“НАВОИЙ” МФЙ: “МАҲАЛЛА БЕШЛИГИ” ҚАНДАЙ ФАОЛИЯТ ЮРИТМОҚДА?

×

 2022-08-20 06:04:48    464

PDF yuklash
Chop etish


Ҳамкорликда ишларни ташкил этишнинг самараси ўзининг маҳсулини бермоқда. Риштон тумани 1-сектор тасарруфидаги "Навоий" МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори томонидан кунлик амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинмоқда ва иш кунининг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланилмоқда.

 

Обод маҳалланинг намунали раиси

Маҳалла раиси аслида ким? У ташкилотчи, ташаббускор, маҳала аҳлини иссиқ совуғидан хабардор инсондир. “Навоий” МФЙ раиси, ана шундай маҳалла раисларидан.

Аҳоли сони  2 мингга яқин бўлган ушбу маҳалла чиндан ҳам мақтаса арзигулик ишлар жуда бисёр. Маҳалла марказида кўплаб тадбиркорлик лойиҳаларини ўз ичида жамлаган “Риштон кулолчилик саноат зонаси” фаолият юритмоқда.

Маҳалла раисларининг ислоҳотчи сифатида олиб бораётган ишлари эътироф этиш жоиз. Амалга оширилган ишларнинг салмоғи катта ислоҳотларнинг олдида ҳали ҳеч нарса эмаслиги, бундан-да кўп ютуқларга эришиш, халқнинг фаровон турмуши учун тинмасдан фидокорона меҳнат қилиш лозим.

- Маҳаллалар тизимида иш унумдорлигини ошириш борасида жуда катта имкониятлар, соҳа ходимларнинг муносиб фаолият юритишлари учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратилди. Вазифалар аниқ қилиб белгилаб берилди. Энди ҳар бир маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари фақат ўз ишига виждонан ёндашиши, бугун ватан ичра кичик бир ватан бўлмиш маҳаллаларнинг давлат ва халқ ўртасида кўприк сифатидаги ролини ошириш, маҳаллани айнан жамиятнинг, давлатнинг ҳар томонлама ривожланиши инсониятнинг тараққий этишида ҳам жуда катта аҳамият касб этишини унутмаслик лозим, дейди “Навоий” МФЙ раиси Музаффар Юлдашев.

 

Ҳоким ёрдамчиси  - халқ кўмакчиси

Ҳоким ёрдамчиси Шуҳратжон Зокировнинг ўрни, унинг кўмаги, ёрдами маҳалла фуқароларининг наздида ошиб бормоқда, амалга оширилаётган ишларининг самараси ҳам сезилмоқда.

"Навоий" МФЙ ҳоким ёрдамчиси Шуҳратжон Зокировнинг фаолияти таҳсинга лойиқдир. У томонидан маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган самарали ишлар: тадбиркорликни ривожлантириш, касаначилик, иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, электр, сув таъминотига оид бўлган мавзулар ва бошқа кўплаб амалга ошириб келинаётган кенг кўламдаги тадбирлар доимий тарзда ОАВда тарғиб этиб келинмоқда.

Хусусан, ушбу ҳудудда жойлашган “Риштон кулолчилик маҳсулотлари саноат зонаси”да умумий лойиҳа қиймати 75,8 миллиард сўм бўлган 37 та чинни ва керамика буюмлари ишлаб чиқариш ва безак бериш корхонаси ташкил этилди, 7200 дан зиёд иш ўрни яратилди.

Мана навбатдаги саъй ҳаракатлар, яъни имтиёзли кредитлар асосида ташкил этилган оилавий корхоналар самара бермоқда, аҳолининг даромади ошиб бормоқда, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда. Демак, тинимсиз меҳнат, ҳаракатлар туфайли хонадон эгаларига барака ҳам кириб бормоқда.

Шу кунга қадар ҳоким ёрдамчиси томонидан маҳалладаги 71 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Хусусан, маҳалладаги Пахтакор кўчаси 7-хонадонда яшовчи ишсиз бўлган фуқаро Рустам  Абдураимов Фарғона вилояти Статистика бошқармаси Қурилиш ва инвестиция бўлимига етакчи мутахассис этиб ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, маҳалладаги 15 нафар фуқарога 781,0 млн.сўм кредит ажратилди. Шундан, ҳунармандчилик йўналиши бўйича 8 нафар фуқарога 622,2 млн.сўм, чорвачилик йўналиши бўйича 1 нафар фуқарога 15,0 млн.сўм, тикувчилик йўналиши бўйича 2 нафар фуқарога 56,8 млн.сўм, техника ва технологиялар учун 2 нафар фуқарога 55,0 млн.сўм, иссиқхона йўналиши бўйича 2 нафар фуқарога 32,0 млн.сўм кредит маблағлари ажратилган. Мисол учун, Навоий кўча 58-хонадонда яшовчи фуқаро Шерали Аҳмедовга ҳунармандчилик (сопол буюмлаи ишлаб чиқариш) йўналишида 25,0 млн.сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Натижада, хонадонда 2 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди, доимий даромадга эга бўлди. Хонадоннниг ўртача бир ойлик даромади 10-15 млн сўмни ташкил этади.

 

Маҳаллалардаги ёшлар етакчиси – Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси

Президентимизнинг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Риштон туманининг 71 та маҳалласида ҳам ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

✅Хўш, ёшлар етакчилари нима билан банд? "Навоий" маҳалласи ёшлар етакчиси Аҳлиёр Жумаев фаолияти мисолида бу саволга жавоб излаймиз.

МФЙдаги ёшлар таклифларини ўрганиш ва муаммоларини ҳал этиш бўйича 1-сектор раҳбари билан доимий алоқалар ўрнатилган. Муаммоси бор ёшларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, “Ёшлар дафтари”га киритилган касб-ҳунарга ўқиганлик сертификатига эга ишсиз 3 нафар ёш (Aкмал Орифжонов, Сарвар Aъзамов, Жамшид Эргашев)га субсидия асосида иш қуроллари олиб берилиб бандлиги таъминланди.

Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган Шукурулло Ҳасанбоевга субсидия асосида пайвандлаш ускунаси берилиб унинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, ёшлар етакчиси ёрдамида “Ёшлар дафтари”га киритилган Сарвар Aъзамовга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун ҳоким ёрдамчиси билан кўмаклашилди.

Умуман олганда, ёшлар етакчиси бугун маҳалладаги ёшларнинг кўмакчиси маслакдошига айланган. Спорт ва китобхонликка ошно бўлган бу маҳалла ёшлари туманда ўтказилаётган турли танловлар ва мусобақаларда  яхши натижаларга эришишмоқда.

 

Маҳалла тинчлиги – асосий вазифадир

Президент Фармони билан ҳар бир маҳаллада унинг криминоген вазияти ва аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда камида бир нафардан профилактика инспектори хизматни олиб бориши белгиланган бўлиб, профилактика инспекторларининг роли ва мавқеини янада ошириш, мустақиллиги ҳамда ваколатларининг амалий самарадорлигини таъминлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш белгиланган.

Профилактика инспекторлари учун яратилаётган ушбу шарт-шароитлар ҳар бир маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш ҳамда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимнинг тўлиқ жорий этилишига хизмат қилмоқда.

- Профилактика инспекторига қўйилган талаб битта – жиноятнинг олди олиниб, маҳалла тинч бўлиши, одамлар хавфсиз яшаши, бугунги ҳаётидан рози бўлишидир, дейди “Навоий” МФЙда фаолият юритаётган профилактика инспектори Шерзод Темиров.

Биз иш фаолиятимизни маҳалла фуқаролар йиғинидан бошлаймиз. Ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий томондан ёрдамга муҳтож бўлган оилалар билан алоҳида ишлашимиз, ҳар бир оила ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишимиз лозим. Ким ижтимоий ҳимояга муҳтож, ким муҳтож эмас, таҳлил қилиб борилади. Менинг ҳар кунлик шахсий иш режам бор. Аҳоли куну тун хавфсиз бўлиши учун фуқаролар хавфсизлиги, жиноятдан ҳолилиги назорат қилинмоқда.

 

Асосий мақсад - ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш

Хотин-қизлар фаоли маҳаллада аёллар билан манзилли ишлаб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этишга масъулдир, деган шиори билан фаолият юритаётган “Навоий” МФЙ хотин-қизлар фаоли Гулчеҳра Дадобева маҳаллада хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш ва ажримлар олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётир.

Навоий маҳалласида 3 та кулолчилик кооперацияси “Мингбоши керамик” О/К, “Моҳидиёр Рошидон” МЧЖ ва “ММ Porceline” МЧЖ корхоналари томонидан ташкил қилинган бўлиб, унга 200 тадан ортиқ хонадон бириктирилган. Ҳозирги кунда ушбу корхоналар томонидан хонадонларга чинни ва сопол буюмлари ярим тайёр ҳолда етказилиб берилади. Етказилган ярим тайёр маҳсулотлар хонадонларда безак берилиб тайёр маҳсулот сифатида олинади. Айнан шу кооперациялар орқали маҳалладаги кўплаб аёллар даромад манбаига эга бўлишмоқда.

Тўннинг иссиғини эгаси билади, деганларидек, ҳар бир маҳаллаларимиздаги аҳволни маҳалла “бешлиги”дан яхшироқ биладиган кишилар бўлмайди. Шундай экан, елкасида маҳаллалардаги ислоҳотларга бошчилик қилишдек улкан масъулият турган бу “бешлик”ка белни маҳкам боғлаб, мамлакатимиз ривожига ўзларининг ҳиссаларини қўшишига тилакдошмиз.

 

Аброр ДЕҲҚОНОВ.



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 107 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab