Буюк Ипак йўлидаги ҳунарманд диёр

 2021-06-08 08:46:10    477

PDF yuklash
Chop etish


Янги имкониятлар ишлаш, изланишга чорлайди

Риштон – Буюк Ипак йўлида жойлашган энг қадим масканлардан. Тупроғи қизил рангга эга бўлиб, қадимий суғд ёзувида “Раш” (Руш”, “Руши”) – “қизил ер” деган маънони англатган. Фарғона водийсининг йирик кулолчилик маркази ҳисобланади…

Бугун риштонликлар қадрдон гўшаларини гуллаб-яшнаши йўлида меҳнат қилмоқда. Туман бўйлаб қулоч ёйган бунёдкорлик, яратувчилик ишлари кундан-кунга авж олмоқда. Ҳар соҳада ўзгариш, янгилик.
Президентимизнинг 2019-2021 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар томонлама намунали ҳудудга айлантириш юзасидан берган амалий таклиф ва кўрсатмалари кулоллар юртига янги ҳаёт нафасини олиб кирди.
Туман ҳудудидан ўтувчи “Фарғона ҳалқаси” автомобиль йўли ёқасида жойлашган турар ва нотурар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари замонавий ва миллий шаҳарсозлик талабла-ри асосида қайта қурилди. Уй-жой, ичимлик суви, электр энергияси, йўл каби инфратузилма тармоқларида зарурий қулайликлар яратилди.
– Туман марказида 432 хонадондан иборат 18 та кўп қаватли турар жой биноларини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. “Фаровонлик” МФЙ, Тўқимачи кўчасида “Кулоллар шаҳар-часи” қурилиши якунланди, – дейди туман ҳокими Суфхонжон Солиев. – Сўнгги бир йилда 1 та гипермаркет, 5 та супермаркет, 6 та ҳаммом, 15 та чойхона, 1 та авто шоҳбекат, 9 та кутубхона, 5 та кичик футбол майдонлари, 7 та тикувчилик цехлари, 1 та хусусий диагностика маркази қурилиши ва 2 та стадионда реконструкция ишлари амалга оширилди.
Гўзал ва обод манзилларда яшашни барча орзу қилади. Бугун бу орзулар кўз ўнгимизда рўёбга чиқаётгани айни ҳақиқат.


Туяқушнинг тирноғи ҳам пул

   

Риштонлик тадбиркор Мамасобир Ҳожиаҳмедов ташаббуси билан ташкил этилган “Страус-фарм” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси Африка туяқушлари парваришлашда ўзига хос тажрибага эга.

Дастлаб 100 бош туяқушни парваришлашдан бошлаган тадбиркор фермасида уларнинг сони 185 бошдан ошди. Эндиликда она туяқуш тухумларидан маҳаллий шароитда жўжа етиштириш йўлга қўйилди. Шу мақсадда замонавий инкубаторий ташкил этилди. Бир мавсумда 2000 бош жўжа олинади. Ўтган йилда 1000 бошга яқин туяқуш жўжалари сотилди.
– Бу жониворнинг турган-битгани фойда. Унинг тирноғи ҳам пул, қимматбаҳо олмосларга шакл беришда жуда керакли хом- ашё ҳисобланади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Ҳасанбой Аҳмаджонов. – Туяқушларни 1000 бошга етказиш ҳаракатидамиз. Корхонамиз қошида озуқа тайёрлаш цехи ишга тушди. Озуқабоп экинлар экиш учун 45 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Бу ерда туяқуш гўшти ва тухуми, териси, майин патлари, киприкларини қайта ишлаш йўлга қўйилди. Терисидан эркак ва аёллар сумкаси, ғилоф, аёллар оёқ кийими, қайиш, ёғидан хушбўй совун ишлаб чиқарилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, корхонанинг агротуристик салоҳияти ошиб бормоқда. Корхонада туяқушлар югуриш мусобақаси ташкил этилади. Бунинг учун йўлаклар ҳозирланмоқда. Саёҳатчилар парҳез таомларни татиб кўриши, тайёр маҳсулотларни харид қилиш имкониятига эга.


Хандон писта – кони фойда

Зоҳидонлик Қодирали Қосимов тиниб-тинчимаган ташаббускорлардан. Айни кунда унинг саъй-ҳаракати билан Ибн Сино номли хусусий мактаб қуриб битказилди.

Биз мактаб ҳақида эмас, балки тадбиркорнинг писта етиштириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларига эътибор қаратдик.
Тадбиркор ташаббуси билан 34 сотих ерда писта кўчатчилиги йўлга қўйилган. Бундан ташқари, 1200 квадрат метр жойда Калифорния қизил чувалчанги парваришланиб, биогумус тайёрламоқда. Бу писта кўчатлари плантация-лари ташкил этишда озуқа вазифасини ўтайди.
– Пистачиликдан келаётган даромад чўғи чакки бўлмайди, – дейди тадбиркор. – Яхши парваришланган кўчат 4 йилда ҳосилга киради. 5 х 5 ўлчамда экилганда, бир гектар ерга 400 туп кўчат ўтқазилади. Бир мавсумда 12 тонна писта етиштирилади. Бир килограмм писта ўрта ҳисобда 100 минг сўмдан сотилса, ялпи даромад 1 миллиард 200 миллион сўмга боради. Айни кунда 250 гектар ерда пистазор ташкил этишни кўзлаб турибмиз. Шу мақсадда 100 минг дона кўчат парваришлаяпмиз.


Сабзавотлар экспорт қилинади

“Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Rishtan рremium vegetables” МЧЖ қўшма корхонасида сара сабзавот маҳсулотлари етиштириш, экспорт қилиш лойиҳаси ишга туширилди.

Тадбиркорнинг хорижий ҳамкори Тожикистон Респуб-ликаси фуқароси. Қиймати 250 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди, замонавий иссиқхона қурилди, 15 та янги иш ўрни яратилди.
– Бу ерлар тош-шағал, қаровсиз жойлар эди, – дейди тадбиркор Изробу Усмонова. – Ерни ковлаб, унумдор тупроқ олиб келиб солдик. Меҳнатларимиз бесамар кетгани йўқ. Эртанги аччиқ қалампир, помидор, бодринг яхши ҳосил берди. Айни кунда иккинчи экин турларини экишга тараддуд кўряпмиз. Бу йил 100 минг тонна ёки 2,5 миллиард сўмлик сабзавот маҳсулотлари етиштириб, 2 миллион АҚШ долларилик сабзавот экспорт қиламиз.
Иссиқхонада томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган, замонавий иситиш тармоғи бор. Бу сабзавот экинларидан йил давомида ҳосил олиш имкониятини беради.


Қандак ўрик – қанддек ўрик

Риштон нафақат кулолчилик маҳсулотлари, балки қандак ўриклари билан ҳам машҳур. “Оқ қандак”, “Қизил қандак”, “Мулла ҳанди” навли ўриклар шу заминда етиштирилади. Оғизга солсангиз, қанддек эриб кетади.

Серҳосил ўрик етиштириш, навларини кўпайтириш ишлари кўлами кундан-кунга кенгаймоқда, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланяпти.
– Ўрикзорлар ҳажми кейинги уч йилда 1000 гектарга кенгайди. Ҳар йил ўрта ҳисобда 17287,5 тонна ўрик етиштирилади, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Муроджон Маҳмудов. – Жорий йилнинг ўзида 120 гектар ерда янги интенсив ўрик боғлари ташкил этилди. Кўчатчилик йўналишида фаолият олиб бораётган “Малик Ғулом” фермер хўжалиги 3 минг тупдан ортиқ “Суфхони”, “Исфарак”, “Мулла ҳанди”, “Қизил қандак”, “Оқ қандак” навли ўрик кўчатлари етказиб берди. Бу навлар маҳаллий иқлимга мослиги, серҳосиллиги билан ажралиб туради.
Мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш мақсадида 3300 тонна сиғимга эга бўлган янги музлатгичлар қурилди. Қуритиш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш доирасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Жон-жон домла”нинг кутубхонаси

“Чиннигарон” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган кекса муаллим Ҳусанжон ака Эргашев (маҳалладагилар уни “Жон-жон домла” деб билади) ўз хонадонида оилавий кутубхона очди. Унинг асосий ўқувчилари атроф маҳаллалардан келаётган ёшлар.

Саксон ёшни қарши олган Ҳусанжон ота кексаликка бўйин бергани йўқ. Китоб, газета ва журнал мутолаасини канда қилмайди. Қаерга борса янги китоб, газета, журнал харид қилади. Оилавий кутубхона фонди бойиб бормоқда. Ҳозирда китоблар сони 5000 донага яқинлашган. Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, энциклопедиялар, дарсликлар, болалар адабиёти намуналарига алоҳида ўрин ажратилган.
– Бу китобларнинг аксариятини ёшликдан ўқиб йиққанман, – дейди Ҳусанжон Эргашев. – Уларнинг ҳар бир мен учун қадрли. Китоб – инсонни камолот сари етакловчи хазина. У маънавий озуқа берибгина қолмай, тафаккурни бойитиб, соғлом мулоҳаза юритишга ўргатади. Фаол китобхонларни рағбатлантириб борамиз.
Китобхон ёшлар, оилалар ўртасида турли танловлар ўтказиш анъанага айланган. Хорижий тиллар бўйича ўқув тўгараги ҳам фаолият кўрсатмоқда. Оиланинг тўнғич келини Шаҳлохон бу ишларга бош бўляпти.
Ҳусанжон Эргашев турмуш ўртоғи Ақидахон ая билан беш ўғил, икки қизни тарбиялаб, элга қўшди. Ўнлаб набира, чевараларнинг севикли бобо ва бувижони. Улар кириб келса, оила кутубхонаси янада тўлиб-тошиб кетади.


Олис қишлоқ обод бўлмоқда

“Ёйилма” ва “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғини туман марказидан анча олис. Бу ерга келганлар қишлоқлар обод бўлаётгани, аҳоли турмуш шароити яхшиланиб бораётганига гувоҳ бўлади.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида бу қишлоқларда 10 километрга яқин тоза ичимлик сув тармоқлари тортилди, 2 та тик қудуқларни таъмирлаш, сув насослари ўрнатиш, ички йўлларга шағал ётқизиш, асфальтлаш, электр узатмаларни соз-лаш, қўшимча трансформаторлар ўрнатиш ишлари поёнига етди. Бу мақсадлар учун 15 миллиард 357,1 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Эндиликда пастқам ва яроқсиз бинолар бузилиб, ўрнига замонавий, миллий меъморчилик андозалари асосида кўркам бино-иншоотлар, хизмат кўрсатиш масканлари қад ростламоқда.
– Икки километрдан ортиқ тоза ичимлик суви тармоғи тортилди, ички йўлларга шағал ётқизилди, асфальтлаштириляпти, носоз электр таянч устунлари алмаштирилмоқда, – дейди “Ёйилма” МФЙ раиси Аҳмаджон Йигитов. – Бўлар экан-ку. Уйимиз, қишлоғимизга меҳмон чақиргани уялардик, энди ҳаммани меҳмонга чорлаймиз.
Қўли-қўлига тегмай меҳнат қилаётган қурувчилар, саховатпеша тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари чекка қишлоқларга янги ҳаёт нафасини олиб киряпти.


Дунёга машҳур маҳсулотлар

  

Риштон ва риштонликлар  хусусида сўз  айтганда, қўли гул кулоллар меҳнати алоҳида эътироф этилади. Оддий тупроқдан мўъжиза яратаётганлар қалб қўри, меҳнат ва изланишлари билан ясалаётган сопол буюмлар дунёга машҳур.

Равшанжон Тожиддинов кулоллар сулоласидан. Бобоси, дадаси уста кулол бўлиб оила тебратган, эл-юртга хизмат қилган. Ёш кулол бобомерос ҳунармандчилик анъаналарини ривожлантириш, турларини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда. Айни кунда “Р+Корон” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда ўз харидорларини топди. 70 нафардан ортиқ ёшлар 300 турга яқин кулолчилик буюмлари ишлаб чиқармоқда. Баландлиги 2 метр 22 сантиметр бўлган улкан кўза, диаметри 1 метр 20 сантиметр, оғирлиги 81 килограмм, бир вақтда 40 килограмм ош сиғадиган сопол товоқ ҳайратингизни оширади. Айтишларича, кулолчилик маҳсулотлари сифатини билишни хоҳловчилар уни қўлига олиб, бир чертиб кўрса кифоя. Бу сопол буюмлардан таралган сас куйга айланиб, узоқ вақт жаранглаб туради.
– Президентимизнинг Риштонда қурилган Халқаро кулолчилик марказига ташрифи ва сопол буюмларни миллий қадрият сифатида баҳолаб, уни ҳар бир хонадонга кириб бориши юзасидан берган таклифлари миллий ҳунармандчилик мактабида янги ҳаёт йўлини бошлаб берди, – дейди кулол Равшан Тожибоев. – Айни кунда меҳнат жамоалари, ёш оилалар талаб ва таклифлари асосида маҳсулотлар тайёрлашга эътибор беряпмиз. Албатта, бу ўз-ўзидан амалга ошиб қолаётган йўқ. Аввало, мамлакатимизда ҳунармандчилик, тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида берилаётган имтиёз ва имкониятлар жуда қўл келмоқда. Тайёрланган маҳсулот турлари кўпайиб, экспорт ҳажми ортиб бормоқда.
– Дунёда кулолчилик анъаналари, турлари кўп, жуда ранг-баранг, – дейди италиялик сайёҳ Даниела Массорел. – Аммо оддий тупроқдан яратилган мўъжизалар – санъат асарларига боқиб, жуда ҳайратландим. Италияда ҳам кулолчилик анъаналари ривожланган, лекин риштонлик кулоллар қўл меҳнати билан ясалган маҳсулотлар табиий кўриниши, бир-бири билан уйғунлашган ранг-тасвирларга бойлиги билан ўзига ром этади.
Кулолчилик ҳунари беназир. Қунт ва чидам, синчковлик талаб этади. Ота-боболаримизнинг сопол буюмларни қўлда ясаш санъатини ривожлантириш ишлари кўҳна ҳунар ривожида муҳим қадам бўлмоқда.
Дарвоқе, Греция пойтахти Афина шаҳрида Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан мамлакатимиз Бош консуллиги кўмагида Ўзбекистон ҳунармандлари савдо уйи очилди. Савдо уйи Грециянинг “Craftence” компанияси билан ҳамкорликда Афинанинг энг зич Калифея туманида ташкил этилди. Риштон шаҳридаги “Моҳи Диёр Рошидон” оилавий корхонаси савдо уйи ҳамкори ҳисобланади. Шартномага мувофиқ, ушбу оилавий корхона Грецияга 7 минг дона сопол лаган, кўза, ваза сувенирларини етказиб берди.

Саҳифа материалларини Расулжон Камолов тайёрлади.
Шерзод Қорабоев олган суратлар.

"Фарғона ҳақиқати" газетасидан олинди. 



<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab