Болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатларга ота-онанинг маъсуллиги
2025-01-31 11:54:51 48
Оилада болаларни тарбиялаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришда ота-онанинг маъсулияти жудда катта хисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига кўра, фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.
Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади деб белгилаб қўйилган.
Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Боланинг ота-онаси бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ҳамда бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада яшаш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади. Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота ва онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғи ҳамда эҳтиёжларига мос келадиган дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуққа эга. Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўз қобилиятлари ҳамда имкониятларига мувофиқ боланинг ҳар томонлама камол топиши ва фаровонлиги учун зарур турмуш шароити билан таъминлайди.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 2-моддасига кўра, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Ушбу Кодекснинг 103-моддасига асосан, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.
Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки юқоридагиларга асосан, ота-она фарзанд олдида болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишда тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқа сабабларга кўра болага қилинган сарф харажат эр-хотин ўртасида уларнинг бирга ёки алоҳида яшаши ҳамда никоҳдан ажрашганлиги ёки ажрашмаганлигидан қатъий назар тенг тақсимланиши лозим.
Ё. Тўйчиев,
Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди судьяси.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси