“ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИНИНГ КУЗГИ МАВСУМИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК!

×

 2023-10-18 16:48:30    222

PDF yuklash
Chop etish


Риштон тумани маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг туманимиз аҳолисига

МУРОЖААТИ

 

Азиз риштонликлар!

Маълумки, Ер сайёраси – башариятнинг ягона Ватани. Ер – ҳаёт манбаи. Инсон ҳаёти учун нимаики зарур бўлса, барчасини бизга мана шу саховатли замин инъом этади. Афсуски, бугун сувдан, тупроқдан нотўғри фойдаланиш, экологик жиҳатдан зарарли технологияларни қўллаш оқибатида сайёрамизда иқлим ўзгариб, биохилма-хиллик йўқолиб бормоқда. Ер юзидаги 8 миллиарддан ортиқ инсониятнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган  учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, 25 октябрдан  1 декабрга қадар  юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Жорий йилнинг баҳор мавсумида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида туманимиз бўйлаб жами 546,1 минг донадан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилган бўлса, куз мавсумида 24 турдаги  375 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган. Бундан ташқари, 0,5 гектар ер майдонида ҳокимлик боғи, 0,5 гектар ер майдонида яшил белбоғлар ташкил этиш режалаштирилган.

Шу ўринда риштонликларни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга, бу умуммиллий ҳаракатнинг натижасини ҳар бир маҳаллада кўрсатиб, ҳавас билан бу савобли ишда иштирок этишга чақирамиз. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик билан ҳаракат қилсак, энг аввало Президентимиз бошлаган эзгу ташаббусни туманимизда Республикамиз ҳудудлари орасида энг намунали қилиб бажарамиз, қолаверса, юртимизнинг экологик тозалигига, яшиллигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Бунда барча даражадаги раҳбарларни, маҳалла фаолларини, жамоат арбобларини, нуронийларни, санъаткор ва спортчиларни, журналист ва блогерларни алоҳида ўрнак кўрсатишга чорлаб қоламиз. 

 

Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда  маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

 

Муҳтарам нуронийлар!

Туманимиздаги 11 мингга яқин нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.

Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, 11 минг янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири ўз ёнига фарзанд-набираларини жалб қилса, бу рақам бир неча баробарга ошади.

 

Қадрли зиёлилар!

    Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.

    Сиз каби зиёлилар ҳамда спортчиларга Риштон ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.

   Шундай экан, туманимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!

 

Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир!

Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Айни вақтда, “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир.

 

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!

Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.

 

Қадрли юртдошлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

 



<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 112 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab