“ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗЛАРИ: ХАЛҚНИНГ БУЮК МАДАНИЯТИ МАСКАНЛАРИ”

 2021-08-30 14:44:05    521

PDF yuklash
Chop etish


Маълумки, дунёдаги ҳар бир халқ ўз қадриятлари, урф-одати, тарихи ва маданиятини асрашни, уни келажак авлодга тўкис етказишни истайди. Албатта, бундай истак-хоҳиш миллат зиёлилари билан бир қаторда ҳунарманд аҳлида айниқса, кучли намоён бўлади. Дарҳақиқат, улар халқнинг бирлигини сақлашга, миллий анъаналарини келажак авлодларга етказишда энг кўп қайғурадиган ва бу йўлда жонбозлик кўрсатадиган табақа вакилларидир. Шу ўринда, халқимизнинг миллий ўзлигини англатиш ва миллий ғурурини уйғотиш омилларини муҳтарам Президентимиз кўп бора таъкидлаганларидек, биз билан бирга ёнма ён, эътибордан йироқ ҳолда, бақамти яшаётган дехқонларимизу хунармандларимизнинг камтарин ҳаётидан ва улар тортиқ этаётган мехнати самарасидан қидирмоғимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг 13 та туманларида “Ҳунармандлар  маркази” барпо этиш тўғрисидаги ташаббуслари айнан шу тарихий ҳақиқатни рўёбга чиқаришда энг катта қадам бўлди. Эндиликда ушбу ташаббуснинг жонли ифодаси сифатида вилоятнинг Тошлоқ, Бағдод, Қува, Ёзёвон, Данғара, Бешариқ, Ўзбекистон, Фарғона, Фурқат,  Бувайда, Учкўприк, Олтиариқ ва Риштон туманларида халқимизнинг суюкли шодиёнаси бўлган иқтиқлолнинг 30 йиллиги арафасида ҳунармандчилик ўчоқлари қад ростлайди. Энг қувонарлиси, ушбу марказларда 4000 нафарга яқин ишлаш истагида бўлган фуқаролар, аёллар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади.

Айтиш жоизки, миллатни ўтмиши ва бугуни ҳақидаги энг ишончли манбаалари  - унинг ҳунармандчилиги анъаналаридир. Бу борада сўз кетганда, Қўқон ёғоч ўймакорлиги, Марғилон ипак-мато хунармандчилиги, Риштон кулолчилик марказлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Эзгу мақсадларда барпо этилаётган ушбу ҳунармандчилик марказларининг ҳар бир маҳсулоти нафақат Ўрта Осиё, балки бутун жаҳон халқларини ҳайратга сола олади. Ўзида миллат қиёфасини акс эттирган халқ амалий санъати орқали Фарғона бренди жаҳон бўйлаб шуҳрат қозонса, не ажаб. Марғилоннинг ҳарир ипаклари, кўзни ёндиргувчи атласларида бизнинг буюк маданиятимиз жилоланса, Қўқон нақшларида, Риштоннинг гулдор пиёлаларида меҳнатсевар устазода аждодларимиз сиймоси, кучли дид ва нафосатга йўғрилган пок турмуш тарзимиз акс этади.

Бугун кўплаб хонадонларни иш билан таъминлашни режа қилган “Ҳунармандлар маркази” эртага ушбу туманда ташқи ва ички туризм тараққиёти учун хизмат қилиши ҳам кўзда тутилган. Марказлар мажмуаси таркибида ҳорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун мехмонхоналар қурилмоқдаки, келгусида юртимизда яратилган бундай қулай шароит муҳитида йирик жаҳон ҳунармандчилик бозорлари вужудга келиши табиий.

Эътироф этиш керакки, юртимизда сўнгги йилларда давлат раҳбари бошчилигида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш соҳасига катта эътибор қаратилди. Ҳунармадларга яратилган солиқ, кредит имтиёзлари, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилишда берилган имкониятлар - ушбу тизимда ўзига хос кичик бизнес ва якка тадбиркорлик йўналиши вужудга келишига замин яратди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан “Халқаро кулолчилик форуми ва кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши юртимиздаги жамики ҳунармандларга гўёки, қанот бағишлади десак, муболаға бўлмайди.

Қарорга кўра, дастлабки форумнинг Риштон туманида ташкил этилиши эса, риштонликлар учун жуда ҳаяжонли воқелик бўлди. Чунки, эндиликда форум доирасида риштонликлар ўз ҳунармандчилик маҳсулотларини реализациясини ташкил этиш, бевосита олди-сотти ишларини амалга ошириш, халқаро харидорларни жалб этиш, ҳорижий ҳамкорлар топиш каби бир қатор имкониятларга эга бўладилар.

Фикримиз хулосаси сифатида айтиш мумкинки, халқ амалий санъати, “Устоз-шогирд” асосидаги ҳунармандчилик марказ-мактаблари бугун юртимизнинг қай гўшасида тараққий этмасин, жамият ривожининг асосий локомотиви вазифасини бажариши, халқнинг, миллатнинг миллий ғурури бўлиб хизмат қилиши ва ўзлигини англаб етишида ўтмиш ҳамда келажакни боғловчи маънавий кўприк бўлиши тарихий ҳақиқатдир.

 

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 18 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab