ЯНГИ ОРЗУ, МАҚСАДЛАР БИЛАН ЯНГИ ЙИЛГА ҚАДАМ ҚЎЙДИК

×

 2023-01-27 09:05:58    420

PDF yuklash
Chop etish


Юртбошимиз Олий Мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиётининг ҳар бир соҳасини чуқур таҳлил этиб, келгусидаги устувор вазифалар, юксак мақсадларни белгилаб берди. Катта орзу ниятлар билан бошлаган янги йилда туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларини янада ривожлантириш учун қандай мақсадлар кўзланган. Бунёдкор халқимизнинг келажакка бўлган ишончини ошириш мақсадида олдимизда қандай вазифалар турибди?

Мухбиримиз шу каби саволлар билан туман ҳокими Суфхонжон Солиевга мурожаат қилди.

- Суфхонжон Мўйдинович, ҳар қандай инсон манзилига келгач, ортига бир назар ташлаб, қилган ишларини сарҳисоб қилади ва шу асосда янги режалар тузади. Демоқчиманки, туманимизда ўтган 2022 йил қандай якунланди. Қандай ютуқларга эришилди?

- Туман ҳокими сифатида якунланган йилдан кўнглим тўлди. Сабаби - жуда кўплаб йўналишларда, соҳаларда салмоқли ютуқларни қўлга киритдик. Масалан, биргина саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 102,4 фоизга ошди. Қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2174,5 млрд сўмга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 615,0 млрд сўмга тўғри келди. Қурилиш ҳажми 139,4 млрд. сўмга ёки 111,5 фоизга бажарилди.

Туманимизда ўтган йилда умумий қиймати 137,8 млрд. сўмга тенг 46 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди ҳамда буларнинг негизида 792 та янги иш ўринлари яратилди. 26,7 млн. АҚШ долларига тенг хорижий инвестициялар ҳамда хорижий кредит маблағлари ўзлаштирилди ёки белгиланган йиллик прогноз режага нисбатан 133 фоизни ташкил қилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулот ҳажмини кўпайтириш мақсадида туманда фаолият юритаётган "RUSO'ZBEKTEKS" хорижий корхонаси томонидан 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 22,0 млн. евро бўлган “Тайёр матолар ва момиқ сочиқлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Айни кунларда лойиҳадаги қурилиш ишлари якунланиш поёнига етай деб қолди. Бугунги кунда Германия давлатининг бир қатор компанияларида ишлаб чиқарилган технологик ускуналар олиб келиниб, монтаж қилиш ишлари бошланди.

Туманда кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича ўтган даврда “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 14,0 гектар ер майдони бош режага асосан 57 та лотларга ажратилди. Мазкур ҳудудда 7,7 гектар ер майдонларида умумий қиймати 61,2 млрд. сўмлик 12 та лойиҳалар жойлаштирилди. Лойиҳалар ижроси натижасида 240 та янги иш ўринлари яратилди. Қолган ер майдонлари лотларга бўлиниб, аукционга чиқариш ишлари давом эттирилмоқда. Якунланган йилда туманда фаолият юритувчи саноат корхоналари томонидан қўшни ва узоқ хорижий мамлакатларга 9,7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги саноат маҳсулотлари экспортга йўналтирилди.

Республикамиз Президентининг 2021 йил 23 март куни қабул қилган “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5033-сонли қарорига асосан Қалайнав маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 16 та ва Оқ ер маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 12 та кулолчилик устахонаси ва турар жой комплекслари қурилиши якунланиш арафасида турибди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

-Ушбу қарорнинг туманимизга хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама қулай туристик хизматларни ташкил этиш мақсадида 12 та маҳалла танлаб олинди. Бу маҳаллаларни туризм маҳаллаларига айлантириш, савдо-сервис соҳасини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу маҳаллаларда солиқ тўловчиларнинг айланмадан олинадиган солиқ тўлови ставкаси 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 1 фоиз этиб белгиланганлиги ҳисобига 127 нафар юридик шахслар ҳисобида 739 млн.сўм, 109 нафар якка тартибдаги тадбиркорларда 766 млн.сўм - жами 1,5 млрд. сўм маблағ солиқ тўловчилар ихтиёрида, шунингдек, қарорга асосан, ер ва мулк солиқлари ставкаси 90 фоизга камайтирилиши натижасида туризм ҳудудида жойлашган 327 та нотурар объектларга ҳисобланган 770.9 млн. сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолди.

Якунланган  йилда туризм соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларидан Оқ ер МФЙ Ар-Рошидоний кўчасида “CHINOR PLUS 2020” ХК томонидан амалга оширилаётган “Ҳунармандлар маркази ва туристик хизмат кўрсатиш маскани” лойиҳасининг умумий қиймати 44,0 млрд. сўм бўлиб, унинг 16,0 млрд. сўми тадбиркорнинг ўз маблағи ва 28,0 млрд. сўми “Ўзсаноатқурилишбанк” кредити маблағлари ҳисобидан  молиялаштирилди. Ҳозирги кунда объектда қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилди. Лойиҳани амалга оширилиши ҳисобига 200 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари туманимиздаги “Соҳиби Ҳидоя” зиёратгоҳини реконструкция ва реставрация қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларини лойиҳалаштириш институти томонидан “Соҳиби ҳидоя” мажмуасини таъмирлаш-тиклаш мақсадида лойиҳа-смета хужжатларини ишлаб чиқиш ва муаллифлик назоратини олиб бориш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 606,2 млн. сўм маблағ ажратилиб, шартномага асосан молиялаштириб берилди.

-Янги корхоналарнинг очилиши ҳисобига иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз?

-Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган методология бўйича аниқланган туманимизнинг меҳнат балансига асосан 2023 йил 1 январ ҳолатига 210,8 минг нафар аҳолидан 109,4 минг нафар меҳнат ресурслари мавжуд. Шундан иқтисодий фаол аҳолининг 79,7 минг нафари банд бўлиб, 29,5 минг нафари иқтисодиётнинг расмий секторида ва 50,2 нафари иқтисодиётнинг норасмий секторида банд. Ҳозирги кунда 7877 нафар ишсиз фуқаро мавжуд бўлиб, ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этади. 2022 йилда тасдиқланган дастурга асосан 28590 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.

Маълумки, ўтган йили барча туман-шаҳарлар маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчилари штати жорий этилди. Шу жумладан туманимизда ҳам фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари томонидан қисқа муддатда 38405 та хонадон ўрганилди. Унинг натижаларига кўра 19653 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан 2125 нафар фуқарога 60,1 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди. Ишлаб чиқариш ускуналари билан таъминлаш учун берилган тавсияномаларга асосан 206 нафар фуқарога 964,2 млн сўм миқдоридаги субсидиялар орқали иш қуроллари ва бошқа анжомлар, иш қуроллари олиб берилди. Шунингдек, тадбиркорлик йўналишида умумий қиймати 73,4 млрд. сўм бўлган 166 та лойиҳалар амалга оширилиб, уларда 1728 та янги иш ўринлари яратилди.

Якунланган йилда пахта-ғалла ер майдонларидан қисқартирилган 401,0 гектардан биринчи босқичда 281 гектар ва иккинчи босқичда 120 гектар ер майдонлари савдога чиқарилди. Шундан 2607 та лотларда танлов ғолиблари аниқланиб, 2294 та лотларда деҳқон хўжаликлари ташкил қилинди. Берилган ер майдонларида фуқаролар томонидан икки-уч мартадан ҳосил олишга эришилди.

Маълумот ўрнида: 401,0 гектар ер майдонлари “Темир дафтар”да турувчи 43 нафар, “Ёшлар дафтари”да турувчи 383 нафар ва “Аёллар дафтари”да турувчи 282 нафар фуқароларга, шунингдек кам даромадли ишсиз фуқароларнинг жами 1899 нафарига ўз ишларини бошлашлари учун ажратиб берилди.

Бандлик дастури бўйича туманда жорий йилда 34333 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Шундан, доимий иш ўринларига 19888 нафар ҳамда мавсумий ишларда 14445 нафар аҳоли банд этилади.

- Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясидан келиб чиқиб, 2023 йилда амалга ошириладиган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?

-2023 йилда туманимизда ишлаб чиқилган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра жами қиймати 1 трлн 796 млрд. сўмга тенг 549 та лойиҳалар шакллантирилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 6019 та янги иш ўринлари яратилади.

Хорижий кредит линиялари ва тўғридан тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши  йўналишида Жаҳон банкининг 2,7 млн. АҚШ доллари маблағлари жалб қилинган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш йўналишида 54,3 млрд. сўмлик 15 та лойиҳалар амалга оширилади ва 105 та иш ўрни яратилади.

Ана шундай юксак ва шарафли вазифаларни сидқидилдан бажаришда, юрт равнақи ва келажаги йўлидаги эзгу ишларингда барчангизга куч-ғайрат, омад ва муваффақиятлар тилайман.

    -Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

    Суҳбатни Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ ёзиб олди.



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 30 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab