Риштон тумани ҳокими С. Солиевнинг 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги
2022-03-08 07:06:24 456
Ассалому алайкум, Азиз аёллар!
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Бугун мана шундай дилбар, қутлуғ баҳор айёмида сиз, мунис оналаримиз, ҳурматли опа-сингилларимиз, сулув қизларимизни гўзал байрамингиз – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламан.
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.
Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!
Муқаддас она, аёл зоти – чинакам меҳр булоғи, меҳр қуёши, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Шу қуёш бор экан, меҳр-оқибат, эзгулик ва адолат, вафо ва садоқат каби буюк қадриятлар неча асрлардан буён безавол яшаб келмоқда.
Шу боис бугунги қувончли айёмда аввало дунёда “фидойи” деган сўзга энг муносиб бўлган Она сиймоси олдида таъзим қиламиз. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз.
Бу борада Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёевнинг "Биз халқимиз розилигини аввало, сиз, муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизнинг розилиги деб тушунамиз. Сизларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли бўлиб яшашингизни амалга ошираётган барча-барча ислоҳотларимизнинг асосий мақсади ва мезони деб биламиз. Бу йўлда эришган натижаларимиз фақатгина биринчи қадамлар бўлиб, сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, дуоларингиз, ҳеч шубҳасиз, бизга чексиз куч-ғайрат бағишлайди" деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.
Қадрли опа-сингиллар!
Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Баҳорнинг илк байрами муносабати билан туманимизнинг дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускорсиз.
Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар самарасида, аёлларимиз барча жабҳада ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришишмоқда.
Куни кеча Президентимизнинг фармонига асосан, риштон туманида истиқомат қилувчи тадбиркор аёл Муҳайё Сатторова “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу бутун риштонликларга берилган муносиб баҳо деб биламан.
Жамият тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган аёлларимизнинг меҳнатлари ҳамиша давлатимиз эътиборидадир.
Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!
Биз сизларнинг мана шундай очилиб, ҳаётдан рози бўлиб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.
Барчангизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий табриклайман. Иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!
Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi