Риштонда йирик писта плантациялари барпо этилмоқда
2023-08-17 10:46:19 262
Туман ҳокими тадбиркор Қодиржон Қосимов томонидан барпо этилаётган Эрон хандон пистаси плантацияси билан танишди.
“Навбаҳор” МФЙ ҳудудида сувсиз, тошлоқ ҳудудда жойлашган мазкур плантацияда бугунги кунда 150 гектар ҳудудда писта кўчатлари ўтқазиш ишлари амалга оширилди. Келгуси йилда барпо этилаётган пистазор ҳудуди 200 гектардан ошиши кўзда тутилмоқда.
Тадбиркор билан мулоқот давомида хандон пистани замонавий етиштириш технологиялари ҳамда пистазорлар барпо этиш учун лозим бўлган ер ва иқлим шароитлари, кўчат етиштиришнинг янги усуллари муҳокама қилинди.
Маълумки, бизда мавжуд технологиялар асосида экилган писта 11-12 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахтдан 200-300 грамм ҳосил олиш мумкин. Янги плантацияларни такомиллашган технология асосида барпо этиш кўзда тутилган. Яъни, кўчатхонада ўстирилган ниҳолга иккинчи йил навдор писталардан олинган куртак пайванд қилинади. Учинчи йилдан уни очиқ майдонда экиш мумкин. Ушбу технологияда экилган писта 7-8 йилда ҳосилга киради. Ҳосилдорлик эса бир тупда 40-50 килограмгача етиши мумкин.
Тумандаги Пандигон МФЙда Қодиржон Қосимов писта кўчати етиштириш билан ҳам шуғулланиб келади. Бугунги кунда пистачилик илмий маркази, лаборатория, иссиқхона, кўчат етиштиришни ўзида жамлаган “Агромактаб” ҳам ташкил этишга киришган.
Ҳозирда Риштоннинг кўплаб тадбиркорлари камҳосилли, унумсиз боғларни бузиб, ўрнига пистазор ташкил этишни бошладилар. Қодиржон Қосимов уларни ҳам кўчат билан таъминлаб, пистачиликнинг сир-асрорларини ўргатмоқда. Туман ҳокими ушбу ҳудуддаги “Golden walley 5” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилаётган пистачиликни ривожлантириш лойиҳаси билан танишди.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси