ГЕРБ – ДАВЛАТНИНГ ТАРИХИЙ ЎЗЛИГИ ТИМСОЛИ

×

 2021-07-02 06:53:05    450

PDF yuklash
Chop etish


Давлатчиликнинг таркибий қисми бу давлат рамзларидир. Давлат рамзлари сирасига одатда байроқ, герб ва мадҳия киритилади. Ушбу рамзлар ўзида тарихий, маданий, миллий маълумотлар ва қадриятларни акс эттиради. Шу билан бирга улар давлатчиликнинг рамзлари сифатида гавдаланади.

Давлат рамзлари ичида герблар тарихий жиҳатдан қадимийроқ ҳисобланади. Герб бирон бир мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий ва тарихий ҳарактердаги ғоялари мажмуасини, ўзига хос табиий ва хўжалик хусусиятларини, табақавий тафовутларини, шахс, уруғ ва бошқаларнинг шажараларини ифодаловчи алоҳида рамзий белгидир. Ўз навбатида эса герблар давлатлар, уларнинг алоҳида қисмлари, шаҳарлар, сулолалар ва алоҳида шахсларга тегишли бўлиши мумкин.

Герб Антик даврларда пайдо бўлган. Шумер давлатининг гербида шер бошли бургут, Қадимги Рим давлати гербида бургут тасвирланган. Амир Темур давлатининг гербида 3 ҳалқа тасвири туширилган. Бу тасвирлар Амир Темурнинг 3 иқлимда яъни шимол, жануб ва ғарбда ҳукмрон эканига ишора бўлган.

Ўрта асрларда кўпгина шаҳарлар ўз гербига эга бўлган. Венеция гербида қанотли шер тасвир этилган. Ғарбий Европада герблар уруғ меросхўрлик белгилари сифатида салб юришлари даври (XI-XII асрлар)да юзага келган. Кейинчалик байроқлар қоғоз пуллар, муҳрлар, қоғозларда гербларнинг тасвири туширила бошланди.

Юқорида келтириб ўтилган тарихий ҳақиқатлар давлатчилик тарихида гербларнинг тутган ўрни нақадар беқиёс эканлигини англаб етиш мумкин.

Шунинг учун ҳам мустақилликка эришганимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз мустақиллигини янада мустақиллигини таъминлаш, дунё ҳамжамиятида алоҳида эътирофга сазовор бўлиш мақсадида ўз давлат рамзларимизни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 1992 йил 2 июль куни «Ўзбекистон Республикасининг давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ҳамда тарихимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни, мақсадларимизни ўзида мужассам этган, бугун барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган давлат гербимиз пайдо бўлди.

Менинг назаримда гербимизни шунчаки мамлакат мустақиллиги рамзи сифатида гавдаланадиган бир тасвир сифатида тасаввур қилиш тўғри бўлмайди. Ушбу рамзимизни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар ватанпарварлик, масъулият рамзи сифатида қарашлари лозимдир. Чунки гербимизда бугунги доруломон кунларимиз, тинч ва фаровон ҳаёт учун ўз жонларини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас қонлари, улкан меҳнатлари, азоб уқубатлари мужассамдир.

Шунинг учун ҳам ҳар бир ёш авлод гербимизга қараганда ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги учун, дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига қўшилиши, ватанимизнинг шуну-шавкати учун интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун бор куч-ғайратларини сафарбар этишларини қалбан ҳис қилишлари лозим. Ана шундагина гербимизга, шу орқали тарихимизга ҳақиқий ҳурматимизни намоён этган бўламиз!

 

Дилором ДОДОБОЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Риштон тумани бўлими раҳбари.

 



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab