ТОМОРҚАЧИЛИК КЛАСТЕРИНИНГ ИСТИҚБОЛИ ПОРЛОҚ

×

 2021-11-22 11:16:44    429

PDF yuklash
Chop etish


Республикамизда аҳоли томорқачилигини ривожлантириш баробарида кўпроқ маҳсулот етиштириш ва ички бозорни арзонлаштириш мақсадида торморқа кластерлари ташкил қилиш юзасидан Президент ва ҳукуматнинг тегишли қарорлари ишлаб чиқилиб, меъёрий хужжатлар қабул қилинган. Ана шундан келиб чиқиб бугунги кунда мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида “Томорқа хизмати” МЧЖлар қошида аста-секинлик билан томорқачилик кластерлари ўз фаолиятини бошлаяпти. Мақсад – аҳолига томорқаларда етиштириш учун сифатли, ҳосилдор уруғ ҳамда минерал ва кимёвий ўғитлар етказиб бериш, экинлар парвариши даврида агротехник тадбирларни ўтказиш, маҳсулотларни шу ернинг ўзида сотилишини таъминловчи дала дўконлари очиш ва бошқа шу каби хизматлар кўрсатишдан иборат.

- Ҳар бир “Томорқа хизмати” МЧЖ қошида камида 10 тадан солиқдан озод қилинган дори пуркагичлар, кичик мотокультиваторлар фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқда. - деди яқинда бу ерда ўтказилган кўргазмали семинарда иштирок этган Республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Нажмиддин Абдуллаев. - Мазкур кластерларга 14 фоизгача имтиёзли кредитлар ҳам бериляпти. Яна бир эътиборли томони шундаки, аҳолининг даромадини ошириш, камбағалликдан чиқариш ва шу орқали ишсизликни камайтириш, бандликни таъминлаш учун барча шароитлар яратилади. Демак қанчадан-қанча фуқаро иш билан банд бўлади, бекорчи қолмайди.

Якунланаётган йилда Республика Кенгаши жамғармаси ҳисобидан Фарғона вилоятидаги ваколатли банкларга ресурс сифатида томорқачилик кластерлари ташкил этиш мақсадлари учун 18 млрд сўм маблағ ажратилди ва бугунгача ушбу маблағнинг асосий қисми соҳага сарф қилинди. Айни кунларда вилоятнинг Бағдод ва Фурқат туманларида ҳам шундай кластерлар ўз фаолиятини бошлаб, хизмат турларини кенгайтирмоқда. Келгуси йилдан бошлаб бошқа туманларда ҳам ташкил этиш чоралари кўриляпти.

Оқ-ер қишлоғида ҳам туман ҳокимининг қарори билан “Рошидон томорқа хизмати” МЧЖга қарашли Мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган кўп тармоқли кластер ташкил этилганига эндигина икки йил бўлди. Жамият собиқ жамоа хўжалигининг усти ойналар билан ёпилган иссиқхона ўрнида барпо этилган. Узоқ йиллардан буён фойдаланилмагани сабабли умуман ташландиқ ҳолга келиб қолган ҳудудни ўзлаштириш, албатта осон кечмаган. Тонналаб ахлатлар, синиқ ойналар ташаб чиқарилган. Ҳозир ҳам у ер-бу ердан ойналар синиқлари чиқиб туради.

Оқ ер қишлоғида ташкил қилинган “Рошидон томорқа хизмати” МЧЖга қарашли томорқачиликка ихтисослашган кўп тармоқли Кластери ҳақида айрим маълумотлар:
Раҳбари Бахтиёр Ҳафизов.
Амалга оширилган лойиҳалар сони 6 та. Қиймати 5 млрд сўм.
Келгусида аҳолига 12 хил турдаги хизмат кўрсатилади ва шу орқали 50 та иш ўрни яратилиб, ҳудуддаги 25 мингта хонадон кластерга қамраб олинади.
Тайёрланадиган маҳсулотларнинг йиллик экспорт прогнози 300.000 АҚШ долларига тенг.
Бир йилда аҳолига 10 млрд сўмлик иш хизматлари кўрсатилади.
Кутилаётган йиллик соф фойда 1 млрд сўм.

 

Ёш тадбиркор Бахтиёр Хафизов дастлаб ишни аҳоли томорқасида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан шафтоли, ўрик, гилос каби мевалар ҳамда тўқсонбосди экинларни сотиб олиб, хорижга экспорт қилишдан бошлаган.

Айни кунларда кластерга қарашли 5 гектар ер мавжуд бўлиб, 1 гектарида иссиқхона, 1 гектарида балиқ, 1 гектарида шафтолизор ва интенсив олмазор ташкил қилинган. Бундан ташқари 300 тоннадан 600 тоннагача меваларни қабул қилиб олиб, узоқ муддатга сақлаш имконияти яратилган омборхона ва музхона ҳам қурилган. Иссиқхонада қишки мавсумда асосан лимон ва эрта баҳорда бодринг, помидор етиштирилади. Экилганига 8 йилдан ошган лимонлар айни ҳосилга кирди. Бу йил тадбиркор 10 тоннадан ортиқ лимон териб олишни мақсад қилиб турибди. Кўрса кўзни қамаштирувчи стандарт лимонларни хорижга экспорт қилувчи тадбиркорлар ҳар куни териб, махсус идишларга жойлаб, олиб кетишяпти.

Балиқлар ҳам етилиб қолди. Янги йил арафасида аҳоли дастурхонига тонналаб балиқ етказиб беришмоқчи жамоа аъзолари. Юқоридаги вазифаларни бажариш жараёнида кластерда 50 нафар оқерлик ёшлар доимий иш билан таъминланганлар.

Ҳозирги кунда қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қиладиган аҳолининг иссиқхонага бўлган талаби тобора ортиб бораётгани табиий. Шуни ҳисобга олган тадбиркор хонадонларга ҳам иссиқхоналар қуриш учун буюртмалар оляпти ва мутахассислар томонидан сифатли, шамол ва бошқа табиий офатларга дош бера оладиган иссиқхоналар ўрнатиб бериляпти. Бундан ташқари 1 та мини трактор ёрдамида аҳоли томорқалари ҳайдаб бериляпти. Жамоанинг айни кунлардаги долзарб ишларидан яна бири иссиқхоналарда помидор, бодринг, қалампир ва бошқа тўқсонбосди экинлар парваришини ҳам бошлаб, аҳоли дастурхонига ўз вақтида етказиб беришдан иборат.

Бахтиёр мутахассислиги бўйича мухандис-механик. 2001 йили Қўқон автомобил йўллари техникумини тамомлаган. Аввалига туман марказий машина трактор паркида ишлади. Кейинчалик ўзи мустақил равишда МЧЖ ташкил қилди. Албатта, бошланишида жамиятни бошқариш осон кечмаган. Лекин оила аъзолари ва ўзи ҳам савдо билан шуғуллангани боис ушбу қийинчиликларни аста-секинлик билан енгиб ўтди. Ўшанда асосан минерал ўғит олиб келиб махсус дўкон орқали аҳоли ва фермерларга етказиб берарди.

Сўнгги икки йилда кластер хизмат тури ва фаолиятини кенгайтириб Россия Федерацияси, Қозоғистон ва қирғизистонлик тадбиркорлар билан шартномлар тузиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, шу жумладан 30 тонна помидор, 20 тонна бодринг, 40 тонна шафтоли етиштириб, экспорт қилди. 30 тонна интенсив олма ҳам териб олинди.

Тадбиркор келгусида инвесторларни бевосита Риштонга жалб қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Яъни, шу ернинг ўзида тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш корхонаси ҳамда меваларни қуритадиган сушилкалар қуришни ҳам режалаштирган.

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,

“Rishton haqiqati” махсус мухбири. 



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 31 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab