РИШТОН ТУМАНИ ҲОКИМИ С. СОЛИЕВНИНГ “ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР” КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
2021-09-30 06:29:41 477
Ассалому алайкум муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Аввало, Сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ушбу қутлуғ айёмни нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон устозимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этиб, жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва мураббийларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Муҳтарам Юртбошимизнинг “Ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир”, деган пурмаъно сўзлари, албатта Сиз азиз устозларга берилган энг муносиб баҳодир.
Эътироф этиш жоизки, жорий йилда Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид қабул қилинган муҳим ҳуқуқий, айни вақтда тарихий ҳужжатлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, яратилаётган кенг шарт-шароитлар барчамизни қувонтирмоқда. Айниқса, Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида берилган кенг имконият ва имтиёзлар Сиз азиз устозларни янада руҳлантириб, янги-янги марралар сари илҳомлантириши табиий.
Қадрли устоз ва ўқитувчилар!
Давлатимиз раҳбарининг “Биз учун долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бу – фарзандларимизни мустақил фикрли, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, чинакам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш вазифасидир”, деган таърифи, албатта, Сизларнинг нақадар юксак шарафга лойиқлигингизни англатади.
Шуни таъкидлаш керакки, юртимизда эртамиз эгаларини тарбиялаш ва камолотга етказиш, устоз-мураббийлар меҳнатини қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, қад ростлаётган замонавий муассасалар ва кенг шароитлар бугун барчамизни, айниқса устозларимизни янада янги марраларга, кучли ва билимдон шогирдлар тайёрлашга даъват этмоқда.
Албатта, туманимизда рўёбга оширилаётган бундай ишларнинг амалий таъсири ва самарадорлигини таъминлашда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Азиз ва муҳтарам устозлар!
Сизларни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда катта муваффақиятлар, хонадонингизга файзу барака тилайман.
Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi