РИШТОН ЗИЁРАТГОҲЛАРИ САЙЁҲЛАРНИ ЖАЛБ ЭТМОҚДА

 2021-06-18 06:45:37    536

PDF yuklash
Chop etish


Кейинги вақтда улуғ авлиёлар қабрига, муқаддас қадамжоларга ҳукуматимиз, халқимиз томонидан ўзгача эътибор қаратилмоқда. Ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялашда, аждодларимизнинг эзгу ишларидан фахрланиш ҳиссини шакллантиришда зиёратгоҳларнинг ўрни беқиёс. Улуғ-авлиёлар қабрини зиёрат қилишда уларнинг ибратли ҳаётларини ўрганиш муҳим бўлса, меъморий ва тарихий обидаларни авайлаб-асраш, уларнинг дунё тамаддунидаги ўрнига эътибор қаратиш, шу билан бирга, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасидаги аҳамиятини ҳам эътироф этиш зарур.

Риштон номини Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муқимий каби адибу алломалар ўз асарларида тилга олган. Бурҳониддин Марғиноний, Мирзаабдулла Бокий сингари илм аҳллари, кўплаб фан арбоблари, таниқли шахсларга бешик бўлган. Бугун туманда улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, янги корхоналар иш бошлаган, замонавий бино-иншоотлар қад ростлаган.

– Вилоятимизда 139 та архитектура, 117 та археология, 32 та монументал, 88 та муқаддас қадамжолар, диққатга сазовор зиёратгоҳлар мавжуд. Риштондаги “Соҳиби Ҳидоя”, “Хўжа Рушноий”, “Хўжа Илғор” ва “Мулла Исматуллоҳ қори”, “Йигитпирим” зиёратгоҳлари доимий эътиборимизда, – дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳусанов. – Бугунги кунда бу масканларда таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Кадастр ҳужжатлари тайёрланган, чегаралари аниқланган ва асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳар йили “Хўжа Рушноий” зиёратгоҳига ўртача 120 минг, “Хўжа Илғор”га 100 минг, “Мулла Исматуллоҳ қори”га 25 минг, “Соҳиби Ҳидоя” зиёратгоҳига 50 минг нафар зиёратчилар ташриф буюришади. Хусусан, ислом мамлакатларидан келувчи сайёҳлар ва зиёратчилар сафи йил сайин ортиб бормоқда.

“Хўжа Рушноий”

Бу йил битказилиб, ишга туширилган “Халқаро кулолчилик маркази” қурилиши жараёнида унинг шундоқ биқинида жойлашган “Хўжа Рушноий” зиёратгоҳи ҳам реставрация қилиниб, ободонлаштирилди. Илгари фақат риштонлик зиёратчилар келиб-кетадиган масканга бугун хорижлик сайёҳлар ташрифи сезиларли даражада ошган. Ҳудуднинг ободлиги, қийғос очилган турфа гуллар кўнгилларни хушнуд қилади.

– Хўжа Рушноий ёруғлик, рўшнолик, хайрли амаллар тимсоли сифатида қадимдан қадр-

ланиб келинган, – дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари Турсунхўжа Абдураҳмонов. – Бу номдаги мақбаралар Афғонистоннинг Кобул, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳарларида, Самарқанддаги Чокардиза қабристонида ҳам мавжуд. Кимки ихлос билан бу зиёратгоҳга келса, омади юришади, қалбига ёруғлик киради, дейишади.

“Соҳиби Ҳидоя”

Ислом оламининг буюк алломаси Бурҳониддин Марғиноний Риштонда таваллуд топгани ҳақида “Бобурнома”да таъкид-

ланган. Бинобарин, аллома таваллудининг 910 йиллиги нишонланган 2000 йилда Риштондаги мақбара ҳам таъмирланган эди. Ўтган вақт ичида мақбара таъмирга муҳтож бўлиб қолди.

Ҳукуматимиз эътибори билан, “Соҳиби Ҳидоя”ни таъмирлаш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш, қўшимча бинолар, хусусан, таҳоратхона, намозхона қуриш ишлари бошлаб юборилган. Наққошу рассомлар, бўёқчилар таъмирлаш ишлари билан банд.

Мақбара қуббасини ўзига хос нақш билан безаётган усталарнинг айтишича, сифатли бўёқлар келтирилган. Уста бўёқчи Бахтиёр Аҳмаджонов Самарқанд, Бухоро, Қарши шаҳарларидаги меъморий обидаларни таъмирлаш ишларида ҳам қатнашган.

– Бир ойдан сўнг таъмирлаш ишларини битказамиз, – дейди у. – “Соҳиби Ҳидоя” янада чирой очишига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Бухородаги Минораи Калонда ишлатилган бўёқлардан фойдаланяпмиз. Иссиқ-совуқда ҳам, намгарчиликда ҳам ўз хусусиятини йўқотмайди.

“Хўжа Илғор” ва “Мулла Исматуллоҳ қори” зиёратгоҳлари

«Хўжа Илғор” зиёратгоҳини ўзига хос меъморчилик ансамбли дейиш мумкин. Тадқиқотчиларнинг фикрича, XIX асрда шу ерлик таниқли шахс – Хўжа Илғор шарафига қурилган. Мажмуада масжид, мақбара, чиллахона, ғор сақланиб қолган. Масжидда сўнгги марта 2000 йилда таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Унинг пештоқлари, устун ва том қисмларидаги Фарғона услубига хос нақшлар кишини ўзига жалб қилади. Маскан давлат муҳофазасига олинган.

“Хўжа Илғор” ва унга ёндош “Мулла Исматуллоҳ қори” мақбараси, чуқурлиги 3-4 метрлик ғор, қачонлардир талабалар учун бошпана вазифасини ўтаган ҳужралар ва чиллахона сайёҳлар эътиборини қозонган. Юз йиллик тут дарахти эса ҳудудга салқин ҳаво, табиий орасталик бахш этиб туради.

– Отам раҳматли Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. 1964 йил эди, вафот этишидан бир йил олдин мени етаклаб, шу ердаги ғорга олиб келди. Ғор ичига тушиб, тиловат қилди. “Бу хосиятли жой, қўлингдан келса, обод қилгин”, деди. У замонларда диний уламолар таъқиб остида бўлган, – дея ҳикоя қилади Исматуллоҳ қорининг ўғли Мирзоаҳмад Исматов. – Юртимиз истиқлолга эришгач, отамнинг васиятини адо этиш имкони туғилди. 2014 йили самарқандлик моҳир усталарни жалб қилдик ва шу йили декабрда мақбаранинг очилиш маросими ўтказилди.

Бугун шу ҳудуддаги Зарариқ маҳалласи одамлари меҳнатдан қадр топган, деҳқончилик ва ҳунар ортидан том маънода “олтин”га эга чиқишган. Оилаларда бирор яхши воқеа рўй бериши билан шу зиёратгоҳга келиб, хайр-эҳсон қиладилар, азиз-авлиёлар руҳига Қуръон тиловат қилишга одатланишган.

Муаммолар, ечимлар…

Баъзи муаммолар ҳануз ҳал этилмаяпти, – дейди “Мулла Исматуллоҳ қори” зиёратгоҳи мутасаддиси Ҳомиджон Жалолов. – Масжид-ку ёнма-ён, лекин чет эллик зиёратчилар бемалол келиб-кетиш-

лари учун кенг йўл, ювиниш ва покланиш жойлари, сайёҳлар талабига монанд ошхона жуда зарур.

Бу ҳақда масъуллардан сўраб-суриштирдик. Маълум бўлишича, Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, “Хўжа Илғор” ва “Мулла Исматуллоҳ қори” зиё-

ратгоҳида реставрация ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, масъул вазирлик ва идоралар томонидан мазкур зиёратгоҳ тўлиқ ўрганилиб чиқилган.

Айтиш керакки, бу ҳудудда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилиниши зарур ишлар бисёр. Мисол учун, йўл инфратузилмаси, турли кўринишдаги маълумотлар базаси, дам олиш, овқатланиш ва ювиниш хоналари, тарихий жараённи гавдалантирувчи қадимий суратлар мажмуаси ташкил қилиш каби вазифалар ўз ечимини кутмоқда.

Шу ўринда туманда яна кўплаб қадамжо ва зиёратгоҳлар мавжудлигини эсга олиш керак: таниқли шоир, таржимон ва хаттот Муҳаййир мақбараси (Оқер қишлоғида), “Хўжа Абдуллаи Ансорий” (Тўда қишлоғида), “Сўфи Содиқ” (Алишер Навоий маҳалласида), “Тутмозор” (Пандигон қишлоғида), шунингдек, “Оқмозор”, “Мурод бува” сингари объектлар тадқиқотчилар ва олимлар томонидан ўрганилиши, ободонлаштирилиши зарур.

Туризм ва зиёрат одоби

Хар бир мамлакат иқтисодиёти ривожида туризмнинг ўрни беқиёс.

– Вилоятимизда ички ва ташқи туризм кун сайин ривожланиб бормоқда. Туроператорлар томонидан ташкил этиладиган сайёҳлик маршрутларининг ҳеч бири Риштонсиз ўтмайди, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси матбуот котиби Баҳодиржон Ҳошимов. – Кейинги пайтда зиёрат туризми ҳам оммалашмоқда. Вилоятимиз, хусусан, Риштондаги муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга қизиқиш катта. Шу боис, бу объектлар ҳақидаги тарқатма материаллар, кўрсатув ва видеороликлар тайёрлаб, интернет сайтлари ҳамда телеканалларда намойиш этиб бориляпти. Шунингдек, “Риштон бренди” сифатида турли сувенир ва эсдалик маҳсулотлари тўпламини яратиш ҳаракатидамиз. Индонезия, Франция, Исроил телевидениелари ходимлари Риштон кулолчилиги ва зиёрат объектлари ҳақида кўрсатув тайёрлаш мақсадида туманга келиб, материал йиғиб кетишди.

Сўнгги вақтда юртимизда ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани, вилоятлараро темир йўл ва авиақатновларнинг йўлга қўйилаётгани эътиборга молик. Лекин…

– Баъзан зиёратчиларнинг тарихий обидалар, меъморий ёдгорликлардаги хатти-ҳаракатларидан хафа бўлиб кетасан, – дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳусанов. – Ташриф буюрувчиларнинг бу масканларда фақат суратга тушиш учун келиши эмас, ҳар бир объектнинг тарихий аҳамияти, улуғ шахслар фаолиятидан ўрнак олиши, батафсил ўрганиши кўпроқ аҳамиятли, аслида. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, меъморий обидалар, осори атиқалар, мақбараларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ҳудудни ифлослантирмаслик бош мезон бўлиши керак. Чунки ҳар бир тарихий объектнинг келгуси авлодлар учун қиммати кун сайин ортиб боради.

Шу ўринда “Хизр бува” ёки “Барака мозор” номи билан машҳур маскан ҳақида икки оғиз: “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфига ўтказилган мазкур зиёратгоҳда ўзига хос ечим топилган. Талаб ва истаклар ўрганилгач, бу ерда кулолчилик маҳсулотлари ярмаркаси, савдо дўконлари мажмуаси ташкил этилган. Натижада кўплаб иш ўринлари, ҳунармандлар ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратилди.

Зиёратгоҳлар, қадамжолар, тарихий-меъморий обидалар халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади, шунингдек, бу жойларда туризмни ривожлантириш учун имкониятлар мавжуд.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.

"Фарғона ҳақиқати" газетасидан олинди.



<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 131 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Matnda xatolik ko'rdingizmi?

Sichqoncha bilan belgilab