ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ “ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАНУ БИР ЖОНДИР”
2021-12-24 16:18:39 471
Юртимизда жорий йилнинг 1 декабридан 2022 йилнинг 15 январига қадар ўтказиладиган "Ватанпарварлик ойлиги" тарғибот тадбирлари ушбу шиор остида ташкил этилмоқда.
Ўқувчилар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолига мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни етказиш, Қуролли Кучларнинг салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ўтказилаётган ойликнинг туманимиздаги тадбирлари давом этмоқда.
Бугун 26-умумий ўрта таълим мактабида байрамона безатилган. Бу ерга мактаб юқори синфлари ўқувчилари, аълочи ва жамоат ишларида фаол ўқувчиларнинг ота-она, бобо-бувилари, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари жам бўлишди.
Даврага Валижон Қодиров ва туманимиздаги “Алпомиш” мактаби ўқувчилари Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, ҳарбийча қўшиқ куйлаб кириб келишди.
Тантанали тадбирни мактаб директори Махфиратхон Исматова очиб, туман ҳокими Суфҳонжон Солиевга сўз навбатини берди. Туман ҳокими бутун мамлакатимиз бўйлаб қанот ёзган ватанпарварлик ойлиги ташаббус ва тантаналари ҳақида тўхталиб, бу саъй-ҳаракатлар ўқувчилар қалбида ўчмас из қолдиришини таъкидлади. Қуролли Кучларимизда халқимизнинг энг мард ўғлонлари жасорат намуналарини кўрсатиб хизмат қилишмоқда. Уларнинг шараф тўла ҳаётига жажжи ука-сингиллари ҳавас билан қарашади. Шундай юлдузли лаҳзаларда ўғил-қизларимизнинг кўнглидан “мен ҳам келажакда аскар бўламан” деган ўй-орзулар ўтиши кундай равшан, - деди туман ҳокими.
Тадбирда “Алпомиш” мактаби, “Ватанпарвар” ўқув-спорт клуби вакиллари ва мактаб ўқувчилари томонидан турли чиқишлар намойиш этилди. Валижон Қодиров томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Туман Кенгаши депутати Бахтиёр Тўйчиев ҳам тадбирда сўз олиб, мактабда аъло ўқиши, намунали хулқи билан ютуқларга эришган ўқувчиларга ўз ҳисобидан кичик стипендия жорий қилгани, бу сафар 5 нафар ўқувчи юз минг сўмдан мукофотга муносиб кўрилганини билдирди.
Шундан сўнг туман ҳокими ва депутат 15 нафар ўқувчига “Фахрий ёрлиқ”, улардан 5 тасига юз минг сўмдан депутат стипендияларини тақдим этдилар.
Мактаб ўқувчиларидан Беҳрузбек ўзи ёзган шеърни ўқиб, Суҳробжон “Ватан” номли қўшиқни куйлаб берди.
Ҳарбий қисм аскарлари, “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари кўрсатган кўргазмали чиқишлар ҳам тадбир иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди.
Туман ҳокими тадбирга якун ясар экан, яқинлашиб келаётган янги йил ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.
Риштон туман ҳокимлиги, туман Маънавият ва маърифат бўлими, туман маданият бўлими, Мудофага кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилоти, "Алпомиш" мактаби ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган "Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш" мавзусидаги тарғибот тадбирлари умумий ўрта таълим мактабларида давом этмоқда.
Толибжон Носиров.
Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi