Риштон туман ҳокимининг деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига МУРОЖААТИ

 2020-04-14 09:01:19    705

PDF yuklash
Chop etish



Азиз миришкор деҳқонлар ва Риштонлик томорқа ер эгалари!

Айни пайтда бутун жаҳонни коронавирус пандемияси ҳам иқтисодий ҳам, ижтимоий жиҳатдан хавотир ва ташвишга солиб турибди. Кейинги йилларда дунё ҳамжамияти билан чуқур интеграцияга киришиб, жадал суръатларда ривожланиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳам бу офатдан четда қолмаяпти.

 Барчамизга маълумки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш, бу офатдан ўзимизни, оиламиз ва маҳалламизни сақлаш учун қатъий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу масала юзасидан Давлатимиз раҳбарининг халқимизга бир неча маротаба мурожаат билан чиққанлари ҳам шундан далолат беради.

    Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича 3 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Муҳтарам Президентимиз эл-юртимизга яна бир марта мурожаат этди. Чин юракдан изҳор этилган ушбу самимий ва таъсирчан мурожаат барча халқимиз қатори фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларимизга ҳам жуда катта руҳий далда бўлди.

Муҳтарам Президентимиз ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиш билан бирга, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозимлигини таъкидлади.

   Видеоселектор йиғилишида деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу ғанимат кунларда фермер ва томорқачиларимизга ҳам тетик ва бардам бўлиб, тушкунликка тушмасдан, айниқса, керакли тиббий тавсияларга қатъий амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини изчил давом эттириш бўйича зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди. Зотан, карантиндан кейин ҳам ҳаёт давом этишини албатта ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Халқимизнинг бирламчи турмуш эҳтиёжларини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда аграр соҳанинг ғоят муҳимлиги кундек равшан. Юзага келган инқироз чуқурлашиб кетмаслиги учун ҳам бободеҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир лаҳзани ғанимат билишлари жоиз.

Сиз, азиз деҳқонлар етиштирадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб, бозорларимизда нарх-навонинг ўринсиз ошиб кетишининг олдини олишни таъминлаш энг асосий вазифамиз эканини унутмаслигимиз зарур. Бу борада миришкор деҳқонларимиз томонидан бугунги кунга қадар бажарилган ишлар таҳсинга сазовордир.

Мавжуд ноқулайликларга қарамасдан маҳсулотларингизни халқимизга етказиб бериш учун аҳоли яшаш пунктларида кўчма савдо дўконлари, кичик савдо ярмаркалари ташкил қилинмоқда.

  Азиз юртдошлар, мамлакатимизга четдан кириб келган коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтириб чиқараётган бир пайтда, томорқаларимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан халқимиз фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини, бозорларимиздаги арзончиликни таъминлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Барчани бу муқаддас бурчимизни виждонан адо этишга чақирамиз! Риштоннинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар талайгина. Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи. Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат килайлик. Бундай амалий ибрат асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилади.

Маълумки, деҳқончиликда баҳорнинг бир куни бир йилга татийди. Кўпни кўрган, омилкор деҳқонларимиз мана шундай ҳал қилувчи паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади. Табиат инжиқликлари билан курашларда тобланган тажрибали деҳқонларимиз вужудга келган вазиятни туғри қабул қилган ҳолда, ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланадилар, деб ишонамиз.

Ҳозирги синовли даврда ерга экин экмаслик, томорқа майдонларини қаровсиз қолдириш она заминимизга нисбатан хиёнат, деб баҳоланади.

Ҳурматли томорқа ер эгалари, миришкор деҳқонлар!

Биринчидан, айни кунларда ўз ҳовлимиз, томорқаларимизни тартибга келтиришимиз жуда муҳим. Мевали дарахтларга, экинларга зиён етказадиган турли зараркунандаларга қарши ишлов беришни ўз вақтида бажаринг;

иккинчидан, апрель ойининг қулай об-ҳавосида қисқа муддатларда бир қарич ҳам еримизни бўш қолдирмай, сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар уруғини қаданг;

учинчидан, ҳозирги мураккаб шароитда томорқадан олинадиган ҳосилни икки марта кўпайтириш учун астойдил ишлайлик, тўқсонбости ва эртаги экинлардан бўшайдиган томорқа ерларига май-июнь ойларида такрорий сабзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинларини экайлик. Ўз эҳтиёжимиздан ортган қисмини халқимиз дастурхонига ва экспортга етказиб берайлик. Бу ишимиз билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек олижаноб ишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз;

тўртинчидан, томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, ундан уч марта ҳосил олишга интилайлик, бунинг учун ҳар бир хонадонда ихчам иссиқхона қуриб, намунали томорқачи ва илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштирайлик.

  Унумдор еримиз ва серқуёш юртимизда ўз томорқасига эга бўлган юртдошларимизнинг камбағал яшаши халқимизнинг меҳнатсеварлик ва ишбилармонлик фазилатига ярашмайди.

Ҳурматли маҳалла аҳли ва мутасаддилар!

   “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилига амал қилиб, маҳаллаларимизни муайян турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирсак, қилган меҳнатимиздан юқори даромад олишга замин яратилади.

Чунки, маҳалла миқёсида бир хил маҳсулотнинг етиштирилиши унинг йирик бозорларга чиқарилишида логистика нуқтаи назаридан қулайликлар яратишини эсдан чиқармаслигимиз керак. Шундай экан, маҳалла оқсоқоллари ва устоз деҳқонларнинг маслаҳатларига амал қилиб, бир ёқадан бош чиқариб, бу жараёнда фаол иштирок этайлик. Маҳаллада кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқаларида деҳқончилик билан шуғулланиб, ўзларини тиклаб олишига баҳоли қудрат ёрдам берайлик.

Заҳматкаш ва танти деҳқонларимиз, томорқа ер эгалари!

Мамлакатимизда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” каби кўкрак нишонларининг таъсис этилиши ҳам деҳқонларимизнинг меҳнатига берилаётган юксак эътиборнинг ёрқин далилидир. Бу – халқимизнинг дастурхонини обод, турмушини фаровон қилиш билан шуғулланаётган, яратувчанликка умрини, меҳрини бағишлаган азамат деҳқонларимиз учун муносиб эътирофдир.

Ҳурматли фермерлар!

Сизларни томорқангизда оилангиз эҳтиёжи учун маҳсулот етиштириш билан бирга, маҳаллангиздаги кам таъминланган оилаларга ўз томорқасида деҳқончилик қилишлари учун кўмак беришга чақирамиз.

Бу борада кўрсатган моддий ва маънавий ғамхўрлигингиз, савобли ишларингиз уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади. Унутманг, маҳалладошларингизга кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрлик сизлар кузда оладиган мўл ҳосилнинг баракали бўлишини таъминлайди.

Мана шундай эзгу ва олижаноб ишларда барчангизга мувафаққият ва омад ёр бўлсин!

 

 Риштон тумани ҳокими    С. Солиев



<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab