Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз ва мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир
2023-03-23 14:44:38 545
Маълумки, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар бўляпти. Манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди, иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб боряпти, маданий ҳаётимизда, спорт соҳасида ёшларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ошиб боряпти, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар қилиняпти. Халқимизни қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати олиб бориляпти. Албатта бундай очиқ фуқаролик жамиятида Конституция ва қонунларимиз ҳам замондан орқада қолиб кетмаслиги керак!
Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган халқпарвар давлатни барпо этиш йўлидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш учун, авваламбор янги конституциявий макон кераклигини барчамиз тушуниб турибмиз. Бош Қомусимиз бугунги реал воқеликка мос бўлсагина, у шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қила олади.
Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб бориляпти.
Лойиҳада мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда.
Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.
Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.
Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.
Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги, Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги ҳамда ушбу қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Бугунги кунда тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституциямиз қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда. Натижада Конституциямиз ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янгиланмоқда.
Барчамизга маълумки, агар амалдаги қонун ҳужжати матнини сезиларли ўзгартириш талаб этилса, уни янги таҳрирда баён этиш зарур. Шу боисдан ҳамда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти ва кўламидан келиб чиқиб, кўриб чиқилаётган лойиҳада Конституцияни янги таҳрирда баён этиш учун барча асослар етарли. Шунинг учун ҳам лойиҳанинг номини Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида эмас, балки “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни деб аташ таклиф этилмоқда.
Дилшодбек Абдурасулов
Риштон туманлараро
иқтисодий суди архив мудири
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси