СУБСИДИЯ ЎЗИ НИМА?

 2021-03-04 05:59:06    709

PDF yuklash
Chop etish


Жорий йилнинг 1 мартидан даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга субсидиялар бериш жараёнлари қайтадан ишга тушди.

Субсидиялар - даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағдир.

Бошланғич бадал деганда бирламчи бозордаги (яъни янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратилган пуллар тушунилади. Шаҳар ва қишлоқ жойларда уларнинг қиймати ҳар хил бўлади. Субсидия, шунингдек ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.

Бунда қишлоқ жойларда биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун - 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига, шаҳарларда эса - дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида берилади.

Субсидия олиш учун аризани Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин.

Субсидиялар кимларга берилади?

Эслатиб ўтамиз, мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Субсидиялар фақатгина ариза берувчининг рўйхатдан ўтган ҳудуди бўйича берилади.

Субсидия ва арзон уйлар-бир хил тушунчами?

Субсидиялар уйларни бозор нархида харид қилишга берилади. Яъни субсидия билан арзон уй-жойлар иккита бир-бирига умуман алоқаси йўқ бўлган тоифадаги тушунчалардир. Шунингдек, субсидияларга тегишли Фармон чиқиши билан арзон уй-жойлар дастури ёпилгани йўқ.  Ҳокимликлар фуқароларни қабул қилмасликлари бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилмаган. Арзон уй-жой учун навбатларингиз ДХМлар орқали ўзгартирилмайди. Ушбу масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.

Субсидия олишда баллар...бу нима?

Субсидия бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағлари берилмайди. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим. Бунинг учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради. Масъул органлар – ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банкларидир.

Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади. Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳакозо), шунингдек оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган. Субсидия тартиб бўйича юқори балл тўплаганларга берилади.

Субсидия олиш учун қандай маълумотларни тақдим этиш керак?

1.Паспорт;

2.Оила аъзоларининг паспортлари нусхаси;

3.Никоҳ гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзандлари бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси.

4.Никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома ёки никоҳни ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда)

5.Оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда).

6.Доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар.

7.Доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхаси.

8.Ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солик декларацияси).

Ариза якунлари бўйича талабгорга ижобий жавоб олинган тақдирда фуқаро ўзининг танловига кўра субсидияни уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга қаратилган маблағ шаклида олиши мумкин бўлади.

Субсидия олиш учун ойлик маоши қандай бўлиши керак?

Туманларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 3.8 баробардан кам бўлмаган, 4.5 баробардан кўп бўлмаган 10 балл (2 581 000 сўмдан 3 056 985 сўмгача).

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 4.6 баробардан кам бўлмаган, 5.2 баробардан кўп бўлмаган 6 балл (3 124 918 сўмдан 3 532 516 сўмгача).

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 5.3 баробардан кам бўлмаган, 5.8 баробардан кўп бўлмаган 2 балл (3 600 449 сўмдан 3 940 114 сўмгача).

Танганинг орқа томони-чи?

Агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларини) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.

Эътибор беринг! Субсидия олиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари сиздан фақатгина ариза олиб қолиб тайёр натижани тақдим этишга ваколатли. Қолган масалалар, яъни кимга, қайси ҳамда қанча миқдорда субсидиялар ажратиш ташкил этиладиган Комиссия томонидан ҳал қилинади. Бу ишга Давлат хизматлари аралашмайди.

Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларинг биттасига) фақат 1 марта берилади.

Шуҳратжон РАҲИМОВ,

туман Давлат хизматлари маркази директори.



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 117 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab