Пешқадамлик ва меҳнатсеварлик пиллакорларга хос хусусият бўлиб, ипак қурти боқиш мавсумида бу хусусиятлар тўла намоён бўлади ҳамда ўзининг самарали натижаларини мўл пилла хирмонларида кўрсатади. Ҳар йили барвақт ипак қуртларини парваришлашга киришиб, мўл ҳосил олишга одатланган Риштон туманидаги 1100 нафар пиллакорларимиз бу йилги мавсумда 2250 қути маҳаллийлашган ипак қуртларини илғор тажрибалар асосида парваришлаб, мўл пилла ҳосили етиштиришни мақсад қилишган.
Бу билан уста пиллакорларимиз мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшиб, ички бозоримизни қимматбаҳо саноат хом ашёси билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга бел боғлаганлар.
Кеча Риштон туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ вакиллари қурт боқувчиларнинг хонадонларига ташриф буюришди ва уй шароитида иш билан таъминлайдиган резервлардан бири – пиллачилик соҳасининг бугунги ҳолати билан яқиндан танишишди. Туман ҳокими ташриф буюрган хонадонларнинг аксариятида пилла ҳосилини йиғиш бошлаб юборилган эди. Айтиш жоизки, туманимизда “кумуш тола” тарозуга тушишни бошлади. Ушбу жараёнда бевосита қатнашган туман ҳокими ва мутасадди раҳбарлар пиллакорларга совғалар топширишди.
Бош пиллахонамизда пилла ҳосилини қабул қилиш билан баробар пилла ҳосилини дастлабки технологик ишлов беришдан ўтказиш ишлари ҳам пешма-пеш амалга оширилмоқда.
Риштон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати