РИШТОН ТУМАН ҲОКИМИ С. СОЛИЕВНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 29 ЙИЛЛИК БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАНИМИЗ ХАЛҚИГА ЙЎЛЛАГАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

×

 2020-08-30 08:12:19    799

PDF yuklash
Chop etish



Қадрли тумандошлар,

Муҳтарам дўстлар!

Бугун сизу биз энг улуғ, энг азиз байрамимиз, жонажон Ўзбекистонимиз Истиқлолининг қутлуғ 29 йиллик тўйини кўп миллатли халқимиз билан биргаликда бир тану бир жон бўлиб, меҳнатдаги улкан муваффақиятларимиз тантанаси ила кўтаринки руҳда қарши олмоқдамиз.

Шу муносабат билан мен сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини ушбу буюк шодиёна, тарихий сана билан қизғин муборакбод этаман.

Бу йил мустақиллигимизнинг 29 йиллигини “Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя билан кутиб олмоқдамиз.  Бу эзгу шиор ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди, албатта.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз "Ўзбек модели” асосида жаҳонга юз тутган бўлса, ўтган уч йил давомида эса давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев асос солган Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичида жадал ривожланаётганини бугун бутун дунё ҳавас билан эътироф этмоқда.

Одамларнинг қиёфасида, юзу кўзида Истиқлол берган буюк неъматларга шукроналик туйғуларини илғаш қийин эмас. Бугунги кунда 201 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Риштон тумани ҳам сизлардек фидойи ва олижаноб халқимизнинг ҳалол меҳнатлари туфайли янгича қиёфа касб этиб бораётганини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

 

Муҳтарам дўстлар!

Юртдошларимиз ўз ҳаётида рўй бераётган оламшумул ўзгариш ва янгиланишлардан беҳад мамнунлик ва фарзандлари камолидан бахтиёрлик туйғуси билан яшамоқдалар.

Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан натижаларга эришиб, изчил тараққий этиб бормоқда.

Амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли вилоятимиз, туман ва шаҳарларимиз ҳам тобора чирой очиб, одамлари тинч ва фаровон ҳаёт кечираётган, ёшлари илмда ҳам, ишда ҳам ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган юртга айланмоқда.

Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик? Бу оддий савол эмас. Унинг моҳиятида халқимизнинг ўтмишдаги ҳаёти, турмуш тарзи ва дунёқараши билан бугунги иқтисодий тараққиёт, онгу тафаккурдаги юксалишлар, ўзликни англаш ва намоён қилишдек азиз қадриятлар мужассам. Бугун бу саволни ҳар ким ўзига бериши керак. Ҳар лаҳза ўзимизнинг фидокорона меҳнатимиз, билим ва салоҳиятимиз, тараққиётга қўшаётган ҳиссамиз билан унга жавоб излашимиз лозим.

Бугунги ютуқларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Унинг ортидаги заҳматлар, машаққатларни халқимиз яхши билади.

Мамлакатимиз атиги йигирма тўққиз йилда юз йилларга татигулик ютуқларни қўлга киритди. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига ва қатъий сўзига эга бўлди. Бундай қиёсий таърифни юртимизнинг ҳар бир гўшасидаги янгиланишларда яққол кўриб турибмиз.

Йилдан-йилга қурилиб, қад ростлаб ишга туширилаётган мактаблар, тиббиёт масканлари, шунингдек арзонлаштирилган намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар имкониятларимизнинг исботидир. Келажакни кўзлаб амалга оширилаётган бундай ишларимиз, албатта, ўз самарасини беради.

 

Азиз ватандошлар!

Мен бугун Сиз - туманимиз халқига ўз хизмат соҳаларида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётганлиги учун чексиз миннатдорлигимни билдираман. Барчангизга амалга ошираётган ишларингиз баракали бўлиб, хонадонингиздан файзу барака аримасин дейман. Ҳамиша фаровон ҳаёт, фаровон турмуш оғушида бўлиб, фарзандларингиз камолини кўринг, ҳаётингиз бундан ҳам нурафшон бўлсин. Барчангизга соғлик, оилавий бахт, мамлакатимизнинг гуллаб яшнаши йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда омадлар тилайман.

Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган барча эзгу ва хайрли ишларимиз халқимиз манфаатларига хизмат қилар экан, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади, деган ибора барча-барчамизни эртанги ёруғ кунлар саодати сари етаклаши шубҳасиздир.

Байрам шукуҳи сизу бизнинг қалбимизга олам-олам шодлик улашиб турган бир пайтда мен сизларни яна бир бор энг улуғ ва энг азиз байрамимиз билан самимий табриклайман!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Хонадонларимизни файзу барака, бахт ва қувонч асло тарк этмасин. Элимизнинг, Сиз азизларнинг бошингиз омон бўлсин! Ватанимиз равнақини, юртимиз келажагини, фарзандларимиз камолини кўриш бахти барчамизга насиб этсин!

 

Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин!



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 12 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab