Маъмурий судлар ҳақиқий халқ судига айланмоқда

 2023-09-11 11:38:09    227

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳамда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг мақсадларига эришиш давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратишни, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг самарали ва қонуний фаолиятини ташкил этишни талаб қилади.

Бу борада маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва «мобил бошқарув аппарати»ни яратиш асосий масалалардан биридир.

Шу жиҳатдан, Президентимизнинг 2021 йил 22 ноябрдаги «2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Маъмурий юстиция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида жорий йилнинг 29 январь куни қабул қилинган «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Бош қомусимизнинг 44-моддасида «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади», деб белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Асосий қонунимизда мустаҳкамланган ушбу ҳуқуқларни самарали амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилаётир.

Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур.

Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади. Шу муносабат билан Президентимизнинг мазкур қарорида давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ҳақиқатдан ҳам, амалиётда юзага келаётган ҳолатлар таҳлили маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳуқуқи бузилган оддий фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган.

Шунингдек, фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди. Бунинг натижасида кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолаётганининг гувоҳи бўлаётган эдик.

Ушбу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ҳужжатда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланди. Масалан, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш назарда тутилди.

Шунинг баробарида, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилган ҳолда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди.

Эндиликда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўлланилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолиятини қонуний асосда юритилишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, энг муҳими, маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади.

 

Сардор Ғиёсов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари

қўмитаси аъзоси.



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 139 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab