Риштон туманида Наврўзи олам тантана қилинди
2024-03-18 14:37:13 144
✍️Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли айёмимиз – Наврўз туфайли табиат чирой очмоқда.
Бугун Риштон тумани Марказий ўйингоҳида "Олам нурга тўлсин сен билан Наврўз!" шиори остида асосий байрам тадбири юқори савияда ташкил этилди.
Байрам тадбири ўтказилган Истироҳат боғида миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни ўзида мужассам этган Наврўз айёми муносабати билан оммавий байрам сайли ташкил этилди. Намойиш этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий либослар, шунингдек, миллий ва баҳорий таомлар кўргазмалари юртимиздаги тўкинлик, файзу бараканинг нишонаси бўлди.
Тадбирни туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов табрик сўзи билан очди. Барчани халқимизнинг қадим ва навқирон байрами – Наврўзи олам билан муборакбод этди. Наврўз байрами арафасида ҳудудларда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр ва эътибор кўрсатилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку-зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, ҳосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Байрам тадбири давомида Баҳодир Мамажонов, Валижон Қодиров сингари санъаткорларнинг ташрифи ва ижро этган қўшиқлари тадбир иштирокчиларига чинакам байрам кайфиятини улашди.
Бундан ташқари туман Маданият бўлими ижодкор ва санъаткорлари томонидан тайёрланган адабий-мусиқий дастур йиғилганларга ҳавола этилди.
Буларнинг барчаси бу йилги Наврўз байрамининг янада файзли ва шукуҳли ўтишини таъминлади. Байрам тантаналари маҳаллаларда, ташкилот ва меҳнат жамоаларида давом этади.
Риштон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси