ОДОБ ВА ГЎЗАЛ ХУЛҚНИНГ АҲАМИЯТИ

 2019-12-19 15:42:53    1016

PDF юклаш
Чоп этиш



Оилада фарзандларни тўғри тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда ота-онанинг ўзаро самимийлиги, уларнинг фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлиши, келажакдаги орзу-мақсадларини тушуниб, соғ-саломат вояга етишлари учун асос бўлади.Инсон тарбия жараёнида яхши хулқ-атворга, одатларга ва ақл-фаросат омилларига эга бўлса, ҳаёт сабоқларини шунчалик яхши англайди ва яхши ишларни амалга оширади. Ва аксинча, қанчалик тарбияси кам, ҳаётий кўникмалари оз бўлса, бундай шахс баъзан билиб ёки билмай ёмон ишларга қўл уради.Ҳеч қачон болаларни тарбиялашда йўл қўйилган хато-камчиликлардан кўз юммаслигимиз керак. Ҳозирги турмушимизда баъзи бир одобсиз, билимсиз, ақлсиз, гиёҳванд, ота-онасига қўл кўтарадиган ва ўз болаларининг бахтсиз яшашига сабабчи бўлаётган кишилар учрайди. Бундайларнинг пайдо бўлишига асосий сабабчи ота-оналари-ку? Боласининг инсоний хатти-ҳаракатларига уларнинг тарбияга лоқайдликлари сабаб бўлган.Яхши тарбия, баъзилар ўйлаганидек бир соатлик ёки бир кунлик иш эмас. Мақсадли тарбия тарбиячидан чидам, матонат, катта билим ва тажриба талаб қилади. Демак, ҳар бир ота-она ва ўқитувчи тарбияга оид билим ва малакага эга бўлиши шарт.Тарбиянинг асосий мақсади ёшларни бахтли-саодатли, ўз замонининг азиз, ҳурматли ва фидоий кишиси қилиб тарбиялашдан иборат. Мураккаблиги шундаки, у ҳеч қачон тугамайди, яъни киши туғилганидан то ўлгунига қадар зарур бўлади. Бундан ташқари, бир тарбия кўрган авлод ўрнига келган фарзандларни яна қайта бошдан тарбия қилиш зарур бўлади. Бу эса тарбиянинг тинимсиз даврийлигини ва абадийлигини кўрсатади.Ислом таълимотига кўра, фарзанд ота-она зиммасидаги омонат бўлиб, улар бу омонат ҳақида масъулдирлар. Фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик улкан хато, омонатга хиёнат ва киши динининг нуқсонидир. Ота-она фарзандининг биринчи мураббийидирлар.Абу Ҳомид Ғаззолий фарзанд тарбияси ҳақида шундай фикрларни билдиради: “Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота ва онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади” дейди. Тарбиянинг икки асоси бор: фазилатни қўриқлайдиган гўзал аҳлоқ ва ярамас йўлдан, ёмон аҳволга тушишдан сақлайдиган ҳушёрлик. Ота фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Фарзанд тарбияси қанчалик эрта бошланса, тарбия натижаси шунчалик самарали бўлади. Аммо бунинг учун кўп меҳнат сарф қилишга тўғри келади. Мана шундай машаққатли мехнатдан қочмайлик.

Абдуқаҳҳор АБДУОЛИМОВ,
Риштон туманидаги 
Мағфират масжиди имом хатиби. 
"Меҳр ёғдуси" газетасидан олинди


<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 125 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб