қисми). Ушбу нормада шартнома ва битим ўртасидаги нисбат берилган. Ушбу нисбат қадимги Рим цивилистларининг «ҳар қандай шартнома битимдир, бироқ ҳар қандай битим шартнома эмас», деган қарашида яққол ифодаланган. Битимлар доираси шартнома доирасига нисбатан кенгроқдир. Бир тарафлама битимлар ҳеч қачон шартнома ҳисобланмайди. Айни вақтда икки ва ундан ортиқ тарафлар эрки-иродаси бир йўналиш бўйича кетган, бир объектга йўналтирилган бўлмаса (масалан, эр-хотин васиятномаси), шартнома тусини олади. Битим — бу ҳаракат. Агар бир неча субъектлар ҳаракатлари муайян доирада учрашса (тўқнашса эмас) ва ўзаро келишув тусини олса, у шартнома шаклига киради. Кўп томонлама битимларни шартнома сифатида эътироф этиш фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни соддалаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Бунда битимлар тўғрисидаги жуда кўп нормаларни шартномалар тўғрисидаги нормаларда айнан механик равишда такрорлашга ҳожат қолмайди. Тўғри, айрим муаллифлар битим ва шартнома ўртасида муайян фарқлар мавжудлигига ҳам урғу берадилар. Масалан, Б.Пучинский фикрича, шартноманинг роли ва функцияси анъанавий равишда тушуниладиган битимга нисбатан анча кенг, шартнома нафақат ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилайди, балки субъектлар томонидан мазмуни келишувда мужассамланган муайян предметли ҳаракатларни содир этишни назарда тутади, шартнома нима рўёбга чиқарилиши лозимлигини ва тарафлар ҳаракатларини содир этишга қандай юридик талаблар қўйилишини белгилайди.

Битим ва шартнома ўртасида тафовутлар бор, бироқ бу тафовут умумийлик ва алоҳидалик категориялари ўртасидаги фарқлар билан боғлиқ, холос. Бинобарин, кўп томонлама битимлар тўғрисидаги нормаларни шартномаларга нисбатан жорий этиш тўғрисидаги ФКнинг кўрсатмаси (ФК 353-моддасининг иккинчи қисми) ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар қандай битим шахсларнинг эрки-иродаси билан боғлиқ бўлиб, муайян ҳуқуқий оқибат туғдиришга қаратилади. Битимда фуқаро ва ташкилотларнинг маълум моддий ҳамда маданий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган эрклари ифодаланади.

Битим шахсларнинг эрки билан боғлиқ бўлган, уларнинг иродасидан келиб чиқадиган ҳаракат бўлганлиги туфайли, унда ифодаланган эрк изҳор қилиниши, яъни бошқа шахсларга билдирилиши лозим.

Битим тузиш натижасида муайян ҳуқуқий оқибат туғдириш учун битим тузувчи шахслар унда ўз эркларини ифодалашдан ташқари муайян ҳаракатни қилишлари лозим бўлади. Бу ҳаракат шарт қилинган ишни бажаришга, хизмат кўрсатишга, маълум мулкни топширишга ёки маълум пулни тўлашга қаратилган бўлиши мумкин.

И.Б.Зокировнинг фикрича, битим атамаси уч маънода: юридик факт; бирон-бир юридик фактга асосланган, моддий ёки номоддий манфаатлар тўғрисидаги ҳуқуқий муносабат; шахслар (фуқаролар ва ташкилотлар) нима тўғрисида ўзаро келишсалар, шуни акс эттирувчи, ифодаловчи ҳужжат маъносида ишлатилади.

Битимлар учун қуйидаги шартларнинг бўлиши муҳимдир:

а) битим тузувчи шахс фуқаролик

ҳуқуқининг субъекти ҳисобланиши;

б) муайян битимни тузувчи шахсда бу

битимни тузиш эрки бўлиши ва бу эрк маълум ҳуқуқий оқибатлар туғдиришга қаратилган бўлиши;

в) шахснинг эрки муайян юридик факт ҳисобланган ҳаракатда ўзининг ташқи ифодасини топиши, яъни маълум шаклда изҳор қилинган бўлиши керак.

Битимни туркумлаш жараёнида бир битимнинг турли жиҳатлари эътиборга олинади. Бунда эркнинг ифодаланиши, муқобил ижро ҳамда тузилган муддати ва бошқа омиллар асос қилиб олинади. Бир турга мансуб битимнинг хусусияти бошқа туркумга хос жиҳатни ҳам қамраб олиши мумкин. Масалан, мулк ижараси шартномаси консенсуал характерни ўзида ифода этадиган, ҳақ бараварига тузиладиган икки томонлама битим ҳисобланади. Ушбу ҳолатдан кўриниб турибдики, мулк ижарасининг ҳуқуқий белгилари хусусида тўхталганда, ундаги тарафлар эркининг ифодаланиши, муқобил ижронинг мавжудлиги ва битимнинг юридик кучга кириш муддатига эътибор қилинмоқда.

 У. Эргашев            

Риштон туманлараро

иқтисодий суди судьяси         



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab