ЭЪТИРОЗЛАРНИНГ БАРИ ЎРИНСИЗ

 2020-01-18 09:58:17    878

PDF yuklash
Chop etish



(Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг расмий муносабати)

Ижтимоий тармоқдаги @sizdantelegram каналида эълон қилинган “Поликлиникамизда малакали шифокорлар етишмайди” сарлавҳали фотомурожаат вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Риштон туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари иштирокида ўрганилди.

Исми ошкор қилинмаган муаллиф йўллаган мурожаатдаги суратлар  остига қуйидаги фикрлар илова қилинган: “Фарғона вилояти Риштон туманидан ёзмоқдамиз. Поликлиникамизда малакали шифокорлар етишмайди, касаллар эса кундан-кунга кўпайяпти. Аптекачилар – шифокорларнинг ҳомийси. Шифокорлар кўпинча касалнинг ҳолатидан қатъий назар, аптекачида бор дориларни ёзади. Шифокорлар иш вақти иш жойида бўлмаслиги ҳам кўп учрайди…”

Мурожаатчи юборган сурат ҳақиқатан ҳам Риштон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг кириш жойи ва коридорида олинган бўлиб, ўрганиш давомида келтирилган эътирозларнинг бирортаси тасдиғини топмади.

Маълумот учун айтиш зарурки, кўп тармоқли марказий поликлиника 2 сменада ишлайди. Бу ерда штат бирликлари бўйича врачлар етишмовчилиги мавжуд эмас. 77 нафар олий маълумотли, турли мутахассисликдаги врачлар фаолият юритади. Поликлиника иш қуввати 700 қатновга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда бир кунда ўртача 550-600 нафар беморлар мурожаат қилиб келишмоқда. Бу дегани, поликлиникада тирбандлик ҳолатлари юзага келмайди. Қолаверса, туман ҳудудида яна 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 6 та қишлоқ варачлик пунктлари аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Кўп тармоқли марказий поликлиникада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан тор доирадаги мутахассислар, яъни, педиатр, невропатолог, стоматолог, офтальмолог, отоларинголог, дерматовенеролог, хирург, эндокринолог, гинеколог, УТТ врачларидан иборат  2 та гуруҳ тузилган бўлиб,  улар навбати билан тасдиқланган жадвал асосида ҳудудларда аҳоли ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш билан шуғулланишади.

Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли буйруғига асосан 1 нафардан хирург, офтальмолог, стоматолог, невропатолог, отоларинголог, дерматовенеролог ҳамда терапевт мутахассислари туман мудофаа ишлари бўлимида ташкил қилинган чақирув комиссиясига вақти-вақти билан жалб этилади.

Юқоридаги мутахассислар тиббий кўрикка кетган вақтда ҳам кўп тармоқли марказий поликлиникада барча мутахассисликдаги врачлар тўлиқ фаолият кўрсатади. Бирорта бемор сарсон бўлиб қолишига йўл қўйилмайди.

Мурожаатчи томонидан шифкорларнинг дори ёзиши бўйича билдирилган фикрлар ҳам ўринсиз экани маълум бўлди. Чунки, кўп тармоқли марказий поликлиника қошида “Ижтимоий дорихона” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унда барча зарур дори воситалари мавжуд. 

Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан барча шифокорлар рецепт ёзиб беришда махсус бланкалардан фойдаланади. Мазкур жараён раҳбарият томонидан қатъий назоратга олинган бўлиб, беморларни маълум бир дорихонага атайлаб юбориш ҳолатлари кузатилмаган. Бу борада поликлиника ва тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига беморлар томонидан оғзаки ва ёзма шикоят қилинмаган.

Ўрганиш жараёнидан шундай хулоса қилиш мумкинки, исми сир сақланган мурожаатчининг барча эътирозлари ўринсиз.

Агар мазкур фуқарода тиббиёт ходимлари фаолияти юзасидан асосли эътироз бўлса, турли ижтимоий тармоқларга ёзишдан кўра туман тиббиёт барлашмаси ёки вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларига мурожаат қилганида – энг оқилона ва тўғри иш бўларди.

 

Фарғона вилояти Соғлиқни

сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 8 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab