ДАЛА ИШЛАРИ КУНДАЛИГИ: БАҲОРНИНГ БИР КУНИ ЙИЛГА ТАТИЙДИ
2023-04-26 11:54:29 390
Деҳқон учун осон келган йилнинг ўзи йўқ. Бу йилги баҳорнинг дастлабки кунлари ҳам улар учун синов бўлди, тинимсиз ёғингарчилик ташвишга қўйди. Лекин ҳақиқий деҳқон бундан эсанкираб қолмайди. Омилкорлик билан иш тутади.
Бу фикрларни М.Топиболдиев МТПга қарашли “Зоҳидон истиқболи” фермер хўжалиги раҳбари Абдуллажон Маматовга нисбатан қўллашни лозим топдик. Сабаби 6 гектарлик ерга уруғлик чигит қадаб бўлингач меъёридан ортиқ ёмғир ёғди. Бу эса қатқалоқ ҳосил қилиб, чигитнинг ердан униб чиқишини қийинлаштиради ва ҳатто нобуд қилади. Фермер хўжалиги аъзолари бундан эсанкираб қолишмади. Зудлик билан қатқалоқни бартараф қилиш чоралари кўрилди. Айрим ҳудудлардаги қатқалоқни керак бўлса паншахалар билан бўлса ҳам юмшатиб, чигитни униб чиқишига йўл очишди.
Мана бугун ўша қатқалоқдан асраб қолинган ердаги ғўзалар бўй кўрсатиб, яшил қаторлар ҳосил қилган. Бугун-эрта ер культивацияга тайёрланяпти.
Фермер хўжалиги аъзолари бу йил 38 гектар ерга вильтга чидамли, ҳосилдор, синовдан ўтган “Наманган-77” навли чигит қадашди. Ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни 42 центнерданга етказиш ёки 160 тоннадан ортиқ пахта териб олиш жамоа аъзоларининг орзуси. Фермер хўжалигининг Тожибой Жўраев, Акмал Мадаминов каби аъзолари Абдуллажоннинг кўмакдоши. Барча иш ўзаро келишилган ҳолда, бамаслаҳат амалга ошириб келинаётгани туфайли ҳам фермер хўжалиги режани ҳар йили туманда илғорлар сафида бажариб келади.
- МТПга қарашли 38 та фермер хўжалигининг 821 гектар ерига бу йил “Наманган-77” навли чигит экилди. - деди “Ruso,zbekteks” хорижий қўшма корхонаси қошидаги “Клас-тер” МЧЖнинг М.Топиболдиев МТП ҳудудига бириктирилган агрономи Шавкатжон Ҳакимов. - Шундан 300 гектари уруғлик. Айни кунларда барча фермер хўжаликларида ғўза парвариши билан боғлиқ баҳорги дала ишлари кўнгилдагидек амалга оширилмоқда.
Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,
“Rishton haqiqati” газетаси мухбири.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси