ҲАҚ ЭВАЗИГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ШАРТНОМАСИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

 2021-05-26 14:03:45    785

PDF yuklash
Chop etish


Маълумки, фуқаролик ҳуқуқида ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси алоҳида юридик категория сифатида қаралади. Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига оид қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-бобида белгиланган бўлиб, ҳақ тўлаш, шартномани бажариш, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини бузганлик учун жавобгарлик ва шартномани бекор қилиш, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга оид нормаларни ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 703-моддаси
2-қисмига кўра, ушбу бобнинг қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади.

Бугунги кунда иқтисодий тармоқларнинг жадал ривожланаётганлиги, замонавий рақобатбардош хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларини ҳаётимизга  кириб келаётганлиги, юртимизда олиб борилаётган самарали иқтисодий ислоҳотлар натижасида хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларининг турлари кенгайиб бораётганлиги ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш соҳасини фуқаролик ҳуқуқий тартибга солишни қайта кўриб чиқишни ва уни такомиллаштиришни тақозо этади.

Фикримнинг давомида сифатида, мазкур соҳасини тиббий хизмат кўрсатишга оид йўналишлар бўйича таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.

Бунда фуқаронинг соғлиғи унинг бошқа ҳуқуқлари билан бирга, номоддий неъматлар ҳисобланади ва фуқаролик ҳуқуқлари объекти таркибига киради. И.Б.Зокиров фуқаролик ҳуқуқи объекти ҳисобланган номоддий неъматларни санаб ўтар экан улар жумласига фуқаронинг соғлиғини ҳам киритиб ўтади. Унинг фикрига кўра, моддий кўринишдаги неъматлар (ашёлар) билан бир қаторда номоддий неъматлар ҳам фуқаролик ҳуқуқининг объекти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида номоддий неъматлар тушунчаси берилган бўлиб, унга асосан фуқарога туғилишдан ёки қонун бўйича тегишли бўлган шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, шахсий дахлсизлиги, қадр-қиммати ва пок номи, касбий нуфузи, хусусий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оммавий сирлари, эркин кўчиб юриш, туриш ва яшаш жойини танлаш, муаллифлик ва бошқа шахсий мулкий ҳуқуқлари номоддий неъматлар ҳисобланади[1].

Юридик адабиётларда фуқаронинг соғлиғи тушунчасига алоҳида юридик категория сифатида эмас, шахснинг номулкий ҳуқуқлари таркибидаги элементлардан бири сифатида қараш ҳоллари учрайди. Хусусан, айрим муаллифларнинг фикрича, “соғлиққа бўлган ҳуқуқ жисмоний шахс – фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқи бўлиб, унинг муҳофазасини амалга оширишни талаб қилиш ва унинг бузилмаслигига бўлган ҳуқуқ, одатда, фуқаролик-ҳуқуқий воситалар билан амалга оширилади. Шу сабабли, соғлиқни сақлаш ҳуқуқи ёки фуқаронинг ўз соғлиғига бўлган ҳуқуқи шахсий номулкий ҳуқуқ сифатида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99-моддасида ўз ифодасини топган”[2].

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий тиббиёт йўналиши ҳам жадал ривожланмоқда. Даволаш фаолияти турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди”[3].

Фуқароларнинг соғлиғини сақлашда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси нормалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Амалдаги кодекснинг соғлиқни сақлаш билан боғлиқ қоидаларни, хусусан тиббий хизмат кўрсатиш муносабатларини шартномавий-ҳуқуқий тартибга солиш қоидаларини назарда тутади.

Кодекснинг 703-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Ушбу нормадан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси субъектлари сифатида буюртмачи ва ижрочи иштирок этишини хулоса қилиш мумкин. Тўғри, тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар билан аксарият ҳолатларда бемор буюртмачи ва ҳақ тўловчи сифатида шартнома тузади ва тиббиёт муассасаси ижрочи сифатида ҳақ эвазига тиббий хизмат кўрсатади. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бемор ҳар доим ҳам буюртмачи бўлавермайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддасига кўра, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчилари бўладилар. Ушбу нормадан келиб чиқиб, табиийки, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик ҳуқуқи субъектлари ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 102-моддасига кўра, битимлар кўп тарафлама бўлиши, 354-моддасига кўра, тарафлар аралаш шартнома тузишлари мумкин. 

Фикримнинг мисоли сифатида, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддаси тартибида иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши мажбуриятидан келиб чиқиб иш берувчининг тиббиёт муассасаси билан ҳақ эвазига химат кўрсатиш ҳақида шартнома тузиш ҳуқуқига эга эканлиги далил бўла олади. Шунингдек, юртимизда ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни ва ижтимоий тоифадаги шахсларни бепул даволаш ва ташхис қўйиш юзасидан ордер тизими жорий этилганлиги, бунда бемор давлатнинг ваколатли соғлиқни сақлаш бўлимлари томонидан берилган ордерни тиббиёт муассасасига тақдим этиш орқали бепул имтиёзли даволаниш ҳуқуқини вужудга келишини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин. Яъни, тиббиёт муассасаси беморни даволайди, иш берувчи ёки давлат кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Мазкур ҳолатда, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси иштирокчилари бўлиб давлат ёки иш берувчи-буюртмачи сифатида, бемор-наф олувчи сифатида ва тиббий муассаса эса хизмат кўрсатувчи ёки ижрочи сифатида намоён бўлади. Бироқ шартноманинг бундай кўп тарафлама бўлиши, яъни наф олувчи тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-бобида назарда тутилмаган.

Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида учинчи шахс буюртмачи сифатида қатнашган ҳолларда беморнинг наф олувчи сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади, яъни бемор сифатли, малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, дори-дармонлар билан имтиёзли таъминланиши, ўз соғлиғи ҳақида маълумотлар олиши, тегишли тартибда меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик варақаси олиши ёки тиббий хизмат кўрсатилишини рад этиши ёхуд тиббий аралашувни рад этиш ва бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.

Бироқ фуқаронинг соғлиғи Фуқаролик кодексида шартномавий муносабатлар объекти сифатида назарда тутилмаган.

Шу сабабли, тиббий хизмат кўрсатиш шартномаси кўп тарафлама бўлиши мумкинлиги ва у ўз ичига аралаш шартномавий муносабатларни қамраб олиши, фуқаронинг соғлиғи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида шартномавий муносабатлар объекти сифатида назарда тутилмаганлиги, тиббий хизмат кўрсатиш шартномасини бекор қилиш ёки шартнома шартларини бажаришдан бош тортиш ҳуқуқлари бошқа шартнома турларига нисбатан кескин фарқ қилиши мумкинлиги, ушбу ҳолатлар амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексидаги тўлиқ қамраб олинмаганлиги сабабли, фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-бобини қайта кўриб чиқиш ва унда ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш ва расмийлаштириш тартиби, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасининг асосий қоидалари, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида ижрочининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, наф олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлик, сифатсиз хизмат кўрсатиш оқибатлари, сифатсиз хизмат кўрсатилганда буюртмачи ёки наф олувчининг ҳуқуқлари, шартноманинг бекор бўлиши каби моддаларни киритиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф–5464-сон Фармойиши билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси қабул қилинди[4]. Ушбу концепция билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш ва унда замонавий бозор шароитларида талаб этиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва муносабатларнинг алоҳида шакллари, шу жумладан, давлат-хусусий шерикчилиги, кластер ишлаб чиқариш ва бошқаларни тартибга солиш назарда тутилиши белгиланган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишда ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига оид бугунги кундаги бозор шароитларида талаб этиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва муносабатлардан келиб чиқиб,  ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига оид қоидаларда буюртмачи, ижроси ва наф олувчи тушунчаларини ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Фарғона вилоят судининг

Иқтисодий ишлар бўйича судьялари

А.Каримов ва И.Турсунов




<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 3 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab