КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР ШАРТИ

 2022-01-20 15:46:35    117

PDF yuklash
Chop etish


Инсоният тарихида давлатлар шакллангандан буён коррупция уларни ичдан емирадиган ижтимоий иллат сифатида вужудга келди, ҳокимият

ва бойлик учун ҳирслар таъсирида ривож топди. Адабиётларда коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «Коррупция (лотинча corruptio
– айниш, порага сотилиш) – сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир».
Ҳозирги даврда коррупция муаммосига жаҳондаги исталган мамлакатда дуч келиш мумкин. Бироқ бу коррупция ҳамма жойда бир хил дегани эмас. Коррупциянинг юзага келиш сабаблари ҳамма жойда турлича бўлиб, тарихий давр ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларига боғлиқ бўлади.

Ўтмишга назар ташласак, жаҳон тарихининг турли даврларида ҳар хил давлатлардаги катта-кичик мансабдорлар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилгани, коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиниб, ўзига хос жазолар тайинланганининг гувоҳи бўламиз.

Бобил ҳукмдори Хаммурапи қонунлари бу турдаги қонунларнинг энг қадимийсидир. Унда, жумладан, агар қози ишни кўриб чиқиб, ҳукм чиқариб, муҳри билан ҳужжат тайёрласа, кейин эса ҳукмини ўзгартирса,
ўз қарорини ва ишдаги даъво миқдорини ўзгартирганликда айбланиши ва даъво суммасининг 12 баравари миқдорида жарима билан жазоланиши, бундан ташқари, қозилар кенгашидан ҳайдалиши ва бу лавозимга бошқа қайтмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилган.

Одил судлов тизимида коррупцияни тугатиш юзасидан қадимги форс давлати – Аҳамонийлар салтанатида шафқатсиз жазолар бериш орқали кураш олиб борилган. Хусусан, тарихчи Геродотнинг хабар беришича,
шоҳ Кир II нинг ўғли Камбис II даврида тарафларнинг биридан пора олгани учун Сисамн исмли судьянинг тириклайин териси шилиб олиниб, ўтирган курсисига тортиб қўйилган ҳамда унинг ўғли шу вазифага тайинланган, токи судда иш кўраётган чоғида қайси курсида ўтирганини унутмасин.
Ана шундан сўнг қадимги форс судьялари орасида бирорта ҳам порахўрлик ҳолати аниқланмаган.

Ўрта асрлар Рус давлатида Иван III коррупцияни қонун асосида чеклаб қўйган бўлса-да, Иван Грозний даврида унга қарши жиддий кураш олиб борилган. 1556 йилда у мансабдорларнинг «тирикчилиги»ни расман бекор қилган, мамлакатда тамагирлик ва порахўрлик учун ўлим жазоси берила бошлаган. Хусусан, бир дьяк (князь котиби) белгиланганидан ортиқ тангалар ва қовурилган ғоз олгани учун ўлимга ҳукм қилинган.

Ўтган асрда ривожланган мамлакатларда коррупция эволюциясининг янги босқичи бошланди. Бу давлат бошқарувининг мустаҳкамланиши, шунингдек, йирик бизнеснинг ривожланиши ва унинг сиёсий тизимга аралашишга уринишлари билан боғлиқ эди. XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб эса коррупция халқаро муаммо сифатида тан олинди. Корпорацияларнинг чет давлат олий мансабдор шахслари билан тил бириктириши оммавий тус олди. Глобаллашув бир давлатдаги коррупция кўплаб мамлакатларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатишига олиб келди. «Financial Times» газетаси 1995 йилни «Коррупция йили» деб эълон қилган бўлса, БМТ коррупция ҳақидаги билимларни тарғиб қилиш мақсадида 9 декабрни «Халқаро коррупцияга қарши кураш куни» деб эълон қилди.

       Айтиш керакки, дунё давлатлари орасида бу борада Англия мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани билан ажралиб туради. Англияда 1889 йилда «Давлат органларида порахўрликка қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлса, 1906 ва 1916 йилларда жамоатчилик таъсири остида коррупциянинг олдини олишга қаратилган яна бир қатор қонунлар қабул қилинган. Мазкур қонунларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири мансабдор шахсга жамият олдида ўзини айбсиз эканлигини исботлаб бериш мажбуриятини юклатилиши ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу мамлакатда доимий равишда коррупцияга қарши курашиш борасида янги механизмлар, ҳуқуқий институтлар ва махсус қўмиталр таъсис этиб келинмоқда. Жумладан, 1994 йилда «Нолан Қўмитаси» таъсис этилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Мазкур қўмита бевосита ҳукумат ва парламент вакиллари ўртасида коррупциявий ҳаракатларни аниқлаш билан шуғулланади.

Германияда эса, коррупцияга қарши курашишнинг асосини жиноятчиликнинг моддий базасини бартараф этиш ташкил этади.
Давлат ушбу мақсадга мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш орқали эришмоқда. Шуни алоҳида такидлаш керакки, Германия қонунчилигида банклар зиммасига 20 минг евродан ортиқ маблағ билан боғлиқ банк операциялари ўтказилса, бу ҳақида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш вазифаси юклатилган. Қонун банклар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилаётган маълумотлардан фақат тергов жараёнларида фойдаланишини кафолатлайди.

Дунё давлатлари орасида Сингапур коррупцияга қарши курашишда муҳим натижаларга эришаётган давлат сифатида эътироф этилади. Сингапурда айнан коррупциявий жиноятларни тергов қилиш бўйича махсус бюро ташкил этилган бўлиб, ушбу орган сиёсий ва функционал жиҳатдан мутлақо мустақил ҳисобланади. Мазкур органнинг коррупцияга қарши курашишдаги асосий вазифалари сирасига давлат ва хусусий секторда коррупциявий ҳаракатларни тергов қилиш ва олдини олиш ҳисобланади. Шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларида мансаб ваколатидан ноқонуний фойдаланиш, уни суиистеъмол қилиш ҳолатларини текшириб, тўпланган ҳужжатларни тегишли чоралар кўриш учун мутасадди ташкилотларга юборади.

Сингапурнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг бош ғояси
- коррупциявий жиноят субъектларига коррупциявий ҳаракатларни содир этиш имконияти ва манфаат яратувчи ҳолатлар ҳамда шароитларни бартараф қилиш ҳисобланади. Бу борада давлат хизматларидан фойдаланувчи жисмоний ҳамда юридий шахсларнинг мансаабдор шахслар билан юзма-юз мулоқотга киришмаслик принципига таянилади. Бу борада Сингапур нафақат Осиё, балки кўплаб ғарб давлатларига ўрнак бўлиб келмоқда. Сингапурда оддий фирмани давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб, то экспорт операцияларини амалга ошириш учун талаб этиладиган тегишли расмиятчиликлар фақат электрон тарзда амалга оширилади. Давлатнинг хусусий сектор фаолиятига аралашуви минимал даражага етказилган.

Дунё давлатларининг энг хавфли жиноят - коррупцияга қарши курашиши ҳақида фикр юритганда, бу борада АҚШ бой назарий ва амалий тажрибага эга эканлигини таъкидлаш жоиз.

АҚШнинг уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тарихида
1970 йил июнь ойида «Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш миллий Кенгаши»нинг ташкил этилгани муҳим ўрин тутади. Мазкур Кенгашнинг энг асосий вазифаси - уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича умуммиллий ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишдан иборат бўлган.

Айтиш керакки, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш АҚШ Адлия вазирлиги раҳбарлиги остида амалга оширилади. Шунингдек, вазирлик ваколатига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда метадологик раҳбарлик қилиш ҳам киради.

        Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, коррупция макон ва замон танламайдиган, давлат бошқарувига салбий таъсир кўрсатиб, жамият ҳаётини издан чиқарадиган иллатдир. Чунончи, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.

        Президентимиз 2018 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзланган маърузасида: “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракатт қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”, деб алоҳида таъкидлади.

        Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш ҳар бир мамлакатнинг асосий вазифаси, ҳар қандай жамият ва ҳар бир фуқаронинг ўз давлати
ва халқи олдидаги бурчидир.         

       Умиджон Эргашев,

                                                                              Риштон туманлараро иқтисодий    

                                                                              суди раиси



<< May 2022 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab