ҚАРИСИ БОР УЙНИНГ...

×

 2021-10-05 15:44:12    155

PDF yuklash
Chop etish



Қариялар айтади билиб,

Тажрибага риоя қилиб.

Ёшлар бахтли бўлур: сўз дурин

Қулоғига олсалар илиб

Аждодларимиз қолдирган маданий мерос муносиб ворислар камолга етиши учун битмас-туганмас хазинадир. Улар сўзни муқаддас неъмат деб билиб, лафзларига чиройли амал қилганлар.

“Ал-илму фис-сиғари кан-нақши фил-ҳажари”, яъни болаликда олинган илм тошга ўйилган нақшга ўхшайди, деган ҳикматни эшитганмисиз?  Донишманд бобомиз Мир Алишер Навоийнинг биз авлодларига шундай насиҳатлари бор:

Йигитликда йиғ илмнинг махзани,

Қарилик чоғида харж қилғил ани.

Яъни болалик ва ёшлик йилларида турли билимларни ўрганиб, илм хазинасини жамғариб олинг. Кейин ҳаётингиз давомида бу маънавий захирани қанча сарфласангиз ҳам озаймайди. Ундан фойдаланиб, барча тилакларингизга етасиз. Биз бу ўгитни муқаддас васият деб билишимиз, ўзимизга дастуриламал қилишимиз зарур.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистондан туриб Қандаҳор шаҳридаги ўғли Комрон мирзога йўллаган мактубида Хожа Ҳофиз Шерозийнинг бир ибратли байтини келтириб, шундай насиҳат қилган:

Пирон сухан зи тажриба гўянду, гуфтамат,

Ба он, писар, ки пир шави, панд гўш кун!

Таржимаси:

Бошдан ўтказган табибдек кексалар айтар билиб,

Тингласанг жон-дил билан ёшинг улуғ бўлғай, болам.

Донишманд Ҳофизнинг яна бир ажойиб байти бор:

Насиҳат гўш кун, жоно, ки аз жон дўсттар доранд,

Жавонони саодатманд гўш доранд пири доноро.

Таржимаси:

Насиҳат тинглагил, жоно, тутарлар жону дилдан дўст,

Ақлли, бахтли ёшлар ҳурмат айлаб кекса донони.

Бобуршоҳ ҳижрий 907 (милодий 1503) йили Масчоҳ туманидаги бир қоятошга шайх Саъдийнинг бир байт шеърини ўз қўли билан ўйиб ёзган:

Дило, маош чунон кун ки гар билағжад пой,

Фариштаат ба ду дасти дуо нигаҳ дорад.

Таржимаси:

Тўғри юрсанг, эй кўнгил, тоймас оёғинг, тойса гар,

Малак кўтаргай ҳавода – икки қўли дуода.

Демак, доимо тўғри туриб, тўғри юришимиз керак. Мабодо оёғимиз тойиб йиқилаётган онимизда ҳам ҳар ерда ҳозиру нозир фаришталар кўтариб қолишар экан.

Мутафаккир аждодларимиз ҳар сўзни Қуръон, ҳадис, ҳикматларга мувофиқ ёзганлар. Бу муборак битикларни қанча ўқиб-ўргансак, Учинчи Ренессанс – маърифий уйғониш даврига шунчалик яқинлашамиз. Азалий илдизларимиздан куч, илҳом олиб келажак ниҳолларини ўстирамиз.

Толиб НОСИР.     

 

“Кексалар ҳафталиги” учун махсус тайёрланди.



<< Iyul 2022 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab