Алимент бўйича қўйилган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилиш тартиблари

 2024-09-23 10:19:01    35

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугунги кунда кундалик ҳаётимизда қарздорлик сабабли Ўзбекистон Республикасидан чиқиши вақтинча чекланганлиги учун норози бўлиб юрган фуқароларни учратишимиз мумкин. Бу борадаги чеклов алимент муносабатларидан келдиб чиқадиган қарздорликка нисбатан ҳам татбиқ қилинади .

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 32-моддасига мувофиқ ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Шу билан бирга Конституциямизнинг 77-моддасига кўра ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила Оила қонунчилигига асосан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбу­рия­тини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан ундирилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” қонунига асосан, хорижга чиқиш учун чеклов қўйиш – суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарор асосида амалга оширилади.

Ижтимоий тармоқларда айрим фуқаролар томонидан алимент қарздорлиги сабабли, хорижга чиқа олмаётганлиги ҳақида мурожаатлар тез-тез учраб турамиз. Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш, эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида ажралиш ҳолатлари йилдан-йилга ўсиб, алимент ундиришга доир ижро ҳужжатлари сонини ортиб кетишига олиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида ижро ҳужжатларини ижро қилиш имкониятининг қийинлашиши ва мураккаблашишига олиб келади. Чеклов қўйишдан энг асосий сабаблардан бири ҳам шу яъни ижро ҳужжатларини ўз вақтида ижро этилмасдан қолиб кетишини олдини олиш. Амалдаги қонунчилигимизга кўра чекловни ечиш учун етарлича имкониятлар яратилган.

Жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 808-сонли Қарорига асосан тасдиқланган низомда  алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб берилган. Ушбу низомга кўра чекловни ечишни икки хил усули мавжуд , биринчи усул вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, ҳамда иккинчи усул вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш.

Биринчи усул яъни вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш орқали. Бунда қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин. Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади. Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади. Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бироқ алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.

Иккинчи усул алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш. Бу усулда ҳам юқорида келтириб ўтилган ҳолатга ўхшаб қарздор тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Фақатгина бу ҳолатда тузилган гаров шартномаси, шунингдек, Бюро томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши шарт. Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади.

Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Бугунги кунда амалдаги базавий ҳисоблаш миқдори бўйича ҳисобланганда гаров қиймати 85.000.000 (340.000*250) сўмни ташкил этади.

Хулоса қилиб айтганда мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш жуда муҳим ҳисобланади. Вояга етмаганларга ўз вақтида таълим тарбия бериш шахснинг тўғри ўсиб-улғайишини таъминлайди, бунинг учун моддий ёрдам энг асосий воситадир. Амалга оширилаётган бу каби чекловлар ўз навбатида суд ҳужжатларини ижросини таъминлаш ҳамда мана шу вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти учун тўланаётган алиментларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш учун жорий қилинган. Шу билан бирга қарздор шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилган холда уларга юқоридаги каби чекловларни қонуний ечиш бўйича имкониятлар берилмоқда.

 

Ё.Тўйчиев,

Фуқаролик ишлари бўйича Риштон

туманлараро судининг судьяси              



<< SENTYABR 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30      

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 17 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Матнда хотолик бўлса

Сичқонча билан белгилаб