Такрорий экин қўшимча даромад манбаидир
2024-06-25 13:16:02 124
Риштон туманида суғориладиган майдонларга экилаётган қишлоқ хўжалик экинлари асосини ғўза ва бошоқли дон экинлари ташкил этади. Жорий йилда 7 минг гектардан ортиқ майдонда буғдой етиштирилди. Кузги буғдой ҳосили йиғиштириб олингач, ўрнига такрорий экин экиб, даромад қилиш имкони пайдо бўлади. Ғалладан бўшаган майдонларга аҳолининг кундалик озиқ-овқат талабларини қондирадиган дуккакли дон, дон, сабзавот экинларини такрорий экин сифатида етиштириш келгусида туманимизда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга, одамларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондиришга замин яратади.
Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқалари ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ўрганиш, бу борадаги илғор тажрибаларни тарғиб қилиш мақсадида Риштон туманида семинар ташкил этилди.
Ушбу семинарда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вилоят бошқармаси, туман ҳокими, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар иштирок этишди.
Тумандаги фермер хўжаликларининг ғалласи ўриб олинган ер майдонлари бўш қолдирилмайди. Ишсиз фуқаролар, деҳқончилик қилиш ниятида бўлган ёш оилалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда чорва моллари учун озуқа етиштириб олишади.
Бугун ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш бўйича намунавий дастур - йўл харитаси асосида ҳар бир фермер хўжалигида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ерларни ҳайдаш, экин экиш ҳамда суғориш борасида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонимизда ишсиз фуқаролар, ёш оилалар такрорий экин экиш, деҳқончилик маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим орқали қўллаб-қувватланиб, бандлиги таъминланади ва турмуш фаровонлиги оширилади. Пировардида улар томонидан етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари халқимиз дастурхони тўкислигига хизмат қилади.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси