БУГУН РИШТОН-СЎХ ЧЕГАРА ПОСТИ ОЧИЛДИ

×

 2021-04-01 16:29:56    859

PDF yuklash
Chop etish


Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг 11−12 март кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифидан кейин бу икки қардош мамлакатларнинг ўзаро дўстлиги янада мустаҳкамланди. Умуман олганда, сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, ҳамкорлик кўлами барча йўналишларда кенгайди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида савдо-сотиқ ҳажми жорий йилнинг ўтган даврида уч баробарга ортди. Айниқса, туризм, маданият, илм-фан ва бошқа қатор йўналишлардаги ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу, албатта, икки халқнинг дўстлиги, қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ҳамкорликка интилиш мақсадининг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, банк-молия, фан-техника, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда.

Ўзаро яқин алоқалар, очиқ мулоқот қадим анъаналарнинг бугунги глобал дунёда янги кўринишларда намоён бўлишини талаб этади. Шундан келиб чиқиб, эндиликда турли соҳаларда муносабатларнинг фаоллашгани эзгу мақсад — минтақа халқларининг янада яқинлашишига хизмат қилмоқда.

Ўзбек ва қирғиз халқларининг қавму-қариндошлик, дўсту-биродарлик муносабатлари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бундан бир неча кун олдин Қирғизистон делегациясининг Фарғонага, хусусан Риштон туманига қилган ташрифи бу икки халқнинг муносабатларини янада мустаҳкамлаган бўлса, бугунги тарихий кун – Риштон-Сўх йўлининг очилиши муносабатларнинг самимий эканлигини намоён этди.

Бугун Фарғона вилояти Риштон туманидан Сўх туманига борувчи Қирғизистон орқали ўтувчи йўлнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Эндиликда икки давлатдаги чегара ўтказиш масканлари барча фуқаролар ҳамда енгил автомашиналар ҳаракатланишлари учун очиқ.

“Риштон” чегара божхона постининг очилиши катта шодиёнага айланди. Чегара мажмуасида Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Тадбирда сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Боткен вилояти губернатори Омурбек Сувоналиев ва бошқалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида бошқа соҳалардаги алоқалар кенгайиб бораётгани, хусусан, чегараолди ҳудудларининг ҳамкорлиги тобора фаоллашаётганини таъкидлашди.

– Бугун икки халқ учун катта шодиёна, – деди Хайрулло Бозоров. – Қарийб ўн йилдан буён ёпиқ бўлган чегара постларимизнинг очилиши ҳақиқатдан ҳам муҳим воқеадир. Халқларимизнинг дўстлиги абадий бўлсин.

Дарҳақиқат, барча чегара постларининг очилгани халқимиз дилидаги иш бўлди. Чегара постларининг очилганлиги ҳақидаги хушхабарни икки қардош халқ катта хурсандчилик билан кутиб олди. 

Маълумот ўрнида: 19 километрлик Риштон - Сўх йўлининг ёпиқлиги сабаб, сўхликлар Риштонга келиб-кетишлари учун 80 км айланма йўлни босиб ўтишига тўғри келаётганди.

 

Аброр Деҳқонов,

Зайлобиддин Йигиталиев. 



<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 14 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab