ОТАХОННИНГ ҲИММАТИ

 2021-09-29 05:54:29    421

PDF yuklash
Chop etish


Инжу денгиз тубидаги чиғаноқ бағрида узоқ вақт қамалиб ётади. Сув остига шўнғувчи моҳир ғаввосгина уни топиб олиб чиқади. Усталик билан ишлов берилиб жилоланган дур қўлма-қўл бўлиб, ниҳоят подшоҳ тожига қадалиши мумкин. Инсон ҳам ҳаётнинг яхши-ёмон синовли кунларини кўра-кўра фикри равшанлашиб, донишмандга айланиб боради.Мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомий шу ҳолатни назарда тутиб бир байт марҳамат қиладилар:Фикр денгизига тошдек ботармиз, Чиғаноқда инжу бўлиб ётармиз. Риштон шаҳрининг Чинигарон маҳалласидаги уста Абдулло кўчасида яшовчи Мамасодиқ ота Мамажонов ҳозир 84 ёшда. Унинг болалиги, айнан ўйнаб-куладиган кунлари қийинчилик даврларида кечган. Хаёл қурмағур олисда қолган болалик чоғига олиб кетади... Иккинчи жаҳон уруши йиллари, ундан кейинги тикланиш учун уринишлар, халқ бошига тушган оғир кунларни эсласа юраги зирқирайди. Бир тўғрам нон анқога шафеъ бўлган замонлар, хайриятки ўтиб кетди. Ёруғ кунларга қанча одамлар етиб келолмади. Қийинчиликдан кейин қулайлик келади, дейишади. Ҳаёт аста-секинлик билан бўлса-да ўз ўзанига тушди. Халқимизнинг фидокор меҳнати самара берди. Йўқчилик, қаҳатчилик барҳам топиб, тўқчилик кунларига етказди. Тинчлик, хотиржамликка нима етсин.  Мамасодиқ Мамажонов механизаторлик касбини эгаллаб, Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштиришда қатнашди. Жумладан, Меҳнатобод, Янгиобод қишлоқлари ерларини обод қилишда унинг муносиб ҳиссаси бор. Кейинчалик маиший хизмат кўрсатиш корхонасида ишчи, “Риштон” жамоа хўжалигида тракторчи, бригада бошлиғи бўлиб ишлади, уйида кулолчилик қилди. Турмуш ўртоғи билан 4 қиз, 3 ўғилни тарбиялаб вояга етказди. Нафақага чиқди. Бугун отахоннинг невара-чевараларининг ўзи йиғилса бир ҳовлига сиғмай кетади. Дориломон кунлар келганига шукр қилмай бўладими? Одамлар пул жамғариб ҳаж ва умра зиёратига боради, хорижга саёҳат қилади. - Мамасодиқ ота топган пулини эҳсон дастурхони ёзишга, муҳтож кишилар ҳолидан хабар олишга сарфлайди, - дейди Чинигарон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳомиджон Исаев. – Шу мақсадда нафақа пулига бузоқ олиб боқиб семиртириб, сўйиб эл-юртни меҳмонга чақиради. Одамлар қалбига хурсандчилик солишни ҳаётининг мазмуни деб билади.Ота яқинда шу хайрли ишини яна давом эттирди. “Соҳиби Ҳидоя” қабристонида Риштон шаҳридаги тўртта маҳалла аҳли учун эҳсон дастурхони ёзди, уч авлод вакилларини тўплади. Маросим иштирокчилари юртимиздаги тинчлик, ободликка шукроналар келтиришиб, саховат соҳиби Мамасодиқ отага Яратгандан узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб, дуо қилдилар.-Яхши ният билан бошланган иш албатта рўёбга чиқар экан, - деди отахон биз билан суҳбатда. – Энди “Болалар уйи” ва “Мурувват уйи”дагилар учун холисанилло эҳсон қилсам армоним қолмас эди. Донишманд бобомиз Мир Алишер Навоий одамлар дарду ғами билан яшайдиган меҳрибон одамгина шарафли инсон мақомига лойиқ бўлади, деганлар. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни, каттаю кичикни бирдек кўриб, барча элга яхшилик соғинадиган Мамасодиқ отага ўхшаган ҳиммати баланд, марҳамати чексиз кишилар бор бўлсин, бир аср билан юзлашганда ҳам эсон-омонликда дийдорлашиш насиб қилаверсин.   
Толибжон НОСИРОВ,Аброр ДЕҲҚОНОВ.
“Риштон ҳақиқати” газетасидан олинди


<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 42 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab