МАҲАЛЛАДА КУТУБХОНА ОЧИЛДИ
2023-04-13 17:45:57 363
Кейинги йилларда юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.Ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Айни пайтда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида Президентимиз белгилаб берган бешта ташаббусни ҳаётда татбиқ этиш мақсадида самарали ишлар амалга оширилаётир. Бу борада Риштон туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугун Абдуллабаён маҳалласи биносида жойлашган янги кутубхонанинг очилиш маросими ўтказилди. Кутубхонани ташкил этишдан асосий мақсад – ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни турли салбий иллатлардан асраб, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, китобга бўлган муҳаббатини уйғотишдан иборат. Дарҳақиқат, китоб илм манбаи, нуру зиё сарчашмасидир. Китоб одамни дуньёқарашини ўзгатирибгина қолмасдан, балки уни янгича қараш, фикрлаш ва ишлашга, самарали фаолият юритишга чорлайди. Айтиш жоизки, Абдуллабаён маҳалласида ўтган давр давомида катта ободончилик ишлари амалга оширилди. Қилинган ва қилинаётган барча ишларда маҳалла раиси Илҳомжон Мирзажоновнинг ҳиссаси катта. Маҳаллада ҳар бир фуқаро ватан тақдирига дахлдорлигини ҳис қилган ҳолда умргузаронлик қилади. Ёш раис маҳалла аҳлини ўз атрофида жипслаштириб, уларни Ватан ободончилиги йўлидаги эзгу иш ва амалларга чорламоқда. Маҳалла аҳли ҳам раиснинг ташаббускорлигидан беҳад мамнун. Дарҳақиқат, ташаббускорлик бўлган жойда ривож ва тараққиёт бўлади. Ташкил этилган янги кутубхона ҳам ёш раиснинг ташаббускорлигидан далолат.Янги кутубхонанинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда туман Нуронийлар кенгаши раиси Т. Абдураҳмонов ва мутассадилар иштирок этишиб, китоб энг яхши дўст, энг кучли тарбиячи, фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи эканлигини таъкидлашди. Китобхонликка катта аҳамият берилаётган жонажон Ўзбекистонимизда китобсеварлар, китобхонлар сафи яна кенгаяди ва ташкил этилаётган ҳар бир кутубхона ҳаммамизни юксак маънавият сари чорлайверади.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси