ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИЛАДИ.

 2023-02-02 11:01:58    613

PDF yuklash
Chop etish



Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва одил судловни самарали таъминлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда ва бу борада кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ва кўрилаётган чора-тадбирларнинг давоми ўлароқ жорий йилнинг 16 январь куни Давлатимиз раҳбарининг судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш борасидаги яна иккита муҳим ҳужжати – “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонлари қабул қилинди.

Хусусан, “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш
ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга тўхталадиган бўлсак, унда қайд этиб ўтилганидек, сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

УШБУ ФАРМОННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЗАРУРАТИ.

“Янги Ўзбекистон - янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этаётганлиги ушбу Фармоннинг қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди.

ФАРМОННИНГ МАҚСАДИ.

Фармоннинг қабул қилинишидан мақсад суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишдан иборатдир.

ФАРМОННИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ.

ФАРМОН БИЛАН:

2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди;

Олий суд томонидан тегишли давлат органлари билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинди:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.

ФАРМОНГА КЎРА:

Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилиб, суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:

судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;

суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;

одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;

судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.

Шунингдек, ФАРМОН БИЛАН Бош прокуратура ҳамда Олий суднинг барча босқичлардаги суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш бўйича таклифлари маъқулланди, унга кўра:

а) қуйидагилар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди:

Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;

туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари;

б) Бош прокурорнинг соҳавий ўринбосарига — Бош прокуратура, шунингдек, қуйи турувчи прокуратуралар Ихтисослашган прокурорлар корпусининг, вилоят прокурорининг ва унга тенглаштирилган прокурорларнинг ўринбосарларига — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, шунингдек, туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпусининг фаолиятини назорат қилиб, мувофиқлаштириб бориш масъулияти юклатилди.

Фармонда Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Қолаверса, ФАРМОН БИЛАН суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмаси мавжуд штат бирликлари доирасида такомиллаштирилиши белгиланди.

Хусусан, Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилиши, шунингдек Ахборот-коммуникация мониторинги - Вазиятлар маркази ташкил этилиши билан бирга ва ушбу тузилмаларнинг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясига аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантиришда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида: оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судьялар фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинган ҳар бир ҳолатга суд ҳокимиятининг фахрийлари томонидан объектив равишда ва тезкорлик билан муносабат билдириб бориш; судьялар ва суд ҳокимиятининг ҳуқуқ
ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан судларга мурожаат қилиш бўйича тавсиялар берилди.

МЎМИНЖОН УМАРОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 243 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab