РИШТОН ТУМАНИ ҲОКИМИ С.М.СОЛИЕВНИНГ "НАВРЎЗ" УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ

×

 2022-03-21 07:28:42    511

PDF yuklash
Chop etish


Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Муҳтарам отахон ва онахонлар, мунис опа-сингиллар, қадрли ака-укалар! Меҳнаткаш тумандошлар!

Шу кунларда она-юртимиз — Ўзбекистонимиз заминига гўзал баҳор нафаси билан бирга барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.

Табиат очилиб, шаҳар ва қишлоқларимиз яшил либосга бурканиб бораётган мана шу лаҳзаларда сиз, қадрли ватандошларимни, бутун халқимизни Наврўз байрами билан чин юракдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг самимий тилакларимни изҳор этишдан ­бахтиёрман.

 

Ҳурматли дўстлар!

Халқимиз ҳамиша шоду хуррамлик билан кутиб оладиган қутлуғ байрамлар ва саналар кўп. Лекин шу кунларда эл-юртимиз нишонлаётган Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан холи бўлган, узоқ ўтмиш замонлардан буён қадриятларимиз тимсоли бўлиб келаётган хосиятли бир айём, яшариш ва янгиланиш фаслидир.

Шарқона янги йил бўлмиш бу сана одамзод қалбида эзгу интилишларни уйғотиб, унга умид ва ишонч, шукроналик туйғуларини бағишлайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркагу аёл, ёшу қари — барча юртдошларимизнинг энг ардоқли, катта хурсандчилик билан ўтказадиган севимли байрамидир.

Бу бетакрор айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада, бағримизни кенг очиб, “Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам, қадаминг қутлуғ бўлсин, юртимизга тинчлик-омонлик келтирсин!” деб қарши олиш азалий одатимизга айланиб қолган, десам, айни ҳақиқатни ­айтган бўламан.

Наврўз шукуҳи, кўклам шабодаси уфуриб турган шу дилбар фаслда инсон табиат билан янада яқинроқ ва уйғун бўлиб яшашга, ён-атрофидаги одамларга, оиласи, ёр-дўстларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳурмат ва эҳтиром, меҳр ва эътибор билдиришга эҳтиёж сезади, сумалак ва ҳалим, кўксомса каби тансиқ, ҳақиқатан ҳам миллий ­таомларимизни улар билан бирга ­баҳам кўришга интилади.

Шуни айтиш керак — кимки халқимизнинг меҳрибонлиги ва бағрикенглигининг ёрқин ифодаси бўлмиш ана шундай ноёб одатларимизнинг намойишини кўрса, уларнинг чуқур инсоний маъносини англаса, ҳеч шубҳасиз, доимо ҳайратда қолиши муқаррар.

 

Қадрли юртдошларим, азизларим!

Бугун янги Ўзбекистонимизнинг тараққиёт йўлида барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани, бизнинг асосий мақсадимиз бўлмиш янги жамият, янги ҳаёт қуриш, халқ фаровонлигини юксалтириш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб жой олиш учун қатъий қадамлар қўяётганимизни халқаро ­жамоатчилик эътироф этаётгани ҳаммамизни қувонтиради ва янги куч-қувват бағишлайди, албатта.

Наврўз руҳи барчамизни айни шундай орзу-ниятлар ва интилиш билан яшашга даъват этади.

 

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Бугунги унутилмас, улуғ айёмда ­нуроний отахон ва онахонларимизни, мунис опа-сингилларимизни, навқирон ёшларимизни яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Азиз бошингиз омон, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!

Ҳар бир хонадонга, бутун юртимизга тинчлик-омонлик, меҳр-оқибат, бахту ­саодат ёр бўлсин!

 



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 23 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab