ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ ЯНАДА СОДДАЛАШТИРИЛДИ.

 2023-03-03 06:42:08    278

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, ушбу йўналишда барча зарурий чора-тадбирларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш ва улар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг давоми ўлароқ 2022 йилнинг 9 ноябрь куни Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим ҳужжати - “Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-244-сонли Фармони қабул қилинди.

ФАРМОННИНГ МАҚСАДИ.

Фармоннинг қабул қилинишидан мақсад тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг аниқ мақсад ва чегараларини белгилаш, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги маҳсулот ва хизмат турларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали улар учун тартибга солиш юкини камайтиришдан иборатдир.

ФАРМОННИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ.

ФАРМОН БИЛАН тегишли вазирлик ва идораларнинг тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан фақатгина қуйидаги воситалар орқали тартибга солиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:

тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг айрим турлари бўйича лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилларини жорий этиш;

техник жиҳатдан тартибга солиш;

тариф ва нотариф тартибга солиш;

қонунда белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш;

давлат назорати;

рақобатни ҳимоя қилиш;

қонун билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини ўрнатиш;

ҳисоботларни жорий этиш;

ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотга аъзолик (иштирок этиш) асосида ўзини ўзи бошқаришни жорий этиш.

ФАРМОНГА КЎРА:

Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш воситалари тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини, унинг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фақат норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида жорий этилиши; норматив-ҳуқуқий ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларда белгиланган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги белгиланди.

ФАРМОН БИЛАН:

2023 йил 1 январдан:

тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш;

янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар - ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши;

электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;

якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш талаблари бекор қилинди.

2023 йил 1 мартдан қуйидагича тартиб ўрнатилиши белгиланди:

солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;

ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади. Бунда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали нодавлат хизматлар кўрсатиш тартиби Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан белгиланади;

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;

вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.

2023 йил 1 январдан бошлаб Фармоннинг 1-иловасида кўрсатилган соҳалар бўйича юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солишни назарда тутувчи Тартибга солиш қумдони махсус ҳуқуқий режими жорий этилди.

 

2023 йил 1 январдан қуйидагича тартиб ўрнатилди:

а) Махсус ҳуқуқий режим доирасида тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларга рухсат этилади:

янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий қилиш йўналишларидаги фаолиятини чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик;

лицензиясиз ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан фаолиятни амалга ошириш, бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мустасно;

б) Махсус ҳуқуқий режим тегишли ваколатли орган ва ташаббускор ўртасида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида тузиладиган келишувга асосан жорий этилади. Бунда:

келишувда лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, шу жумладан муддати, ҳудуди ва шахслар доираси, ташаббускорга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари) белгиланади;

ҳар бир лойиҳа бўйича Махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати кўпи билан уч йилни ташкил этади;

в) Махсус ҳуқуқий режим якунлари бўйича тегишли ваколатли орган томонидан бир ой муддатда:

синовдан ўтказилган маҳсулот ва хизматларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади;

маҳсулот ва хизматларни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Қолаверса, ФАРМОН БИЛАН тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик яратиш ҳамда соҳадаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

 

МЎМИНЖОН УМАРОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси



<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 43 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab