Буюк ва муқаддас Ватанимиз мадҳияси

 2019-12-12 05:09:50    1219

PDF yuklash
Chop etish


10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун.

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.

Миллий мадҳиямиз муаззам садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, йирик халқаро анжуманлар, тинчлик ва дўстлик келишувларида, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.

Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.

Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, «Серқуёш» сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.

Бу улуғвор қасидани тинглаганда, куйлаганда беихтиёр энг жўшқин, умидбахш туйғулар жунбушга келади. Кўз олдимизда эзгу ниятлари ўзига эш халқимиз, она-Ватанимизнинг таровати, бой тарихи, саодатли бугуни ва буюк келажаги намоён бўлади.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради.
Демак истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.

 

Риштон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab