Судья ва ёшлар учрашуви

×

 2021-12-02 13:47:59    509

PDF yuklash
Chop etish


Жорий йилнинг 1 декабрь куни Фарғона вилояти Абу Али Ибн Сино номидаги Риштон жамоат саломатлиги техникуми биносида талаб ёшлар билан “Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг раиси А.Разиков ҳамда судьялари М.Умарова ва О.Жияновлар, техникум директори К.Рўзалиев ҳамда ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Ўтказилган учрашувда судьялар томонидан “Коррупция – тараққиёт кушандаси”, “Чақалоқ савдоси”, “Оилавий зўравонлик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Никоҳ ва унинг ҳуқуқий оқибатлари” ва бошқа бир қатор фуқаролик-ҳуқуқий низоларга оид мавзулар юзасидан талабаларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Суд раиси А.Разиков “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тушунтириш бериб ўтди.

Коррупция – барча жамоатчилик институтларини нормал фаолият юритиши ва механизмига путур етказади, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келади, жамиятда давлат ҳокимиятига нисбатан ишончсизликни вужудга келтиради ва мамлакат хавфсизлигига хавф туғдиради.

Давлат органлари фаолиятининг лозим даражада шаффоф эмаслиги, коррупция сабабларини пухта ва тизимли равишда таҳлил этилмаслиги, коррупция масалаларида, криминоген ҳолат юзасидан соҳада профилактика ишларини олиб боришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларини – фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги лозим даражада эмаслиги
– коррупцияни янада ривожланишига кўмаклашади.

Коррупция мурракаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун бирёқлама чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди. Ушбу фаолият комплекс-мажмуавий тарзда амалга оширилишини талаб этади.

Коррупциянинг олдини олиш бўйича чораларни амалга ошириш – соҳа субъектларининг ўзаро мувофиқ фаолиятига асосланган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврдаёқ коррупцияга қарши курашиш масаласига умумдавлат миқёсидаги вазифа сифатида қаралиб, унинг олдини олиш, соҳасидаги қонунчилик базасини яратиш бўйича изчиллик билан, мунтазам равишда туб ислоҳотлар олиб борилмоқда ҳамда самарали ва мақсадга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда.

              Жумладан, мамлакатимизда коррупциянинг самарали олдини олиш, давлат қурилиши ва бошқарувининг барча соҳаларида демократик ислоҳотларни ўтказиш, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган ва Конституцияга асосланган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Мазкур ҳуқуқий база 18 та Кодекс, 50 дан ортиқ қонун ва 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатларини ўз ичига қамраб олади.

Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунлар коррупцияга қарши курашишда анча аҳамиятли ҳужжатлар ҳисобланади.

Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномада “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” деб таъкидлаб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўрисида”ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармонга асосан Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил қилинди.

Шунингдек, юртбошимиз томонидан 2021 йил 6 июль куни коррупцияга қарши курашиш бўйича яна бир муҳим ҳужжат, яъни “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзоланди. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда қоррупцияга қарши курашиш бўйича ҳамда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қатор вазифалар белгиланди. Бу саъй-ҳаракатларнинг бари келажак истиқбол йўлидаги жонкуярликлардир.

Шу маънода, “Сен менга тегма, мен сенга тегмай”, “Нима бўлса бўлар, менга нима? Ўзим тинч бўлсам бўлди-да”, деган фикр билан яшамасак, инсоннинг энг катта душмани – лоқайдлик, бефарқликка берилмасак, бир мақсад йўлида бирлашиб, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамасак, бу – ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.

 

Судья М.Умарова “Оилавий зўравонликни олдини олиш ҳамда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари” мавзусида тушунтириш бериб ўтди.

Оилавий-маиший зўравонлик – оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзолари томонидан мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи зўравонлигидир ва у асосан оила ичида рўй беради. Жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин.

              Кундалик ҳаётимизда аёллар қанчалик бу турдаги муаммо билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида Парламентимиз томонидан “Маиший зўравонликнинг олдини олиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бу албатта қувонарли ҳолат. Чунки, одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди.

              Бунинг учун Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ишонч телефони ишга тушган. “Ишонч телефон”лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Ва энг асоссийси, бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати  сир сақланади.

              Оилавий зўравонликни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди, чунки у инсоннинг асосий ҳуқуқларига даҳл қилади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади.

              Ҳар бир оилавий зўравонликнинг ўзига яраша сабаблари бор. Аммо уларга олиб келувчи омиллар қатор умумийликка эга. Судлар томонидан оилавий низолар билан боғлик ишларни кўришда, кўпинча эркакнинг аёлга, ота-онанинг фарзандга нисбатан зўравонлиги, зўравонликнинг бир шахсга нисбатан кўпчилик бўлиб содир этилиши, учинчи шахсларнинг аралашувчи, жабрланган шахснинг муаммо билан ёлғиз қолиши ва жабрланган шахсга ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш механизмининг заифлигига дуч келиб, натижада оилавий ажримларга олиб келади.

              Бунга асосан менталитетга хос хусусиятлар, оилавий сир, оиладаги зўравонлик оиладан ташқарига чиқмаслиги оилавий зўравонликни барҳам беришда қийинчилик туғдиради.

              Қайнона, қайнота ва бошқа қариндошарнинг оиладаги келинга зулм қилиши, унинг сўзсиз бўйсинишини, ҳеч қандай имтиёзлар талаб қилмаслигини исташи ёки ота-онанинг фарзандга, келинларнинг бетоб қайнона ёки қайнотага босим ўтказиши каби холатлар оилани барбод бўлишига олиб келади.

              Хал орасида кўп қўлланувчи “урадими, демак-севади” деган тушунчага умуман ўрин бўлмаслиги керак.Психологларнинг фикрича, бир марта қўл кўтардими, бу ҳолат яна такрорланиш эҳтимоли юқори.Зравонликка имкон бериш керак эмас. Калтак ва ҳақоратлардан азият чекаётган аёл “сабр қил!”, деган сўзларни атрофдагилардан эшитади.

              Оилавий зўравонлик билан боғлиқ занжир қандай узилиши мумкин?

Ҳуқуқни билган инсон ўзининг қонун ҳимоясида эканини яхши ҳис этади ва ундан вақтида фойдалана олади. Зўравонликка тоқат қилманг. Йўқ денг ва чора кўринг. Зеро, инсон-хаёти, шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Акса холда аёлларимиз дуч келаётган
азоб-уқубат, камситилиш, хўрлик, таҳқир занжирлари ҳеч қачон узилмайди.

 

Судья О.Жиянов “Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзусида тушунтириш бериб ўтди.

Юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Афсуски, оила пойдеворининг барпо этилишида шошмашошарликка йўл қўйилаётгани, айрим ота-оналар ҳали таълим олаётган ёки бирор касбни эгаллашга улгурмаган фарзандларини турмушга бериши, уйлантириб қўйиши оқибатида ёшлар муаммолар гирдобига тушиб қолмоқда. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун эрта оила қурган шахслар, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим ва диний муассаса ходимлари жавобгарликка тортилмоқда. Оила кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига никоҳ ёши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳга киришиш, уни эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилди. Бу ўзгаришлар ҳам шу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бизга маълумки, соғлом оилани шакллантиришнинг асосий шартларидан бири аёлнинг биологик ва маънавий етук ёшда турмуш қуришидир. Уларнинг оилавий ҳаётга руҳий, жисмоний, тиббий, маънавий жиҳатдан тайёр эмаслиги бир қатор салбий оқибатларга сабаб бўлади. Чунончи, фарзандни тарбиялаш, турмуш ўртоғи ва оила аъзолари билан муносабатларни ўрнатиш, рўзғор ишларини юритишда қийинчиликларга дуч келади. Психологик етуклик шахснинг турли ҳаётий вазиятларни тўғри баҳолай олишидир. Унда ҳамдардлик, ҳамфикрлик, ғам-ташвишга шериклик, сабр-тоқатлилик каби хусусиятлар мужассам. Психологик етуклик шахс хулқининг турли шароитларга мослашувчанлигида намоён бўлади.

Боланинг соғлом бўлишини белгиловчи омилларда ҳам ота-она, айниқса, онанинг ёши асосий ўрин эгаллайди. Ёш турмуш қуриш ва эрта она бўлиш аёлнинг жуда кўп имкониятларини чеклаши билан бирга, саломатлигига ҳам жиддий хавф солиши мумкин. Шунингдек, ёш келинчакнинг бир муҳитдан иккинчи муҳитга кўникиши ўта мураккаб жараёндир. Эрта турмуш қурган ёшларнинг оиласида туғилган болалар билан ҳар томонлама балоғатга етиб, ҳаётда ўз ўрнини топгандан сўнг никоҳ риштасини боғлаган йигит-қизларнинг оиласида дунёга келган фарзандларнинг саломатлиги, интеллектуал даражаси ва бошқа кўрсаткичларида тафовут бўлади. Юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишдир. Бу борада президентнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгилани муҳим аҳамиятга эга. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 28.08.2019 йилдаги қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Бу албатта мамалакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларни олдини олишга хизмат қилади. Зеро, ватан оиладан бошланади. Оила мустаҳкам экан, ватанимиз гуллаб-яшнайверади. Фарзандларимиз соғлом ва баркамол экан, келажагимиз порлоқ бўлади.

Шунингдек учаршув сўнгида техникум ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига судьялардан жавоблар ва ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар олишди.



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 17 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab