Никоҳдан суд тартибида ажратиш
2025-01-30 15:57:27 50
Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Униб ўсаётган фарзандлар ҳар томонлама баркамол бўлишига имкон яратилади. Ҳар бир инсон учун энг катта бахт оилавий хотиржамлик ва фаровонликдир. Оиласидан, фарзандларидан кўнгли тўқ инсоннинг ишида унум ва барака бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.
Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.
Шундай бўлса-да, бугунги кунга келиб ажрим ёқасига келиб қолган, ажрашаётган оилалар жамиятимизда учраб туради.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятида оилавий низоларни кўплаб учратиш мумкин, шу низолардан бири никоҳдан ажратиш бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 38-моддасига асосан, никоҳдан ажратиш суд тартибида, ушбу Кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.
Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.
Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Агар эр-хотиндан бири:
суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.
Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.
Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Юқоридагиларга асосан, агарда эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, бундай ҳолда никоҳдан ажратиш суд тартибида ҳал этилади.
У.Мирзаев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Риштон туманлараро суди судьяси.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси