РИШТОНЛИКЛАР ПРЕЗИДЕНТДАН МИННАТДОР

×

 2021-08-31 06:04:07    569

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимиз ва жамиятимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Халқимизнинг орзу-тилаклари бирин-кетин рўёбга чиқмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси кундан-кунга ўзгача жозиба касб этиб, таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Қишлоқ ва маҳаллалар, кўча ва хиёбонларимиз обод бўляпти. Шу ўринда яқин ўтмиш воқеалари кўз ўнгимизда жонланади.

Яқин тарихга назар соладиган бўлсак, 2010 йил туманимизнинг қатор қишлоқларида ер ости сизот сувлари кўтарилиб, экин-тикин, боғ-роғларимиз, дов-дарахтларимиз қуриб, уйлар нурай бошлаганди. Бу ҳудудда яшовчиларнинг келажакка ишончи сўна бошлади. Шундай бир пайтда Шавкат Мирзиёев Бош вазир сифатида шахсан туманимизга келиб, хонадонларга кириб, аҳволни кўздан кечирди, дардимизга малҳам бўлиб, масалани узил-кесил ҳал қилиб берди. Жаҳон банки маблағлари йўналтирилиб, коллекторлар қазилди ва сизот сувлар муаммоси бартараф этилди. Бугунги кунда ушбу ҳудудлар яна кўркам гўшаларга, мавлоно Муқимий сўзлари билан айтганда “Фирдавс боғи”га айланиб, аҳолининг турмуш шароити яхшиланди.    

Кечагина одамларимиз ичимлик сувини пулга сотиб олиб, ичишга мажбур эдилар. Тоза сув муаммоси ҳам кўндаланг бўлиб турарди. Ҳукуматимиз эътибори билан бу муаммо ҳам бартараф этилди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон тумани учун алоҳида лойиҳалар асосида тоза ичимлик сув тармоғи тортиб келинди. Ҳозирги кунда туман аҳолиси яратилган қулайликдан беҳад миннатдор.

Икки йил муқаддам вилоятимизга қилган ташрифи чоғида Президентимизнинг “Риштонликлардан қарзим бор,” деган сўзларини туман аҳли ҳеч қачон унутмайди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг “Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Натижада туман маркази, Бурҳониддин Рошидоний, Фарғона кўчалари, Бешкапа қишлоғидан Қалайнов қишлоғигача бўлган ҳудудда жуда катта қурилиш ва ободончилик ишлари бошланиб кетди. Давлат эҳтиёжи учун олинган турар ва нотурар ва бошқа бинолар учун 44 миллиард сўм миқдорида компенсация пуллари тўлаб берилди. Илгариги кўримсиз, пастқам уйлар ўрнида замонавий уй-жойлар қад кўтарди. Бу ҳам одамларнинг кайфияти кўтарилиши ва келажакка ишончи ортганини кўрсатади.

Юртбошимизнинг меҳри, назари тушган жойга Яратганнинг нури ҳам ёғиляпти десак, хато бўлмайди. Бу йилги Фарғона вилоятига ташриф давомида Президентимиз Риштонимизга келганидан беҳад хурсанд бўлдик. Риштоннинг аждодлардан авлодларга безавол ўтиб келаётган ва бугунги кунга қадар унутилаёзган анъанавий кулолчиликка қайтадан жон бағишланди. Президент Фармони шарофати билан Риштон кулолчилик мактаби мамлакат миқёсида машҳур бўлди. Туманимизда барпо этилган Халқаро кулолчилик маркази бунга яққол далил бўла олади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу марказга ташриф буюрган кун риштонликлар учун ҳақиқий байрамга айланди.

Шу йил баҳорда икки давлат раҳбарларининг иродаси билан 8 йилдан сўнг қўшни Қирғизистон ва вилоятимизнинг анклав тумани - Сўх билан боғловчи Риштон ва Қайтпас чегара божхона постлари қайта очилгани ҳам ушбу ҳудудларда яшовчилар учун айни муддао бўлди. Азалий қўшничилик, меҳр-оқибат  ришталари янада мустаҳкамланди.

Аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилаш ва туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида сув оқава тизимини тубдан янгилаш учун 55 миллиард сўм пул ажратилгани халқимиз учун ҳақиқий совға бўлди. Бугунги кунда Италия технологияси асосида янги тозалаш иншооти тармоғи қурилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Хуллас, санаймиз десак ўзгаришларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бу ўзгаришларнинг бошида Юртбошимизнинг ўзи илҳомчи ва мададкор бўлиб, Риштон халқига қайишиб турибди.

Бугунги кунда эзгу ташаббуслар доирасида туманимизда давом этаётган бунёдкорлик ишлари, ҳақиқий маънода бўлаётган ўзгаришлар Риштонга келаётган меҳмонларни лол қолдирмоқда. Нуроний отахон-онахонларимиз бугунги дориломон кунларга шукрона келтириб, бу ғамхўрликдан мамнун эканликларини изҳор этишмоқда. Риштонлик ёшларнинг келажакка бўлган ишончи жуда ҳам юқори. Баркамол авлод кўрсатилаётган эътибордан руҳланиб, янада юксак марраларни забт этишларига имончимиз комил.

 

Муқаддасхон Бекмирзаева,

туман ҳокими ўринбосари - Маҳалла  ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи.

 

Турсунхўжа Абдураҳмонов,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи ўринбосари.

 

Махсудахон Тожибоева,

туман ҳокими маслаҳатчиси.

 

Дилоромхон Додобоева,

Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари.

 

Аброр Деҳқонов,

туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.

 

Баҳодир Исо, шоир.

 

Ғулом Фатхиддин, шоир.

 

Зайлобиддин Йигиталиев,

Толибжон Носиров,

журналист.



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 10 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab