“ЯШИЛ МАКОН” КЎЧАТЛАРИ КЎККА БЎЙ ЧЎЗАДИ
2022-03-11 05:31:17 549
2022 йил 10 март куни Риштон туманида навбатдаги пресс-тур ўтказилди. Бундай пресс-турлар бу туманда тез-тез ўткаладиган бўлиб қолган. Сабаби, бу бетакрор туманда кейинги йилларда жуда катта ўзгаришлар кишиларнинг кўз ўнгида содир бўлаётир. Президентимизнинг ушбу туманга доир чиқарилган икки махсус қарори билан бу ерда қайта қуриш, реконструкция қилиш бўйича давлат дастури тузилиб, иш бошланганига ҳам анча бўлди. Ўтган уч-тўрт йил ичида туман қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Қўқон-Фарғона магистрал йўлининг шу туман ичидан ўтган қисми кенгайтирилди, 2, 3 қаватли замонавий дизайн асосида кўркам бинолар қурилди.
Илгари билиб-билмай хафачилик кайфиятида юрганларнинг энди кайфиятида ўзгариш катта, улар хурсанд, юзлари очиқ юришибди. Риштон деганда энди ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти бошқа ёқда яшаётганларнинг кўз олдига келадиган бўлиб қолди.
Туман ҳокими Суфхонжон Солиев аввалги ҳокимлар яшириниб юрганидек келувчилардан яширинмайди, одамларни ҳуш кайфият билан кутиб олади, улар олдига ҳам дадил боради. Қабул кунларини хурсандлик, хушфеъллик билан ўтказади. Узоқ маҳаллалардан келганлар ҳам ҳоким билан бемалол диллашади, муаммоларини айтади, талабларини қўяди, илтимоси бўлса тортинмайди. Ҳоким эса ўша жойнинг ўзида ҳал этиладиган масала бўлса, дарров ҳал қилади. Ёки бирон ташкилот орқали битадиган бўлса, у билан телефонда боғланади, муҳлат белгилайди ва масъул ходимлардан ёки ўринбосарларидан бирини назорат қилиш учун биркитиб қўяди. Бундай усул билан бажарилмаган иш қолмайди.
Ҳунармандчилик, тадбиркорлик йўналишида бир неча бор пресс-тур ўтказилганда ҳам биз республика газеталари мухбирлари таклиф қилинган эдик. Туман марказидаги, маҳаллалардаги очилган ҳунармандлар марказлари фаолияти ҳақида яқиндан танишганмиз. Бу сафар баҳор фаслининг ўзига ҳос бўлган мавзуси ва кириб келаётган Наврўз байрмига тайёргарлик кўриш асносида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлари билан таништириш мақсад қилинган эди. Мазкур тадбирда Риштон туманида фаолият юритаётган журналистлар, блогерлар ва туман экология бўлими ходимлари иштирок этишди.
Пресс-тур қатнашчилари Риштон тумани “Қалайнав” ва “Тўраобод” маҳалла фуқаролар йиғиниларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлари билан танишишди. Ушбу лойиҳа доирасида Риштон туманида 27 турдаги 1.285 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Шу лойиҳани амалга ошириш мақсадида маҳаллаларда ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. “Қалайнав” маҳалласида яшовчи онахон Умра сафари учун тўплаб юрган пуллари эвазига 4 минг туп манзарали дарахт (асосан инсон саломатлиги учун ўзидан кўп миқдорда кислород чиқарадиган арча, сасна) кўчатлари олиб берди. Кўчатлар маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва бошқа мутассади кишилар иштирокида ҳашар йўли билан экилди. Бугун ушбу маҳалланинг қайси кўчасига кирманг, чирой очиб турган манзарали дарахтларнинг гувоҳига айланасиз. Пресс-тур иштирокчилари ушбу жараёнлар билан танишар эканлар, кўчат экишга ўз ҳиссаларини қўшдилар.
- Бизда халқимизнинг қадимдан давом этиб келаётган анъаналари сақланиб қолган, - дейди Риштон туманидаги Қалайнав маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Сурайё Маҳмудова. – Аёлларимиз қўни-қўшниларига, йўлдан ўтаётган кишиларга чалпак қилиб тарқатяптилар. Бу ҳам саҳоватлиликнинг бир нишонасидир. Бир онахонимизнинг муборак Ҳаж сафарига бориш учун йиғиб юрган маблағини сарфлаб йўл ёқаларига, ариқлар лабига экиш учун арча олиб бериши ҳаммани лол қолдирди. Яна у киши менинг номимни ошкор қилманглар деганичи. Чап қўлинг берганни ўнг қўлинг билмасин, деган Ҳадиси шариф бор экан. Шунга амал қилган онахонга биз ҳам дуолар қилдик...
Шундан кейин ОАВ ходимлари Тўраобод маҳалласида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишларни кўздан кечиришди. Айтиш жоизки, “Тўраобод” МФЙда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Сарвар Азимов ва маҳалла раиси Қамбарали Мелибоевлар ташаббуси билан ушбу маҳаллага 4 минг тупдан зиёд манзаралари дарахтлар олиб келинди ва жамоатчилик ёрдамида экилиб, парвариш қилинди.
- Маҳалламизда яшаётган аҳолининг асосий қисми тадбиркорлик билан шуғулланади, - дейди Тўраобод маҳалласи бўйича ҳоким ёрдамчиси Сарвар Азимов. – Хонадонларда ҳам хотин-қизлар чинни буюмларга зар чизиш ишларини бажаряптилар. Ҳар куни фуқаролар йиғини бўйича бир неча машинада қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатларига чинни буюмлари экспорт қилиняпти. 4068 аҳоли истиқомат қиладиган 701 та хонадонда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик авж олиб кетди. Ҳозиргача йўл бўйларига 4 минг туп манзарали, томорқаларга 1000 туп мевали дарахт кўчатлари экдик. Яна 2 минг туп мевали дарахт экишни мўлжаллаб турибмиз.
Пресс-тер иштирокчилари бир неча хонадонда бўлиб тадбиркорларнинг ишлари билан танишдилар. Маҳаллаларнинг қайси кўчасига кирманг, чирой очиб турган манзарали дарахтлардан завқ оласиз. Бу кўрганларимиз катта магистрал йўлдан сал ичкарироқда жойлашган маҳаллаларда бўлган воқеалар эди. Асосий йўллардаги манзаралар бундан ҳам кўркам, яхши ва дилтортарлигини айтмаса ҳам бўлади.
- Риштон туманида қадим-қадимдан йирик ўрик дарахтлари ўстирилади, - дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аброр Деҳқонов. – Ўтган йили ўрик гуллаганда тўхтовсиз 3-4 кун ёмғир ёққани натижасида гуллар ғўрага айланолмади. Жорий йилда бу умрбоқий дарахтдан умидимиз катта. Риштоннинг оқ қандак, муллаҳанди, субҳоний, хасаки, ялтироқ, пистақандак, мулла гадойи каби ўрикларига етадиган юракни бақувват қилувчи неъматлари бошқа ерда йўқлиги кўпчиликка маълум. Чунки бу ўриклар Риштон туманининг соз тупроқли ерларидагина бўлади. Туман ҳокими бошлиқ Риштоннинг юқори қисмидаги хонадонларда, фермер хўжаликларида ўрикларни кўпайтириш чоралари кўриляпти. Ҳозирча кунларимиз серёмғир бўлаётгани йўқ. Шу боисдан бу йил ўрик мўл бўлишига умид қилаётирмиз. Дашт йўлларига, ариқлар қирғоқларига ҳам ўрик кўчатлари экилмоқда.
Ҳамиджон БУРҲОНОВ.
Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi