Аввал хабар бериб ўтганимиздек, жорий йил 1 май куни Фарғона вилоятининг Риштон туманида Кулолчилик ихтисослашган марказининг қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С. Умурзақов, Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, Риштон кулолчилик мактабининг таниқли ҳунармандлари, Риштон тумани маъмурияти, маҳаллий оқсоқоллар ва аҳоли иштирок этган ушбу Марказ – Риштон усталарининг анъаналарини янада ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беради. Бу ерда ижодий устахоналар, кўргазма галереялари, меҳмонхоналар, овқатланиш жойлари ва бошқа зарур инфратузилмалар қурилади.
Шунингдек, ушбу мажмуа Риштон ҳунармандларининг муваффақиятли тажрибасини мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқатишга йўналтирилган алоҳида инвестиция дастурини амалга оширишда муҳим мувофиқлаштирувчи бўғин бўлади.
Дастурнинг моҳияти республиканинг турли ҳудудларида кулолчиликни ривожлантириш бўйича 59 та лойиҳаларни амалга оширишдан иборат бўлиб, улар турли ҳудудларнинг 75-80 мингта аҳолисини иш билан таъминлашга ҳамда экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга имкон беради, чунки Риштон ҳунармандларининг дунёда тенги йўқ кулолчилик маҳсулотларининг ярмидан кўпи ташқи бозорларда сотилади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Фейсбукдаги расмий саҳифасидан олинди