«Жаннат оналар оёғи остидадир...»

×

 2021-05-20 06:16:16    514

PDF yuklash
Chop etish


Бу оламда онадек меҳрибон, куюнчак ва жонкуяр зот бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам оналар шаънига ҳар қанча мақтов, ҳар қанча таъриф-тавсифлар айтсак, камлик қилиши табиий. Мабодо тарозунинг бир палласига она меҳр-муҳаббати, бошқа бирига эса бу дунёдаги бор жонзотники қўйилса, ишонч билан айтиш мумкинки, оналар меҳр-муҳаббати турган тарозу палласи албатта оғир келади. Бундай дейишга сабаб она меҳри бетимсол ва унинг ўлчови йўқ. Шу боис бу меҳр ўлчовини ақл бовар қилмайди. Оддий мисол тариқасида айтадиган бўлсак, шу меҳр туйғуси мавжуд эканки, одамзот насл-насаби заволга юз тутмайди, беминнат меҳр паноҳида яйраб-яшнайди, шу меҳр туйғуси мавжуд эканки, гўдаклар бир парча эт ҳолидан қадди расо инсонга айланади. Тунлари бешик тебратиб, мижжа қоқмасдан боласини эмизган, бирон нарсага муҳтож бўлганини ички сезги орқали англаб, ўзига малол ва оғир олмасдан айни вақтида адо этадиган оналар эмасми? Аллоҳ таоло оналар қалбига шундай ғаройиб ва беқиёс меҳр-муҳаббат уруғини жойлаганки, бунинг таърифига тил ожиз, баёнига қалам ноқис ва идрокига ақл забун демоқдан бошқа илож йўқ.

     Ҳаттоки ҳайвон ва парррандаларда ҳам она меҳр-муҳаббати беқиёс даражада мавжудлигини пайқаш мумкин. Мабодо бу жонзотлар бирон хатар яқинлашаётганини сезгудек бўлса, жонини қурбон қилиб бўлса-да, ўз боласини қутқаришга ҳаракат қилади. Бундай хатти-ҳаракатга уларни нима мажбур қилади, деб ўйлайсиз? Албатта она-меҳри.

    Оналар меҳр-муҳаббати беқиёс ва бетакрорлигига яна бир далил шуки, фарзанд вояга етиб, ҳаётда ўз ўрнини топганида ҳаёт ташвишига кўмилиб, онасига эътибори қайсидир даражада камайиб борар, лекин она боласидан асло кўнгил узолмайди. Бу меҳр-муҳаббат то охирги нафасига қадар ўз аслича ўзгармай қолаверади.

      Онажонларимиз бошимиздаги тожимиз, суянган тоғимиз, энг катта давлатимиз. Онамиз уйда экан, ғамимиз йўқ, хотиржам ишимизга бориб келамиз. Онамиз уйда экан, сафар ва саёҳатларга ҳам кўнглимиз тўқ бўлиб отланамиз. Онамиз уйда экан тўй-ҳашам, чойхонаю гап-гаштаклардаги дам олишлар, ҳордиқ чиқаришлар ҳам татийди. Барча олиму фозилларнинг, шоиру ёзувчиларнинг, дунёга машҳур бўлган буюк кимсаларнинг буюклик мавқеини эгаллашлари замирида албатта онанинг хизмати беқиёс эканлигини таъкидлаш лозим. Ўсиб- улғайишимиз, илм олиб, олим бўлишимиз, касб-ҳунар эгалаллашимиз, умуман ишларимиз бир маромда кетиши ва хотиржам фаолиятимизни давом эттиришимиз учун онамизнинг кўзга кўринмас дастагидан, қўллаб-қувватлашидан мудом фойдаланамиз.

Оналаримиз уйимизнинг файзу баракаси, нуру зиёси. Улар бор экан, эшигимиздан меҳмон ва зиёратчилар аримайди. Уларнинг дуоси сабаб, Яратган Эгамиз бизларни турли бало-мусибатлардан асраб туради. Оналаримиз уйларимизни ёритиб, мунаввар қилиб турадиган ёнар чироқдир. Уларнинг зиёси хонадонимизга файз бағишлаб туради.

 Она ҳақида ёзмаган одамнинг, у ҳақда куйламаган шоирнинг ўзи йўқ. Она ҳақида шоирлар ёниб-куйиб куйлашади. 

Шулардан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳ яратган махлуқотлар ичра она меҳр-муҳаббатига тенг келадиган меҳр-муҳаббат йўқ. Одамзот мавжуд эканки, бу меҳр-муҳаббат асло сўнмайди, қадр-қийматини йўқотмайди.

Вақт оқар сувдек, ҳаёт ўткинчи, умр ғанимат. Бир кун уни тополмай қолишингиз мумкин. Агар онангиз ҳаёт бўлса, у сиз учун энг меҳрибон ва ўз навбатида сиздан меҳр кутиб яшаётган табаррук зот эканини унутманг... ахир «Жаннат оналар оёғи остидадир...»

Аброр ДЕҲҚОНОВ,
Риштон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари



<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 8 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab